Илм улуғ, илм ўргатувчи мўътабар


Ўзбекистон халқ артисти - Эркин КОМИЛОВ:
Илм улуғ, илм ўргатувчи мўътабар

  Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги Куфа қишлоғида туғилганман. Бу юртимизнинг энг чекка қишлоқларидан бири ҳисобланади. Мактаб ёшимиз 1950 йилларга тўғри келди. У пайтларда ростмана мактаб қаёқда дейсиз, шароити бор кишининг уйидаги бўш хоналардан синфхона сифатида фойдаланардик. Синглим иккаламиз битта сиёҳдон билан битта ручкани ўртада ишлатганимиз боис, ҳар куни уни мактабдан қайтишини интиқлик билан кутиб ўтирардим.
   Ёз пайтлари ўқишимиз унча мушкуллик туғдирмаса-да, биз болаларга қишда жуда қийин эди. Совқотиб қолмаслик учун мактабга қалин пахтали шим, ҳамма ёғи ямоқдан иборат эски пальтолар кийиб, баъзан шунда ҳам совуқдан оёқ-қўлларимиз увишиб қоларди. Ҳар замонда бир кўмир солиб ёқиладиган печка шу даражада тутаб кетардики, ҳаммамизнинг кўзимиз ачишиб, йўтал тутар эди. Аммо бундай кўнгилсизликлар мурғак қалбимизни ҳеч қачон ўқиш, илм олишдан совутган эмас. Аксинча, қўлбола мактабимизда шундай қийинчиликар билан кўз олдимизда очилаётган янги дунё – маърифат дунёси бизни тобора ўзига чорларди. У вақтларда ўзимизга ёққан исталган китобни очиб ўқиш мумкин эмасди. Эски илм ва кўпгина янги ўзбек зиёлиларининг ёзган китобларини ўқиш тақиқланган бўлиб, уларни ўқиганлар ҳам оғир жазога тортиларди.
   Кечагидек эсимда. Ҳам эски, ҳам янги илмдан бирдай хабардор бўлган отам Комил қори узун қиш кечаларида уйимизга қишлоғимиз оқсоқолларини тўплаб қалин китоблар ўқиб берар, ўқиб бўлгач уй ичига тўшалган кигиз ва гиламни қайириб, китобни похол тагига бекитиб қўярди. Бола эканман, ўша пайтлари агар китоб похол тагига кўмилмаса гўштга ўхшаб ҳидланиб қоларкан-да, деб ўйлабман. Кейин билсам, улар қатағон қилинган зиёлиларимиз – Абдулла Авлоний, Фитрат, Чўлпоннинг китоблари, қуръон ва ҳадис китоблари экан. Отамнинг: «Агар кўча-кўйда биров уйларингда китоб сақлайсизларми, отанг китоб ўқиб турадими, деб сўрашса, сен “йўқ” дегин» деб қаттиқ уқтиришлари сабабини ҳам кейинчалик тушунганман. Ўша машъум даврнинг ҳамма кирдикорлари Шукрулло домланинг «Кафансиз кўмилганлар» асарида батафсил ёритилган.
   Шундай таҳликали замонда, илм-маърифатга интилиш шунчалар хавфли саналган бир даврда менга «Алифбе»ни танитган биринчи устозим, ҳали-ҳанузгача ўзим учун оламдаги энг билимли, мартабаси ниҳоятда улуғ деб ҳисоблайдиган зот – Роҳиддин ака Тиллаев эдилар. Ҳозирги болалар учун балки бу кулгилидир, лекин биз у вақтларда ўқитувчи зотининг одамга ўхшаб овқат ейишига, ҳамма одамлар каби чой ичишига ишона олмас эдик. Ўқитувчи аталмиш мўътабар зот шу қадар илоҳий, шу қадар сирли туюлар эди биз учун. Ўқитувчимиздан бирор ёмон гап эшитиш у ёқда турсин, қовоқ уюб қараши ҳам бизларга оғир жазо ҳисобланарди. Ўқитувчимизнинг баъзида одатдагидан қаттиқроқ койиган, ҳатто хивич билан савалаган пайтлари ҳам кўп бўлган. Бундай пайтларда биз ўқитувчимиздан эмас, бизга илм ўргатаётган улуғ зотнинг жаҳлини чиқарганимиз туфайли ўзимиздан хафа бўлиб кетардик. Ўқитувчимиз томонидан жазоланганимизни уйдагилардан имкон қадар яширардик. Чунки уйимиздагилар бу ҳақда эшитиб қолишса «нима бўлди?! Дарсингни яхши тайёрламаган эдингми?! Нега ўқитувчингнинг сендан жаҳли чиқади!» деб баттар уришишар эди. Булар ҳаммаси илмнинг улуғлиги, илм ўргатувчининг мўътабарлигидан бўлса керак. Зеро, Соҳибқирон бобомиздай қаҳри қаттиқ зот ҳам ҳеч қачон илмли одамнинг бошида қилич сермаган эмас. Ҳам амир, ҳам буюк мутафаккир саналган Навоий ҳазратларидай даҳо инсоннинг илк ҳарфларни танитган устози фарзанди билан отда туриб сўрашишга ҳадди сиғмасдан, отдан тушиб эҳтиром кўрсатганининг ҳикмати ҳам ана шунда. Шунинг учун хоҳ тарихга назар солинг, хоҳ кўз олдингиздаги ҳаётни кузатинг, устозини эъзозлаган, ҳурмат қилган бирорта одамнинг хор-зор бўлганини, жамият олдида юзи қора бўлганини кўрмайсиз. Ўз касбида баланд даражага, баланд мартабаларга эришган, Худонинг ҳамда халқнинг назари тушган инсонлар борки, улар барчаси устози ва ота-онасини рози қилган, уларнинг дуоларини олган кишилардир.
   Она инсонни ерга туғади, устоз кўкка кўтаради, деган гап бор. Таълим берган устозини ранжитишни, қаттиқ гапирганда кўнглига оғир олишни, мен ота-онасига оқибатсизлик қилишдан ортиқ деб билсам биламанки, кам деб ҳисобламайман. Болаликда инсон билмаслиги, тушунмаслиги мумкин, лекин улғайгач албатта англаб етади, устози унга сира ёмон бўлсин деб танбеҳ бермайди. Устозининг ҳар бир танбеҳидан тўғри хулоса чиқара олган инсон, ерга уруғ қадаган инсон. Катта ҳаёт саҳнасига қадам қўйгач, у бир куни албатта бу уруғнинг ҳосилини ўради, ширин-шакар меваларидан татийди. Ёшим бир жойга борганда мана менинг ўзим ўша болалигимда хивич билан савалаган муаллимимни ғоятда миннатдор бўлиб, меҳрим товланганидан ҳаттоки дийдам тўлиб эсга оламан. Ахир болалик каби, ота-она каби, муаллим-устоз ҳам ғанимат экан-да...
   Ҳозирги кунда болаликда менга дарс берган ўқитувчиларимнинг ҳаммаси оламдан ўтди. Аммо улғайиб, санъатни танлаганим туфайли жуда кўп устозларнинг таълимини олишга, ўгитларини тинглашга муваффақ бўлган эсам-да, барибир болалигимда таълим берган ўша камтарин ўқитувчиларим дастлабки устозларимдир. Ҳарф танитган муаллимим Роҳиддин Тиллаев эса − ҳам ҳаётдаги, ҳам санъатдаги биринчи устозим бўлиб қолаверади. 
        
Б. ҚЎЛДОШЕВ оққа кўчирди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот