КАФТИМДАГИ ГАВҲАРИМ
Онам ҳар гал иссиқ нон ёпганларида биздан бир-икки ҳовли нарида турадиган “Махсум домла”нинг уйига нон олиб чиқардик. Юзларидан нур ёғиладиган, кўксига тушган оппоқ соқоли ўзига ярашган, мулойим, меҳрибон нуронийни кунда бир марта кўришга орзуманд эдик. Улар эса нуқул акамни ёнига ўтирғизиб, мулойимлик билан саволга тутарди. Бир куни ўша ҳовлига кираётганида акамдан сўрадим:– Ака, “капалак тахта”нинг устидаги китобни сиз ҳам ўқийсизми? Роса катта экан-а? Битта варақлаб кўрсам майлими?
– У жуда катта-ку, биз бошқасини ўқиймиз!
– Ака, мен сўрасам кичкина китоб берадими?
– Нима қиласиз, кичкина китобни? Ҳали мактабга бормаган бўлсангиз? Ўзим сизга унданам ка-а-а-тта китоб обераман!
– Ҳозир оберинг, “хола-хола”да ҳамма қизларга устоз бўламан!
– Хўп, эртага китоб, сиёҳ, ручкаям олиб бераман. Баҳо қўйишни ўрганиб олсангиз бўлди, маҳалладаги ҳамма болаларга “муаллим ая”, бўласиз!
Бизга кўзи тушган устоз очиқ чеҳра билан ёнига чорлади.
– Қани, ўтиринглар-чи! Абдуҳокимнинг тилаб олган қизи бир қўрғон ака-укаларнинг орасида эркалаб юриб нималарни ўрганяптикан-а? Қизимга мен бир нималар олиб қўйганман, қизим яқинроқ келинг-чи, Абдулҳамид аянгизни чақиринг ҳовлига чиққанди!
Акам чиқиб кетгач, шошиб “капалак тахта” (лавҳ) устида очиқ турган катта китобга ишора қилиб:
– “Бобо, китобингизни бир ушласам, майлими”, – дедим.
– Майли болам, майли – деди. (Бу дуогўй, зиёли инсон таниқли шарқшунос олим Маҳмуд Ҳасанийнинг отаси, умрининг сўнгигача одамларнинг комиллик ва эзгуликка етаклаган маърифатпарвар олим Ҳасанжон Махдум Восилий эди.)
– Бу табаррук китобни ҳар кимга ҳам ушлатмаймиз. Аммо, ёш бола фариштадай бўлади. Мана, яқин келиб кўринг!
“Муаллим ая” уйга кирганида, тўрида ўтириб, бемалол китоб варақлардим. Кафтларини оғзига қўйиб: “Вой ўлай!”, – дедилар ҳайратланиб.
– Майли, онаси, майли. Ҳали ҳарф танимай туриб, китобни бир кўрай, деб мўлтираб турса, йўқ деёлмадим-да!
Гўдаккинанинг кўнгли оғриб қолади, дедим. Яна чевар опамнинг ўзим исм қўйиб берган эрка невараси бўлса.
Доим кузатиб турсам, берган ҳолва-ю туршагингизга қарамай, кўзи токчадаги китобларда бўлади. Келинг, дуо қилайлик, Оллоҳнинг муборак каломи ёнида уриб турган юракчаси поклик нури билан тўлсин! Яхшиликка дили ошуфта бўлсин! Икки дунё илмини излайдиганлардан бўлиб, икки дунё саодатини кўрсин!
Ўша он, ўша лаҳзалардан бошлаб, менинг қалбимда бошқа олам, бошқа дунё пайдо бўлди. У – китоб дунёси эди. Акаларим ортидан эргашиб, мактабга борганимда, ҳали олти ёшга ҳам тўлмагандим. Акаларим бири ўқишни, бири ёзишни, яна бири “ким ошиқча гапирса, қараб ўтирмай, жағига мушт тушир”, – деб уришни ўргатарди. Орада, вақт топиб, қўшни қизалоқларнинг қўғирчоқларига кўйлак тикиб чеварлик қилишгаям улгурардим.
Эски ҳовлимиздаги бир хонанинг токчалари тўла китоб эди. Менинг ҳаётимга айланаёзган эртак китоблар кўплиги учун Фазилат опамни кўндириб, ўша уйга кўчиб ўтдик. “Чироқни ўчир, мен ухлашим керак”,– деганига қарамай, ярим тунгача китоб ўқиш одатимга айланди. Аввалига эртак, кейинроқ “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Шаҳриёр” каби достонларни қайта-қайта ўқидим. “Калила ва Димна” асарини ўқиган кезларим, масаллар моҳиятини тушунмай акам, опамни саволга тутардим. Фазилат опамнинг айтишича: “кундан-кунга дангаса, ишёқмас, китоб жинниси”га айланиб борардим. Баъзан қай бирини койийверишидан, безиб ўқиётган китобим тугамай, ўрнимга ётишга мажбур бўлардим. Воқеалар ривожини ўйлаб, туни билан кўзимга уйқу келмай, бошимга оғриқ кирарди.
Катта дадам зиёли, камсуқум, меҳридарё инсон эди. Мактабдан бўш пайтларимда, араб алифбосидан сабоқ олардим. “Уч кунда ёдлаб келасан”, – деб берган вазифаларини бир кунда, гоҳида бир зумда ёд олардим-да, китобнинг панасига бадиий китоб қўйиб, ўқиб ўтирардим. Шундай кунларнинг бирида, дарсхонамизга кутилмаганда, патнисда овқат кўтарганча опам кириб қолди:
– Дада, манави қизингиз вазифасини ёдлаб ўтирибди, деб ўйлайсизми, сиз берган китобнинг тагига бошқа китоб қўйиб, ўқиб ўтирибди. Айтдим-а, чакаги ўчиб сандалга ёпишиб қолди, деб. Қозон-товоққа қарашгин, катта қиз бўб қолдинг, – десам вазифа қиляпман, деб чап беради. Мана, яхши кўрган қизингизни қилган ишини кўриб қўйинг, – деб қўлимдаги китобни олиб кўрсатди. Худди китобни ҳозир ўтга ташлаб юборадигандай, опамнинг қўлига тирмашдим.
– Сени ақлли, фаросатли қиз десам, шундай табаррук калом ичига бошқа китоб қўйиб, алланималарни ўқиб ўтирсанг-а, – деди устозим кўзойнагини қўлига олиб.
– Вазифамни ёдлаб бўлдим, каттадада. Бировдан олдим бу китобни, тезроқ қайтиб бериш керак, шунга... – дедим йиғидан аранг ўзимни тийиб. Опам яна гапга аралашди:
– Ҳали ўн бешга кирмай туриб, уйдаги китобларнинг ҳаммасини ўқиб бўлди. Эрталабгача муккайиб, чироқни ўчирмай китоб ўқиб чиқади. Кўзингга зарар қилади, қум сочилгандай қизариб кетибди, десам, “хўп”, деб, яна ўз билганини қилади. Ўтган куни томга бир иш билан чиқиб кетиб хаяллаб қолди, мазза қилиб писта чақиб ўтирибди, деб, чиқсам варағи сарғайиб, титилиб кетган бир китобни топиб олиб, ўқиб ўтирган экан. Қачондан қолган боғдорчилик тўғрисидаги китоб экан. Ўшаниям ўқиб ўтирганига роса жаҳлим чиқди.
Опамнинг гапларидан юзлари янада тундлашиб кетган катта дадам менга қараб юзланди:
– Қани бировдан қандай китоб олдинг? Сен ўқиётган китобларнинг мазмуни ёшингга унчалик тўғри келмайди. Кундалигингни кун ора текшириб турибман. Математикадан паст баҳо олишингнинг сабабини энди билдим. Каррани ёд биласанми, ўзи?
– Ҳм...
– Ҳаётдан ниманидир айириб, нимагадир қўшишинг учун ҳисоб-китобинг пухта бўлиши керак. Адабиёт ақл-фаросатингни бойитса, математика умр чизиқларини етти ўлчаб бир кесишда асқотади. Кейинги чоракда у ҳам беш бўлсин, келишдикми?
Орадан кўп ўтмай, менга улар Нодира, Увайсийнинг китобларини олиб келиб, тутқаздилар.
Мактабимиз кутубхонасида бадиий китоблар кам эди. Кутубхоначи Фатилахон ая (Худо раҳмат қилсин) бағрикенг, зиёли, очиқчеҳра аёл эди. Танаффус пайтида ёки эртароқ дарсдан бўшаб қолсам, дарров кутубхонага чопардим. Ним қоронғу, қадам ташлаганда эскирган поллари ғичирлаб турадиган бу пастқам хонанинг файзи бўлакча эди. Қишин-ёзин китоб жавонлари устида барқ уриб, кўкариб турган гулларими ёки кирган ўқувчини кулиб қарши оладиган гулгун юзли инсон борлиги учунми, кўпчилик яхши кўрадиган маскан эди. Уч-тўртта менга ўхшаган кўнгилли дастёрлар аяга кўмакчи эдик. Косачада ун ва сувни аралаштириб, қўлбола елим тайёрлаб, тез-тез китобларни “таъмирлаб” турардик. Очиғи китоб вароғининг четини буклаб, белги қилиб қўядиган одамларнинг қўлига тушган китобларга раҳмим келарди. Онамнинг чорси тикадиган турли рангдаги тўпча ипларидан сочдай ўриб, китобларнинг четига тикиб чиқардим. Кутубхоначи ая мени жуда яхши кўрарди. Туман газетасида шеър ёки кичкина мақолам чоп этилса ҳам кутубхона ойнаси-ю, “Бизнинг фахримиз” доскасига эринмай ёпиштириб қўярди. Гоҳида “Мана бу китобни ўқиб чиқинг, янги келди,” – деб қоларди. “Китоб қўлдан-қўлга ўтиб кетса, ҳали тополмайсиз” – дея қўлимга китобни бериб, ёнимга егулик қўярди. Бошқа мактаб кутубхоначиларидан мен учун китоб сўраб оларди. Ая, ўз исмини ёзиб, имзо қўйиб берган варақчани тутган кафтимда қимматбаҳо гавҳар бордек еру кўкка ишонмай учиб борардим. Китоб жавонлари ёнига борганимда, янги асарларни кўриб, юрагим қинидан чиққудек қувонардим. Бирини олсам, бири қоладигандай, ялиниб-ёлвориб бир тўп китобни бағримга босиб қайтардим. Уйда онамга қарашадиган дастёрлар бариси ўғил бола бўлгани учун, менинг чекимга тушган юмушлар анчагина эди. Ҳолбуки, ҳар куни нон ёпиб, кир ювиб куймаланадиган меҳнаткаш онамга кўмагим зарур эди.
Қишда қозон-товоқ, тандир-ўчоқ дегандек, баҳор бўйини кўрсатиши билан мактабдан оммавий далага олиб чиқишарди. Ипак қурти боқиб, биринчилар қаторида пилла топширардик. Шундай пайтларда, хумори тутганда, фақат ўғринча китоб ўқишга тўғри келарди. Кўпинча, кийимлар тахланадиган жавон ичига қўйиб китоб ўқиганим учун вақт ўтганини билмай қолардим. Онам: “Вой худойим-ей, шунча ўғилнинг орасида бир қиз ўстирсам-у уям шунчалик дангаса, тепса-тебранмас бўладими-а? Битта ўзим ярим соатда ювиб қуритган кирларимни ярим кун тахлаганига куяман-да!, – деб ёзғириб қоларди.
Битирувчи синфда ўқиб юрган пайтимиз эди. Мухтасар деган яқин дугонам китоб олиб келди. Фарғонада институтда ўқийдиган опасининг китоби экан. “Опам мазаси бўлмай, бир ҳафтага рухсат олиб келган. Агар уч кунда ўқиб берсанг, ташлаб кетаман”, – деди, китобни кўз-кўзлаб. Дугонамнинг дадаси она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлгани учунми уларнинг уйида китоб кўп эди. “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Граф Монте Кристо”, “Олтин зангламас” сингари китобларни ҳам мана шу дугонам қўлидан олиб ўқиганман. Таърифини эшитиб, тополмай юрган кезларим, унинг қўлидаги китобга кўзим тушиб, суюниб кетдим. Албатта, айтган куни ўқиб қайтаришга ваъда бериб, китобни олиб қолдим. Кундузи ўқишга вақт қайда, дейсиз. Тунда ҳамма ухлаб қолгандан кейин айвон эшиги тирқишидан тушиб турган ёруғликка китобни қўйиб, тик туриб ўқишга тушдим.
Билмадим, қанча вақт шундай туриб ўқиганман, ёнимга келган онамни кўрмай қолибман...
Эрталаб бир кунни бой берганимдан кўнглим, ғашланиб мактабга бордим. Охирги партада ўтирадиган бир синфдошим билан ўрнимни алишиб, китоб ўқишга тушдим. Физика дарси эди. Ўқитувчимиз Мирзамат Холматов адабиётга кўнгли ошуфта инсон эди. Ҳар бир гапини қофияли қилиб гапирар, ҳар дарсда Навоий, Бобурдан ғазал ўқиб ҳаммамизни лол қолдирарди. Хуллас, ўша куни дарсликнинг ичига китоб қўйиб, ўқишга тутиндим. Ўқитувчим рўпарамга келиб қолганини, томоқ қириб, хабар берган дугоналаримни ҳам сезмай қолибман.
– Ие, қаранглар ўқувчилар! Мунаввархон Тошпўлатованинг китоби ғаройиб экан. Икки қаватли китоб ёки иккиқат китоб!
Синфда кулги кўтарилди. Уялиб, алам қилганидан йиғлаб юбордим.
Ўша куни тунда китобни ўқиб тугатишга ўзимга ваъда бердим. Ҳайҳотдек ҳовлининг энг орқа тарафига экилган анорзорнинг ўртасига кўрпача тўшаб, ўзимга жой қилдим (аслида, қоронғуликдан жуда қўрқар эдим).
Ҳамма ухлаб бўлганига ишонч ҳосил қилиб, анорзордаги “дарсхонам”га шам ёқиб, китоб ўқий бошладим.
Китобнинг ишқида қўрқишни ҳам унутибман. Фақат ўша топда, онам кўриб қолиб: “Бунақа ўқишингда кўзингдан айрилиб, овсар бўб қоласан” – деб койишидан қўрқардим, холос.
Бир пайт, шитирлаган қадам товушидан чўчиб, атрофга қарадим. Мол-қўйга ўт солиб юрган онамга кўзим тушди. Аллақачон шам ёниб, тугаб бўлган, тонг отиб қолганини кўриб, ҳайрон бўлдим. Атиги етти вароқ қолган китобни шошиб ёпдим.
Тақдир, қисмат келинлик насиб қилганда яхши кўрган китобларимни сарполарим орасига яшириб жойладим.
Ўша, мени дарс пайтида “иккиқават” китоб билан тутиб олган ўқитувчимнинг маҳалласига келин тушдим.
Қайнотам раҳматли инсонларни қадрлайдиган, мурувватли, саховатли инсон эди.
Касалланиб, тўшакда ётиб қолган устозимдан ҳол сўраб кирганларида, дадамнинг қўлларига бир китоб тутибди:
– Назиржон, сизнинг келинингизни мактабда ўқитганман. Китоб ўқишни жонидан ортиқ кўрадиган ўқувчи эди.
Яхши амали орқасидан кўп дакки еган, бояқиш. Кимгадир бир сатр ўқитолмай ўтдик, кимдир ўқиса, эрмак қилиб, кўзининг ёшини тўкдик. Менга мана шу китобни жуда улуғ инсон совға қилган эди. Буни мен Мунаввархонга туҳфа қилмоқчиман. Уйимдаги китоб жавонимда китобларим жуда кўп. Аянгизга, болаларга тайинлаб қўяман.
Мендан кейин ҳам ҳамиша эшигим очиқ, хоҳлаганини танлаб олсин, ўқисин, ўқитсин, илми орқасидан қадр топсин.
Мен устозимдан туҳфа бўлган чарм жилдли “Ўзбек шоиралари” китобини, Умар Хайём, Яссавий ҳикматларини қўлимга олгач, кўзларимга ёш келди.
Китоб дўстини сотмайдиган, жаҳолатга отмайдиган энг содиқ дўстдир.
Мунаввара УСМОНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Саодат» журнали Бош муҳаррири.