Шукрулло (1921 - 2020)


   Шукрулло (исми ва тахаллуси; фамилияси Юсупов) (1921 - 2020) — Ўзбекистон халқ шоири (1981). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977). Шукрулло Юсупов 1921 йил 2 сентябрда Тошкентнинг Олмазор маҳалласида зиёли оилада туғилди. Отаси – Юсуфҳўжа Маҳмудҳўжа ўғли шифокор бўлган. Онаси – Зайнабхон ҳам илмли аёл бўлган. Шоир педагогика билим юрти (1935–1938) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатган (1944), 1938-йил Қорақалпоғистонда, 1939–1945-йилларда Тошкентда ўқитувчилик қилган. Кейин Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида маслаҳатчи (1945–1949), Ўзбекистон давлат нашриётида муҳаррир (1945–51; 1955–65). 1951-йилда миллатчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Сталин вафотидан кейин озод этилган (1955).
  Шукрулло 2020 йил вафот этган.

   Шеърий тўпламлари:
  Илк шеърлар тўплами – „Биринчи дафтар“ (1949). Шундан кейин унинг „Қалб қўшиқлари“ (1949), „Ҳаёт илҳомлари“ (1959), „Умрим борича“ (1960), „Инсон ва яхшилик“ (1961), „Инсон – инсон учун“ (1964), „Зарралар“ (1973), „Суянчиқ“ (1977), „Яшагим келади“ (1978), „Сенинг бахтинг“ (1988), „Тўкилган дардларим“ (2001) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган. Шукрулло лирик шеърларида севги ва вафо, меҳр ва оқибат сингари инсоний қадриятларни улуғлаб, китобхонда ялқовлик, лоқайдлик, калондимоғлик, ҳасадгўйлик, ғаразгўйлик каби иллатларга нисбатан нафрат туйғусини уйғотишга интилган. Лирик қаҳрамоннинг руҳий оламида кечган ва кечаётган эврилишларни инсон ва жамият, инсон ва табиат ўртасидаги узвий алоқани тасвирлаш орқали кўрсатиб берган.

   Ижоди:
   Шукрулло „Чоллар“ (1948), „Россия“ (1956), „Икки қоя]]“ (1964), „Тонг отари“ (1966), „Гул ва оташ“ (1972), „Кўнгил чироғи“ (1975), „Aср баҳси“ (1985) ва бошқа достонларни ёзган. Шоирнинг болаларга бағишланган шеʼр ва эртаклари „Баҳор совғаси“ (1962), „Юлдузлар“ (1964) шеʼрий тўпламларидан ўрин олган. „Хатарли йўл“ (1962), „Табассум ўғрилари“ (1964), „Тўйдан кейин томоша“ (1980), „Ўғрини қароқчи урди“ (1982), устоз ёзувчиларнинг ижоди тажрибалари тўғрисида баҳс юритувчи „Жавоҳирлар сандиғи“ (1983) эссеси, қатағон даври даҳшатлари ҳақидаги „Кафансиз кўмилганлар“ (1989) автобиографик қиссаси, „Қасосли дунё“ (1994) публицистик мақолалар тўплами, Убайдулла Хўжаев тўғрисидаги „Тирик руҳлар“ (1999) роман-хроникаси муаллифи. Шукруллонинг „Хатарли йўл“, „Табассу ўғрилари“, „Унсиз фарёд“, „Тўйдан кейин томоша“, „Жанжал“, „Ўғрини қароқчи урди“ сингари шеʼрий, насрий драмалари бор.

   Шукрулло Карло Готссининг „Бахтиёр гадолар“ песаси, Шукрулло Петёфи, Т. Шевченко, Қ. Қулиев ва бошқа шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган.

   Нашр қилинган асарлари:
   1958-йилда бир жилдлик, 1973-йилда 2 жилдлик, 1977-йилда „Жавоҳирлар сандиғи“ бадиа-китоби, 1981-йилда 3 жилдлик асарлари босилди. 1997-йилда „Ўғрини қароқчи урди“ драмалар тўплами чоп этилди. 1991-йилда „Кафансиз кўмилганлар“ ва рус тилида (Москвада) „Крик души“ песалар тўплами босилди. 1999-йилда „Тирик руҳлар“, 2002-йилда „Оғир кунлар севинчи“ қисса ва романлари нашр этилди.

   Мукофотлари:
   Шукрулло „Ўзбекистон халқ шоири“ унвони, Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1994). „Дўстлик“ (1994) ва „Элюрт ҳурмати“ (1999) орденлари билан мукофотланган.

   Aсарлари:
   Шукрулло. Кафансиз кўмилганлар. Роман. Т.: Aдабиёт ва санъат нашриёти, 1991.
   Шукрулло. Тирик руҳлар. Роман. Т.: Aдабиёт ва санъатнашриёти, 1999.
   Шукрулло. Избранние стихотворения. Москва. „Художественная литература“, 1987.
  Танланган асарлар, 2 ж.ли, Т., 1973–1974; Ўғрини қароқчи урди (песалар), Т., 1995; Тирик руҳлар, Т., 1999; Тўкилган дардларим, Т., 2001; Оғир йиллар қувончи, Т., 2003.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот