ХАЙРЛАШУВ


Бизлар кеч учрашиб эрта айрилдик,
Сенга маълум энди яхши-ёмоним.
Мен-да гуноҳкорман, мен-да бир бебахт,
Кечир ва рози бўл, қоши камоним!

Кечир, атиргулнинг тикани мисол,
Чеҳранг чаманини кўп обод қилдим.
Дўстлик давраларин айлабон ишғол
Кўнглинг гулзорини харобот қилдим.

Чеҳранг қуёш каби порлаб қийналар,
Осмон бўлолмадим аммо мен унга.
Юрагимдан учган сонсиз турналар
Етиб келолмади сен келар кунга.

Рози бўл ва ишон, энди ҳеч қачон,
Муҳаббатим ҳақда очмасман нек фол.
Мен фироқ бандидан чиқарувдим қон,
Сен кўнглим қонатиб топдингми иқбол?

Рози бўл, қалбингнинг ҳур бодаларин
Арзимасам-да лек тотганим учун.
Кўнглимнинг илоҳий шаббодалари,
Қуёшдек кўксинга ботгани учун.

Рози бўл, азизим, қаро кўзлигим,
Ишон, бу кўзларга энди чўкмасман,
Дунёни тунд қилди васлсизлигим,
Ишон, кўз ёшингни энди тўкмасман.

Кечир, эй бахтларим туғилган очун,
Севгим, қайғум учун, хайр, рози бўл.
Ва ишон кўзингга чўкмоқлик учун
Минглаб қора кўздан кечгандим буткул.

Исминг дур сочмоғи учун лаблардан,
Бир бор ўтли-ўтли қарашмоқ учун,
Яшаб миллион йиллар ўзга қалбларда
Айрилганмиз балки учрашмоқ учун.

Бизлар кеч учрашиб эрта айрилдик,
Сенга маълум энди яхши-ёмоним.
Мен-да гуноҳкорман, мен-да бир бебахт,
Кечир ва рози бўл, қоши камоним!...

Гуландом ТОҒАЕВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот