ИНСОНИЙ ВА ИЛОҲИЙ ҲАҚИҚАТЛАР


Ҳаёт, мен ҳақимда ўзинг айтмасанг,
Менинг борлигимни билмасди ўлим…
   Асли Албаниянинг энг маданий Шаҳарларидан бири Корчада 1931 йилда таваллуд топган ва ҳозирда Канадада яшаётган шоир, ёзувчи ва адабий танқидчи Вангжуш Зико Олий таьлимни Москвадаги Максим Горкий номидаги Адабиёт институтида олган. Ҳақиқий ижоди 1950 йилларда бошланган Вангжуш Зиконинг биринчи шеьрий китоби 1959 йилда нашр этилган. У уч юз йиллик рус лирикасининг тўрт жилдлик анталогияси, А.С.Пушкин лирикаси ва драмалари , Есенин, Евтушенконинг лирикаларининг бир неча жилдларини албан тилига таржима қилган. Бугунга қадар унинг таржимасида 47 жилдлик асарлар тўплами нашр этилган. Ва А.С.Пушкин номидаги олтин медаль билан тақдирланган. Мен ўзим ҳақимдаги унинг мақоласини ўқиганимдан сўнг, ҳаммамизга маьлум одат бўйича, Вангуш Зиконинг исмини ёзиб гоглдан қидирдим ва жуда ҳайратландим. Чунки, унинг адабиётдаги қилган ишлари бир умрда улгуриш қийин бўлган ва бир неча умрга арзигулик ишлар эди…  Сизни бугун таниганимдан хурсандман, ҳурматли Вангуш Зико! Фақат, узоқ сайёҳатда бўлганим ва вақтида жавоб беролмаганим учун узр сўрайман. Кеча ўғлим Америкада сизнинг китобингизни интернет орқали сотиб олди. Тўғри, биз албан тилини билмаймиз. Аммо бунда Сизга ва Албанияга бўлган катта муҳаббатимиз, ҳурматимизнинг бир кўриниши бор эди….
Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан, Хосият Рустамова.

   Ҳурматли ҳамкасбим Хосият Рустам, сизга лирик ва таъсирчан шеъриятингиз ҳақида ўз камтарона мулоҳазаларимни йўллайман.
   Сиз билан, виртуал ҳолда бўлса-да, танишишдан мамнунман.
   Сизга сиҳат-саломатлик, ижодий илҳом ва доимий муваффақиятлар тилайман!
Вангжуш Зико,

ХОСИЯТ РУСТАМ ШЕЪРИЯТИДАГИ ИНСОНИЙ ВА ИЛОҲИЙ ҲАҚИҚАТЛАР ҲАҚИДА

   Шеърият – чинакамига ўзига хос санъат бўлиб, нафақат ижодий, балки медитацион қудратга ҳам эга. Шеърий нутқ энг илмий мантиқ амалга оширолмайдиганларни бир бутунликда бирлаштиради. Шеърият эстетик ва фалсафий, инсоний ва илоҳийликни уйғунлаштириб, жумбоқ, мўъжиза ва медитацион энергия ўртасидаги чегарани олиб ташлайди.
   Шеърият ҳунар эмас, балки бунёд этмоқликдир. У Муқаддас Китобда айтилганидек, азалда бор бўлмиш каломга қанот бағишламоқ учун пайдо бўлгандир.
   Элиотнинг айтишича, бадиий жараённинг жўшқинлиги нафақат юракка, балки мия ва асаб тизимининг пардаларига ҳам боғлиқ.
   Ушбу мақолани ёзишимга менга илгари нотаниш бўлган ўзбекистонлик шоира Хосият Рустам туртки берди.
   Танқидчиларнинг айтишича, унинг шеъриятига намойишкорона инсонпарварлик бегонадир. У фақат ҳар қандай важ-карсонлару ёлғонлардан узоқда бўлмиш юрагига ишонади. Унинг шеърларида инсон бахти ва ғами нафас олиб туради. Шоира шеъриятининг асосий мавзулари: Севги-муҳаббат, Худо, Ҳаёт ва Ўлим. Унинг ижодида нозик, таъсирли ва ҳаяжонли оҳанглар қуйилиб ўтган.
   Ўзбек шеъриятида ишқ мавзуси азалий мавзу бўлиб, авлоддан авлодга шоирлар томонидан олиб ўтилмоқда.
   Хосият Рустам ўзбек шоирларининг ўрта авлодига мансуб бўлиб, айтиш мумкинки, унинг ижоди ана шу анъанавий мавзунинг давоми ва янгиланишидир. У ХХ аср охирида энг кўзга кўринган шоир Муҳаммад Юсуфнинг издошларидан ҳисобланади. Танқидчиларнинг фикрига кўра, шоирга бус-бутун ва ранг-баранг ҳаёт берилганки, унинг учун ҳаёт – муҳаббатдир. Зотан, бусиз шоира на ҳаёт, на ижод ҳақида ўйлай олмасди.
   Хосият Рустам бир вақтнинг ўзида Aхматова ва Цветаеванинг улуғ лирикасини ҳам ўқувчиси, ҳам таржимонидир.
   Шоиранинг шеърларидаги лирик қаҳрамон муҳаббат унга бефарқ эмаслигидан, “сукунат”да ташлаб кетмаганидан бахтиёр. Хосият Рустам ҳар жойда ушбу муҳаббатни ўз шеърлари билан одамлар олдида тасдиқлайди, топинади, ёлворади:

*   *   *
Шабнам юзларини
Ювмаган пайтда,
Дарахтлар гуллашни қилганида рад,
Исмингни пичирлаб қайта ва қайта -
Ибодат қиляпман, ибодат.
Сен ҳали уйқудан уйғонганинг йўқ,
Жоним, тушларингда асрасин худо. 
Шунчалар, шунчалар бахтиёрманки,
Исмингни пичирлаб қилдим илтижо.
Беаёв мудроқда уйғонади тонг,
Уйқули кўзини кундузга тикиб.  
Мен эса руҳимни янгилаяпман —
Бўм-бўш юрак билан пойингга чўкиб.
Ҳали айтилмаган қўшиқдай нафис,
Ҳали ёзилмаган шеърдай бетоқат.
Исмингни чақириб — чақириб ҳаргиз —
Ибодат қиляпман, ибодат.      
   Ўзбек шеъриятининг кейинги авлод шоираси бизга ишқ драмасини тақдим этади.
   Муҳаббат – бу нафақат “ишқнинг еттинчи осмонига парвоз этмоқлик”, балки унинг қанотлари тез-тез қайрилади, толиқади ва ўз эгасини ерга туширади.
   Буни эндиликда эскирган менталитетнинг хотираси сифатида қабул қилиш мумкинки, бунда аёл эр қаршисида қўл қовуштириб, итоаткор ҳолда ўтиргандек тасаввур уйғотади.
   Аслида, асло бундай эмасдай, балки,  фақат чин қалбдан отилиб чиқаётган чин меҳр-муҳаббатнинг илтижосидир.
   Лирик қаҳрамон ўз муҳаббатини қалбида энг тоза маъво сифатида асраб-авайлайди.
   Унинг қаҳрамони муҳаббатга асир бўлмаган, кўзлари севгидан кўр бўлмаган.
   У доимо ҳушёр.
   Оилавий ҳаётда шундай дамлар бўладики, недир нотўғри ўзандан кетади, ўртага жимжитлик тушади. Эр ҳеч нарса демайди ва ҳатто тинглашни ҳам истамайди:

Қ.Н.га
Сени кўрмаганман бу ҳолда олдин,
Маъюс кўзларингда нимадир қат-қат.
Сенга қаерданам дуч келиб қолдим —
Нигоҳларинг хазон тўкаётган пайт.
Олмоқчи бўласан ўзингни ўнглаб,
Қанча уринмагин — ўзгармайди тус.
Ўзинг айт, шу ҳолда қаерга қараб.
Муҳаббат сўзини қилай талаффуз?
   Ҳаёт – бу тушдир, дейди араблар, Шекспир эса, трагедия дейди.
   Лирик қаҳрамон ҳеч кимга қарамасдан ўз тақдирини кутиб олишга ўзида куч топа олади:

* * *
Тақдир мени сийлади ҳар кез,
Йўқ оҳанглар қалбим этди ром.
Ҳаммасидан буюкроқ азиз —
Сени менга айлади инъом.
Қанча дўстлар
О, бунча эъзоз —
Муҳаббат, бахт берди кўп йиллик.
Фақатгина бироз вақтим оз —
Фақат умрим қисқа шекилли.
Ахир жоним эмас беэга,
Чекмасам ҳам бўлар-ку, алам.
Ҳаёт берди Худойим менга —
Ўлим билан тугамайдиган.
   Нафақат содиқ тақводор анъаналари, балки дунё тажрибаси, одоб-ахлоқ асосларининг қулаши, авлоддан авлодга ўтиб келаётган урф-одатлар, конспирология ва ҳаётнинг ғайриинсоний шафқатсизлиги алғов-далғовли замонда Хосият Рустам достони қаҳрамонининг ҳам Яратганнинг нуридан бебаҳра қолдирмайди:
Ё Тангрим,
Сен менга куч бер,
Бер чидам –
Худди дарахтлардай кўтарайин қад.
Ичимга қор ёғиб турганида ҳам,
Мен кулиб туришим керак ҳамма вақт.
Қушлар дарахтларни айласа ҳам тарк,
Чидар.
Аёзлардан ўтар типпа-тик.
Шунда ҳам олмалар ёзаверар барг,
Шунда ҳам гуллайди бечора ўрик.
Ўргат, тошларга ҳам гапирай майин,
Аёлман!
Худойим, келтирмайин шак.
Мен ҳам дарахтлардай гуллайверайин,
Мен ҳам дарахтлардай ёзайин куртак.
   Лирик қаҳрамон ҳаётдаги барча ёмонликлар: севгида умидсизликка тушиш, бевафо тақдир ва ўзининг соф ва содда қалбининг заифлиги устидан ғалаба қозонади.
   У инкор этиб бўлмайдиган Ўлимга руҳий-маънавий жиҳатдан қарши туриш учун ўзида руҳий куч топади:

* * * 
Балки бу дунёнинг
Сўнгги йўлидан
Кетган бўлармидим --
Баридан рози?
Мен эса дунёга келган кунимда --
Овозим панд берган --
Янгроқ овозим.
Жимгина турмадим --
Жовдираб, ёниб,
Улкан нафасимни ютиб ичимга.
Дунё томошага югурди -- ғолиб --
Жонимнинг ўртаниб
Қон йиғлашига...
Бугунни ўтказдим --
Шеьр билан яшаб,
Эртани ўйласам -- уюшар кўнглим.
Ҳаёт, мен ҳақимда ўзинг айтмасанг,
Менинг борлигимни билмасди ўлим!
Аслида, инсоний ва илоҳий ҳақиқатлар якдиллиги мана шудир! 
Вангжуш Зико
Таржимон: Саиджалол Саидмуродов.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот