Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, қизиқчи – Обид Асомов 1963 йил 22 октябр куни Тошкентнинг Чилонзор туманида таваллуд топган. Отаси – Асомов Аъзам Аббосович. Онаси – Тўхтахон Асомова. Оилада 4 та фарзанд бўлган. Икки ўғил ва икки қиз (афсуски, бевақт ўлим Собит Асомовни уларнинг орасидан эрта олиб кетди). 1971 йилда жажжигина Обид 128-умумтаълим мактабига ўқишга кирган. Бошқалардан фарқли равишда, Обид Асомов мактабга 8 ёшида кирган. Октябр ойида туғилганлиги учун 7 ёшга етмаган, деб 1970 йилда мактабга қабул қилишмаган. Ёш йигитчада 4-синфдан бошлаб расм чизишга қизиқиш уйғона бошлаган. 8-синфгача мактаб дарслари билан параллел равишда Республика пионерлар саройида рассомлик тўгарагига ҳам қатнаган. Сўнг Беньков номли рассомлик билим юртида 4 йил таҳсил олиб, қизил диплом билан ўқишни битирган. Шу орада қизиқ бир тасодиф туфайли қизиқчиликка илк қадамлар қўйилган. Қиз синфдошларини ота-оналари ёш бўлишига қарамай, 8-синфни тамомлагани заҳоти бирин-кетин узатишни бошлашган. Узатилаётган қизларнинг бирини тўйида ўрта олиб борадиган одам бўлмай қолган. Ашулачи-ю, созанда бор, айнан ўрта олиб борувчи йўқ. Созандалардан бири бир гуруҳ йигитларни (бу бир гуруҳ йигитлар – Обид Асомов ҳамда унинг синфдошлари эди) олдига келиб: “Орангизда хонандаларга навбат берадиган, гапга уста болалар йўқми?” – деса, барча синфдошлар бир бўлиб, қўлини бигиз қилиб: "Мана", дея Обидни кўрсатишган. Синфдошларни айнан Обидни кўрсатганлигига сабаб, кичик Обид мактабда ҳазил-ҳузул қилиб, латифалар айтиб, ҳаммани кулдириб юрганлиги учун бўлса, ажаб эмас. Илк бор тўй хашамда микрофонни қўлига ушлаган йигитча ҳали келажакда энг машҳур қизиқчи бўлиб етишишини тасаввур ҳам қилмаган эди. Биринчи тўй олиб бориши эл назарига тушган шекилли, кейин уйга эшик тақиллатиб келадиган бўлиб қолишган. Бир-иккитасига рад жавобини беришига қарамай, тўйларга таклиф қилаверишган. Бир тарафдан рассомлик учун бўёқ ва бошқа анжомларига пул керак, тўйдан эса айнан мана шу сарф-харажатни қоплайдиган пул тушиб тургани айни муддао бўлган. Пулга тўйга чақиргандан кейин, ўша олаётган пулини оқлаш керак, буни тушунган бўлажак санъаткоримиз ўз устида ишлай бошлаган. Мирзабек Холмедов у пайтда энг зўр қизиқчи эди. Фалон тўйга Мирза келибди, деса, ярим Тошкент кўчиб борарди. Ҳатто, Мирзани вақтига қараб тўйлар белгиланарди. Рассомликни битираётган пайтида Обид Асомов исмини нафақат бутун Тошкент, балки Республикамизнинг бошқа вилоятидагилар ҳам таний бошлашди. Шу орада режиссёр Ҳамид Қаҳрамонов “Шунчаки ҳазил” номли кўрсатув чиқарди. 1983 йили мана шу кўрсатувга таклиф қилишди ва биринчи марта ТВда Обид Асомов пайдо бўлди. Институтни аъло баҳолар билан битирганлиги учун Россия пойтахти Москвадаги Суриков институтига рассомлик бўйича таҳсил олишга йўлланма беришган. Обид Москвага бориб, режа тузади: “Агар Суриков институтига ўқишга кира олсам, демак, Москвада яшайман, қизиқчилик йиғиштирилади, фақат рассомлик билан шуғулланаман. Агар киролмасам, рассомлик иккинчи ўринга ўтиб, қизиқчилик биринчи ўринга чиқади”. Имтиҳонлардан сўнг, ўқишга кира олмаганлиги маълум бўлади. У биргина йўналиш бўйича икки баҳо олганлиги учун имтиҳонлардан ўта олмайди. Агарда ҳамма баҳоси 3 бўлган тақдирда ҳам ўқишга қабул қилинар эди. Чунки 16та Республикага биттадан жой берилган. Ўзбекистон номидан эса айнан Обид Асомов борган. Институт ректори Бандаренко Асомовнинг чизган расмларини кўриб, имтиҳонлардан олдин олдига чақиртириб, “Реставрация” (эски суратларни тиклаш) факультетига киришини тавсия этганда, абитуриент Асомовнинг ғурури йўл қўймай, “Живопись” (ранг-тасвирли сурат)га ҳужжат топширади. Имтиҳонлар якуни эса сизга маълум. Тошкентга қайтиб келгач, қарасаки, ҳамма таниш-билишлари ўқишаяпти, ҳатто баъзилари Россияга бориб ўқишга кира олмаганлигидан кулишган. Мана шу устидан кулганлар уялиб қолсин, деб кейинги йили Театр ва рассомлик санъати институтига ўқишга кирган. 1984 йилда ўқишга кирган талаба Асомов институтни 5 йил (аслида ўқиш 6 йил бўлган) ўқиб, қолдириб кетишга мажбур бўлган. Чунки 5-курсда таҳсил олаётган Обид ҳар куни ТВга чиқар эди ва тўйларга борар эди. Институт деканига эса бу ҳол ёқмас эди. Обидга ё қизиқчилик, ёки ўқишни танлашига тўғри келган. Шунда Обид Асомов ҳеч иккиланмай, ариза ёзиб, ўқишни йиғиштирган. 1989 йилда таниқли кинорежиссёр Латиф Файзиев уни киносиновга чақирган ва Обид Асомов кинодаги ўз ишини Ҳиндистон билан биргаликда суратга олинаётган “Овчи” фильмидан бошлаган. Илк фильмнинг ўзи анчагина омадли келган. Яъни, иккинчи режиссёр Умеш Меҳра бўлган “Овчи” фильмда ўша пайтнинг супер юлдузи Митхун Чакроборти билан биргаликда роль ижро этади. Мана шу фильмдан сўнг турли фильмларга таклифлар кўпая бошлаган. Орадан кўп муддат ўтмай, Мирзабек Ҳолмедов, Тўхтамурод Азизов, Ботир Муҳаммадхўжаев, Собит Асомов ва Обид Асомов 5 киши бир бўлиб, “Кўзгу” номли театр ташкил этишган. “Кўзгу” театри қисқа фурсат ичида тан олиниб, халқ кўнглидан жой олган. Ҳатто, "Халқлар дўстлиги" саройида ўша пайтнинг “рекорд кўрсаткичи” — 14 кунлаб икки маҳалдан концерт ҳам берилган. Бу орада Обид Асомов ҳозирги “Ўзбекнаво”, ўша пайтдаги “Ўзбекэстрадаси”да ҳам фаолият юритган. 1993 йилда Обид Асомовнинг орзуларидан бири ушалади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, “Обид-А” театрини ташкил қилади. 2000 йилда Фарруҳ Зокиров уни "Ялла" ансамблининг Германиядаги гастрол сафарига таклиф қилган. 2000 йилнинг охирларида Россиялик қизиқчи ўзининг "Кривое зеркало" (Қийшиқ кўзгу) театрига ишга чақирган ва Обид Асомов маълум муддат Россияда фаолият юритган. 2018 йилнинг 24 май куни «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК директори лавозимига тайинланган. 2018 йилнинг 11 декабр куни Обид Асомов юрак хасталиги билан касалхонага тушиб, 14 декабрь куни вафот этган. 15 декабрда Тошкент шаҳридаги Камолон қабристонига дафн қилинган. Унинг 3та қиз ва битта ўғли: Дилором, Наргиза, Одилхон ҳамда Нозима исмли фарзандлари бор.