Азим Суюн (1948 - 2020)
Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилояти Накурт қишлоғида туғилган. Бу овлоқ қишлоқ Нурота тоғларининг Қоратоғ тизмаси орасида жойлашган. У 1969-1971 йилларда ҳарбий хизматда бўлди. Хизматдан қайтгач, ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетининг кечки бўлимида ўқиган.
Азим Суюннинг илк шеърий машқлари, мақолалари ўқувчилик кезларидаёқ “Гулхан”, “Ғунча” журналларида, туман, вилоят газеталарида ёритила бошлади. Биринчи китоби – “Менинг осмоним” (1978). Шундан сўнг шоирнинг “Зарб” (1979), “Замин тақдири” (1981), “Хаёлот” (1984), “Зиё йўли” (1986), “Жавзо” (1987), “Олис тонглар” (1989), “Куйганим-суйганим” (1992), “Сарбадорлар” (1994), “Қора кўзинг сенинг” (1994), “Сайланма” (1997), “Ўзлик” (1999), “Шарқ ҳикмати” (2000), “Эй дўст” (шеърий қайирмалар, 2005), “Ватан фасллари” (2007), “Муҳаббат ҳайратлари” (2009), “Андиз ўсган ерларда” (2012), “Эй дўст” (насрий қайирмалар, 2014), “Навоийдан топдим” (2015), “Мен – ерликман” (шеърлар ва достон, 2020) номли китоблари нашр этилди.
Шунингдек, шоирнинг 7 жилдлик “Танланган асарлар”и Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилмоқда. Уларнинг 1-жилди “Эй дўст” 2009 йил, 2-жилди “Ўзбекюрт” 2015 йил, 3-жилди “Мен сизни севаман” 2016 йил, 4-жилди “Туғдона” 2020 йилда китобхонлар қўлига етиб борди.
Азим Суюннинг бир қанча шеърлари, шеърий туркумлари, китоблари, рус, инглиз, турк, қозоқ, тожик каби ўнлаб тилларга таржима қилинган. Ўз навбатида унинг ўзи ҳам бир қанча чет эл шоирларининг асарларини ўзбек тилига ўгирган.
Азим Суюн “Қайирма” жанрига асос солди. Унинг шеърий ва насрий қайирмалардан иборат “Эй дўст” китоби маълум ва машҳур бўлиб, бир неча бор чоп этилган. Шунингдек, шоир ижодида “Иморат ва ёки бир томчи Денгизга айланган кеча достони”, “Замин тақдири”, “Сарбадорлар” драматик достони, “Ўзбекистон” достони алоҳида аҳамиятга эга. Унинг “Ўзбек давлати” достони эса мустақиллик мавзусидаги етук асарлардан биридир.
Шоир 1991 йили “Ўзбекистон” достони ва бир туркум шеърлари учун Абдулҳамид Чўлпон номидаги биринчи халқаро мукофотга сазовор бўлган. 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан мукофотланган.
Азим Суюн 2020 йилнинг 9 март куни вафот этган.