Жамол Камол (1938 - 2022)
Жамол Камол 1938 йилнинг 26 Апрель куни Бухоро вилоят, Шофиркон туманидаги Читкарон қишлоғида туғилган. Ота-онадан эрта айрилгач, тоғаси қўлида тарбия кўрган. Бухоро педагогика институтининг тарих-филология факультетида таҳсил олди. Ўқишни тугаллаб, шу ерда ўқитувчилик қилган. “Бухоро ҳақиқати” вилоят газетасида (1965-1969) ишлаган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант бўлиб, “Лирик шеъриятда композиция” деган мавзуда номзодлик диссертациясини ёқлаган (1969-1972). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Бухоро вилояти бўлими масъул котиби (1970-1972), кейинчалик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимларида фаолият олиб борган.
Унинг “Олам кирар юрагимга” номли биринчи шеърий тўплами 1968 йилда чоп этилган. Шундан сўнг “Чўққиларга ёғилди ёғду” (1971), “Тош туғён” (1973), “Ҳасан ва ой” (1974), “Қуёш чашмаси” (1975), “Достонлар” (1978), “Тафаккур” (1979), “Сувайдо” (1983), “Умидли дунё” (1988) тўпламлари, 6 жилдлик танланган асарлар тўплами, “Армон”, “Варахша”, “Эшикдаги ой тўлқини”, “Тош туғён”, “Шаҳрибону” каби достонлари нашр этилган.
Уильям Шекспирнинг “Ҳамлет”, “Отелло”, “Антоний ва Клеопатра”, “Қиш эртаги”, “Венеция савдогари”, “Қирол Генрих IV”, “Макбет” каби ўндан ортиқ драмаларини бевосита инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилган.
Сўнгги йилларда унинг “Аср билан видолашув” (Сайланма, 2007), “Яна кўнглимда уч ой” (2010), “Сафар дафтари” (2012), “Бош устина, бош устина” (2016) сингари бир қатор асарлари чоп этилган. Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий” (2002-2004), Ҳазрати Алининг “Девон”и (2006), Фаридиддин Атторнинг ‘Мантиқ ут тайр” (2006) ҳамда “Илоҳийнома”, “Асрорнома”, “Панднома ва булбулнома”, “Ҳикматлар” (2007-7012), Абдураҳмон Жомийнинг “Гулшанингда сўлмасин Гул” (2008), Вильям Шекспирнинг “Сонетлар” (2009), Алишер Навоийнинг “Фоний гулшани” (2011) каби жами йигирма еттита асарни она тилимизга ўгирган. Шунингдек, Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий”, Сотим Улуғзоданинг “Фирдавсий” каби романлари таржимаси ҳам Жамол Камол қалами билан ўзбек тилига ўгирилган.
У публицист сифатида “Маккайи Мукаррама, Мадинайи Мунаввара” (1992), “Буюклардан буюк Муҳаммад алайҳиссалом” (2017) асарини яратиб, исломий маърифат ва маънавиятнинг ривожига ҳисса қўшди.
Жамол Камол адабиётимиз ривожига қўшган муносиб хизматлари учун 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвонига сазовор бўлган.
Жамол Камол 2022 йил вафот этган.