КЎНГИЛГА ЭКИЛГАН ҲАВАС
Фарзандларимиз юрагида болалигиданоқ ҳасад эмас, фақатгина ҳавас ниҳолларини ундирайлик!
Нилуфар ЖАББОРОВА
КЎНГИЛГА ЭКИЛГАН ҲАВАС
Ҳикоя
Гулноза табиатан шўх, шаддод қиз бўлишига қарамай, ҳамма фанлардан аъло баҳога ўқийди. Ногоҳ бирор фандан тўрт баҳо олиб қолса борми?! Қовоғини уйиб, арзимаган гапга ҳам йиғлаб, уйдагиларнинг кўнглини хира қилиб ўтиради.
Тождор вирус сабаб мактабларда янги ўқув йили ўз вақтида бошланмади. Бошланганида кўпчилик ўқувчилар мактабда ўқишни хоҳлашди, айрим болалар эса ота-онасининг тавсияси билан уйда – онлайн таълим олишни маъқул деб топишди.
Гулноза ҳам ота-онасининг: “Бобонг билан бувингнинг ёши улуғ. Шунинг учун уларни эҳтиёт қилишимиз керак. Айрим болалар вирус билан оғримаса-да, бошқаларга ташувчи бўлиб юришади. Бу дардни енгиш кексаларимиз учун мушкул”, – дейишгач онлайн таълим олишга рози бўлди. Бир томондан мактабга бора олмаётгани жаҳлини чиқарса, иккинчи томондан дугоналари ҳар куни дарс давомида бўлган қизиқарли воқеаларни айтиб унинг ҳам ҳавасини келтириб, ҳам аччиғини чиқаришарди. Дам-бадам соатга қараб: “Қачон дарс тугар экан?!” – деб бетоқат бўларди. Тушлик вақти бўлиши билан синфдошларига телефон қилиб, янгиликларни эшитишга ошиқарди.
Орадан бир неча кун ўтиб синфдоши Зиёда Гулнозага синфга янги қиз келганини айтди. Телефон гўшагини қўйган Гулнозанинг қовоғи уюлиб, ҳеч ким билан гаплашгиси келмай қолди. Шу ондан бошлаб унинг тинчи бузилди.
Набирасидаги ўзгаришларни зимдан кузатаёган Фароғат буви нима гаплигини сўради. Аввалига сир бой беришни истамаган Гулноза ахийри ёрилди:
– Бувижон, синфимизга янги қиз келибди. Синфдошларим фақат уни мақташяпти. Аъло баҳоларга ўқирмиш. Яна, яна... у жудаям чиройли экан.
– Хўш, бунинг сенга нимаси ёқмаяпти?! Синфингда яна бир аълочи ўқувчининг кўпайгани яхши эмасми?! – ҳайрон бўлди Фароғат буви.
– Бунинг нимаси яхши буви?! Ахир, мен синфбоши бўлсам. Синфимда мендан чиройли қиз бўлишини, устига устак яхши ўқиб, мендан ўзиб кетишини истамайман. Ҳойнаҳой, у менинг ўрнимга синфбоши бўлишга ҳам ҳаракат қилаётгандир...
Набирасининг бу гапларидан Фароғат бувининг диққати ошди:
– Шуни билгинки, бу ҳаётда ҳар кимнинг ўз ўрни, ўз вазифаси бор. Бундай ёмон хаёлга боришинг жуда нотўғри. Набирам кўп китоб ўқийди деб суюниб юрардим. Афсуски, кўп китоб ўқиса-ю, лекин уқмаса қийин экан-да...
Гулноза бувисидан бошқача таскин кутганди: “Бувимгаям ҳайронман. Ҳозир шу насиҳатлар менга ёқардими?! Ўзи шуларни деб мактабга боролмай, уйда зерикиб ўтирибман. Ундан кўра “Сен ҳаммадан зўрсан”, десалар, бироз хотиржам бўлармидим. Ҳали мактабга чиқсам, ҳаммага кимлигимни кўрсатиб қўяман”, деган хаёлда дугонасига қўнғироқ қилди:
– Зиёда, неча марта айтишим керак сенга. Менга ҳалиям янги келган қизнинг суратини юбормадинг. Ҳадеб мақтайвергунча расмини юбор. Башарасини ўзим бир кўрай...
Ҳар куни такрорланаверган йиғи-сиғи натижасини кўрсатди. Уйдагилар ноилож Гулнозанинг мактабга чиқишига рухсат беришди. У мактабга бориш учун обдан тайёрланди. Яна-да чиройлироқ бўлишга ҳаракат қилди...
Бир ҳафтадан сўнг Гулноза бутунлай ўзгариб қолди. Камгап, хаёлчан...
Охирги пайтларда ҳеч ким билан очилиб гаплашмаётган Гулноза чойнак кўтариб бувисининг ёнига борди.
– Мактабингда нима гаплар? – деб сўради Фароғат буви набирасини қучоқлаб.
– Янги қизни кўрдим буви. Кийинишлари содда, аммо жуда билимли, ақлли. Ортиқча гапирмайди, жим ўтиради. Лекин синфдошларим уни бошқача ҳурмат қилишяпти. Афтидан синфбоши бўлишга ҳаракат қилаётгани ҳам йўқ.
– Демак у жудаям камтар қиз экан-да, – деди Фароғат буви. – Камтарлик ўз соҳиб-у соҳибаларини доимо улуғлаб келган. Афсуски, буни кўпчилик ёшлар тушунмайди. Сиз каби ўсмирларда кўпроқ худбинлик – ўзини ўйлаш, ҳаммадан устун бўлиш, эътиборталаблик кучаяди. Қаерда бўлса ҳам ўзини устун қўяди. “Нега менга эмас, унга, нега унда бор-у менда йўқ?!” деган янглиш саволлар хаёлини эгаллаб олади. Бу фикрларнинг тагида эса ҳасад, кўролмаслик туради. Қачонки, ҳар бир одам ўз “мен”ини тарбия қилса, кўнглида ҳасад ўрнига ҳавас уруғларини эксагина, хотиржам, сокин бўлади.
Гулноза бувисининг гапларини эшитар экан, аччиқ ҳақиқатлар кимга “қаратиб” айтилаётганини англади. Кўнглини кемираётган туйғу ҳасад эканлигини тан олиш жуда оғирлигини тушунди. Ҳавас ҳақида ўйлади, кўнглини қандайдир илиқлик эгаллагандек бўлди.
– Буви, янги келган қиз нимагадир жуда ғамгин. Лекин шу маъюслик ҳам унга ярашиб турибди. Нега шундай?
– Янги мактаб, янги ўртоқларга бирдан мослашиб кетиш осон эмас. Сен унга қўлингдан келганча ёрдам бер. Балки, у ўзини ёлғиз ҳис қилаётгандир...
Ростдан ҳам, Гулноза бу ҳақида умуман ўйлаб кўрмабди. Ахир, ўзи ҳам янги синфдошлари билан бир-бирларини тушунгунларича қанча қийналган эди. У ҳовлига чиқар экан хаёлидан: “Ҳасад эгаллаган кўнгил қоронғу, беҳаловат, ҳавас экилган кўнгил эса нурафшон, хотиржам ва сокин, меҳрли бўлар экан. Бундан кейин кўнглимда доимо ҳавас гулларини ундираман”, деган ёруғ ўйлар ўтди.
Манба: “Гулхан” журнали 11-сон 2020 йил.
Мусаввир: Сарвар ФАРМОНОВ.