ФАЛАКНИ ЁРГАН ФАРЁД
Қўчқор НОРҚОБИЛ.
ФАЛАКНИ ЁРГАН ФАРЁД
(Ҳикоя)
— Худойимдан сўровим шу: сенинг ўликкинангни ит есин! Ўлигингни ит емаса мен Худодан норозиман!!!
....................................................................................................................................
Режиссёр саҳнанинг қоқ ўртасида туриб бўм-бўш залга, мен томонга қараб ўшқиради:
— Ўхшамаяпти! Бошқача қарғишлар тиқилиб ётибди-ку-а! — Сўнг аёл ролини ижро этаётган Шодияга юзланади. — Тўғрими?
— Т-т-т-тўғри, — бир гапни қайтаравериб силласи қуриган актриса шивирлаб қўяди.
Мен ўрнимдан шаҳд тураман.
— Йўқ! Баҳри опа шундай қарғовди. Ҳамон қулоғим остида жаранглаб турибди.
...Олтинчида ўқирдим. Пахта терими авжи қатағон. Дала шийпонида бола-бақра биғиллаб йиғлаяпти. Супа четида тутлар орасида тортилган беланчаклар, бешик ва симкароватларда ётган гўдаклар бири қўйиб бири олади. Норасидаларга қараб турган аёл — Тўхта хола билан Қумри опанинг жони ҳалак. Улар бу ерда “болабоғча” бўлиб қолишган, йиғлоқиларнинг оналари эса далада. Ҳа, у пайтлар шундай эди, уйда тирик жон қолмасди — ҳаммани пахтага ҳайдашарди. Мен самоварни тол соясига ўрнатиб гуруллатиб олов ёқдим-да, “болабоғча”ларга кўмаклашдим. Ҳали у бешикни, ҳали бу беланчакни табратмаман, қани тинишса. Чинқироқ шаввозларнинг бари очиққан, зор қақшашаяпти. Самоварчи бўлиб шийпонда қолганимга минг пушаймон едим. Иложим ҳам йўқ эди-да, навбатим келувди.
Тушликка ҳали анча бор. Гўдаклари овозини эшитган аёллар даладан бирин-кетин чиқиб кела бошлашди. Шийпон вағур-вуғурга тўлди, оналар гўдакларига кўкрак тутишди. Мен тескари қараб, самоварга ўт қалайман. Бригадиримиз Ҳайдар тоға пайдо бўлди. Ранги-қути учган. Дирдирайди.
— Булар нима қилаяпти-а? Шу бугун чидаб туришса ўлармикин! Нарги шийпондан катталар йўлга чиқишди. Бизга келишаяпти.
Ҳайдар тоға супа гирдидаги тол соясида уюлиб ётган тугун-тақа — теримчилар уйларидан олиб келган емак идишларга ижирғаниб қаради. Қуруқ нон, пиёз, помидор-бодринг, сузмадан иборат бу тугунчалар шундоғам тушликда гумдон бўларди, лекин бригадир негадир уларга катталарнинг назари тушишини истамади. Нега шундай, мен англамадим, ҳайронман, бунинг нимаси ёмон. “Болабоғча” опалардан бири шоша-пиша уларни шийпон ичкарисига олиб кириб, кўздан пана қилди. Чаққонроқ аёллар гўдакларини тапур-тупур эмизиб ўзини далага уришди. Супада қўшнимиз Баҳри опа билан яна иккита ёш келинчак қолди.
— Баҳри, сенлар нега тўрвадай бўп ўтирибсан, охири мени ўлдириб қутиласанлар! Тур, бола-поланг билан пахтанинг ичига кириб ўтир. Анавилар кеп кетсин, кейин чиқасанлар.
Бригадирнинг гапи оғзида қолди. Шийпон биқинига, супага рўпарама-рўпара иккита “Волга” келиб тўхтади. Шошиб қолган Ҳайдар тоға улар томон югиргилайман деб, ўқариқ четида оёғи тойиб, йиқилиб тушди, сапчиб ўрнидан туриб, кетининг чангини қоқди-да, катталарга қараб чопди. Катталар супа ёнига келиб бўлишганди. Баҳри опа ва икки жувон ҳам ўрнидан туришди. Киррати фартугини судраб пахтазорга юрғалашди.
Катталар менинг кўзимга жудаям сирли салобатли туюлди. Улар тўрт киши эди. Айниқса, кўкимтир костюм-шим, оппоқ шляпа кийган, басавлат ўрис амакининг салобати босди, оёқ-қўлим бўшашиб, аъзойи-баданимни титроқ тутди. У ярим ўзбек, ярим ўрисчалаб ёнидагиларга овозини баландлатиб дакки берди. Айниқса, бригадиримиз Ҳайдар тоға дағ-дағ титрайди, бошқалар ерга қараб жим қотишди. Худди мактабимиз директори Соли муаллим бизни доскага чиқариб таъзиримизни берса, шундай мум тишлаб турардик. Демак, энг каттаси шу экан деб ўйладим.
У менга қараб нимадир деди.
— Я Самовар. Самовар, — дедим тутилиб.
— Тут ҳамманг чай пиёш, да, пактани ким теради?
У ёнидаги одамга ўдағайлади.
— Видеш! Ҳеч ким пакта термайди. Ҳамма чай пиёт. Ты понял? Ты видел?
Гап эшитган, билмасвой, “иккичи” шлаяпали амаки ҳам бош эгиб ўрисчалаб нимадир деб минғирлади.
Савлатдор каттакон келиб жаҳл билан самоварни тепиб юборди. Мен ўзимни зўрға четга олдим. Ағнаган идишдан қайнаб турган сув варқиллаб отилди. Шу тобда ёнгинамиздаги серсоя толнинг ерга тўшалган қуюқ новдалари орасидан қулоқни қоматга келтирадиган даражада даҳшатли чинқириқ отилди. Ҳамма тош қотди. Қайноқ сув сачраган ербўта тол новдалари ортида юзтубан ҳолда тўлғанаётган ярим-ялонғоч болакайга кўзим тушди. Шу лаҳза эгат бошидаги Баҳри опа уввос тортиб шамолдай учиб келди-да, ҳамон чинқираётган гўдакни бағрига олиб, турган жойда чириллаб айланаверди. Бола биғиллай бошлади, сўнг уни учди. Унинг кўксидаги ҳушсиз гўдакни “болабоғча” опа чопиб келиб қўлига олди. Баҳри опа худди ўлжасига ташланган калхат каби дод солиб ҳалиги ўрис каттага ҳамла қилди. Бригадир опанинг йўлини тўсиб қолди. Шунда Баҳри опа ув-ув йиғлаб қиблага қаради-да, фарёд чекди, қарғади:
— Худойимдан сўровим шу: сенинг ўликкинангни ит есин! Ўлигингни ит емаса мен Худодан норозиман!!!
Опа шилқ этиб супага йиқилди. Ҳалиги салобатли катта шошиб гандираклаб “Волга” томон юрди. Машина бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Баҳри опа ва гўдагини иккинчи “Волга”га ўтқазишиб шифохонага олиб кетишди.
...Ўша воқеа хиёлимда қайта жонланади. Мен ноилож ўрнимдан тураман. Саҳна ёнига бориб асабий ҳолда истеҳзоли қараб турган режиссёрга парво қилмай, актрисага юзланаман:
— Ахир у сизнинг жигари жонингиз. Атак-чечак гўдагингиз устига қайноқ сув қуйиворишди. Шу воқеани кўзингиз билан кўриб турибсиз. Нима қилардингиз? Айтинг, нима қилардингиз?..
— Менга қара, донишманд, — дейди режиссёр энди тутақиб, — ахир у бу ҳолатга туша олди, фақат анави қарғишни эпақага келтир, тамом-вассалом!
— Йўқ, Бунинг иложи йўқ!
— Нега?
— Биласизми, ўша гўдак ҳозир ўттиз олти ёшда. Бир оёғи ишламайди, қуриб, чўлоқ бўлиб қолган. Худога шукр, Баҳри опа ҳам ҳаёт. Худо хоҳласа, спектакль қўйилса Баҳри опани ҳам, Ўлмасжонни ҳам, ўшандан кейин уни Ўлмасжон деб чақиришадиган бўлишди, Ўлмасжонни ҳам театрга таклиф қилмоқчиман.
Режиссёр менга ажабсиниб қарайди. Бошқалар ҳам ҳайрон. Бу гапимнинг режиссёр қўйган талабга қандай даҳли бор? Булар боғдан, мен тоғдан келганимни ўзим ҳам сездим.
— Бўпти. Сен ўйлагандай бўла қолсин!
— Раҳмат Сизларга. Мен энди бошқа келмайман. Худо хоҳласа, премьерадан сўнг Шодия, мен сизга бир воқеани гапириб бераман.
Режиссёр энди тутоқди:
— Сени бу ерга топишмоқ айтгани чақирмагандим. Қайсарлигинг учун ташаккур.
Мени ўзига яқин олиб укасидай сенсирайдиган режиссёр Марат аканинг лов этиб ёниб яна ҳовуридан тушишини яхши билганим учун у кишининг аччиқ-тизйиқ гаплари сира оғир ботмасди.
Спектакль намойиши яхши ўтди. Томошабин олқиши, гул, қарсак ва ҳоказо... илиқ гаплар... Янги асар шарафига актёрлар ва яқин дўстлар бир пиёла чой устида йиғилдик. У-бу нарса тортилиб, қадаҳлар айланди. Бироздан сўнг:
— Қани, намойишдан кейин бир гап айтаман девдинг, эшитайлик энди, — Марат ака жиддий юзланди. Шодия, бошқа актёр ва актрисаларнинг ҳам кўзи менда. Давра жим.
— Айни дам айтолмасканман. Банкетдан сўнг, эртага айтаман. Йўқ, яхшиси,— ён чўнтагимдан буклоғлик қоғоз чиқариб уларга кўрсатдим, — мана, асосий гапни шу ерга ёзиб қўйибман. Эртага Марат ака ва Шодия, сизга бераман.
Қоғозни яна чўнтагимга урдим. Куй-қўшиқ янгради. Марат ака аҳён-аҳёнда менга ҳайратомуз қараб қўяди.
Мен ўз хаёлларим билан бандман. Оллоҳим насиб этса, театрга Баҳри опа ҳамда Ўлмасжонни таклиф этиш ва уларнинг биринчи қаторда ўтириб спектакль томоша қилишини тасаввур айлаб хурсанд бўламан, ҳаётимдаги энг муҳим ишни қойилмақом қилиб бажарган каби ич-ичимдан тўлиқаман. Ён чўнтагимда чап кўксимни куйдириб турган бир парча қоғозга битилган мактубни яна хаёлан такрорлай бошлайман:
“Қадрдоним Марат ака, синглим, Шодия! Бу асарни ёзишга аянчли бир воқеа сабаб бўлди. Миллатимиз пешонасига тавқи-ланъат бўлиб урилган, ўша саксонинчи йилларда халқимизни қирган қатағон — “Ўзбек ва пахта иши” ҳақида ёзиш учун кўп ҳужжатлар тўпладим. Ушбу драма ҳам изланишларимнинг бир парчаси холос. Мен бошқа нарса ҳақида гапирмоқчиман, гўдаги ўлим талвасасида типирчилаб чинқирганда муштипар аёлнинг кўксида қалққан фарёд замбаракнинг ўқидай отилиб, осмонни қоқ ёриб юбориши мумкин экан. Онанинг қарғиши бутун миллатнинг қарғишига айланса-чи?
Мен ўша олтинчи синфда ўқиётганимда гувоҳ бўлган воқеани эсласам, ҳануз оёқ-қўлим бўшашиб кетади.
Кейинчалик, университетни тугатгач, ўша давр воқеалари “қаҳрамонлари”ни сўраб-суриштирдим. Оқ “Волга”да келган амакиларнинг бири Олтиндала туманимизнинг каттаси бўлган экан. Ўша пайтлар Райком секретари дейишарди. У киши ҳозир қўшни туманда яшайди. Қариб қолган. Бир неча бор гаплашганман. Яқинда эса ўша воқеани эслатганимда, анча мулзам тортди. Кекса одам, ўзини қўярга жой тополмади. “Замон шундай эди-да, болам, ярамга туз сепмагин”, — деди. Олтиндалага шу пайтлар вилоятнинг иккинчи каттакони Борис Борисович Бачкарёв вакил бўлиб тайинлангани, у аблаҳ пахтани қўшиб ёзишга бошқаларни жалб этиб, ўзи сувдан қуруқ чиққани, жуда кўплаб ўзбек раҳбарларини қаматиб юборганини бориб учрашганим “Райком бово” айтмаса ҳам олдиндан билардим. Ҳатто уни қилар ишни қилиб охирида ўз юрти В... га жўнаб кетганини ҳам аввал эшитгандим.
— Райком бова, эсингиздами, ўшанда боласи куйиб қолган аёл зор-қақшаб қарғаганди. Мен бундай қарғишни ҳеч қачон эшитмагандим. Ҳанузгача ўша қарғиш қулоғим қаърида жаранглаб туради. Пахтазор олдидан ўтолмайман. Ўтсам, Баҳри опанинг “Худойимдан сўровим шу: сенинг ўликкинангни ит есин! Ўлигингни ит емаса мен Худодан норозиман!!!”, — деган қарғиши акс-садо беради.
“Райком бово” бир силтанди. Менга бақрайиб қараб тураверди.
— Ўша аёл шундай деб қарғанганмиди?, — иҳранди. Ранги докадай оқариб кетди.
— Эсингизда йўқми?
У бош чайқади. Саксонга яқинлашиб қолган чолнинг рўйи аҳволини кўриб қўрқиб кетдим. Ҳансирайди. Пиёлада сув тутдим. Ютоқиб ичди. Лаблари пир-пир учади. Эсанкираб қолди.
— Аёл шундай қарғаганмиди? — Анчагача бир нуқтага тикилиб қолди. — Борис Борисовичнинг ўлигини чиндан ҳам ўз уйидаги ити еб қўйган, — деди у қалтироқ оҳангда.
— А-а-а? Нима деяпсиз?
Мен ўрнимдан сапчиб туриб кетдим. Аъзойи-таним жимирлаб, соч толаларим ўрнида бошимга сон-саноқсиз игна санчилгандай бўлди.
Хуллас, “Райком бова”дан бу даҳшатли воқеани эшитиб карахт бўлиб қолдим.
Фожиа тафсилоти шундай эди: “Пахта пиши” тўс-тўпалони авж олгач, сувдан қуруқ чиққан сувилон Борис Борисович ўз шаҳрига жуфтакни ростлайди. У ёқда йиллар ўтиб хотини қазо қилади. Ёлғиз ўғли билан яшайди. Аллақайси нуфузли идорада ишлайдиган ўғил хизмат сафарига йўл олади. Ота эса ўғлининг арзанда ити билан уйда қолади ва кунларнинг бирида эшик илгагига ҳам етиб боролмай уй ичида жон беради. Қулфи калит урилган хонадонда беэга қолган мурдани кунлар ўтиб очликка чидай олмаган ит ғажиб еб тугатади...
Мен бу воқеани театрга драма топширилгандан сўнг эшитдим. Олдин хабардор бўлганимда ҳам мудҳиш манзарани қўшолмасдим. Ё қўшармидим-а? Билмадим, билмадим. Энг муҳими, Баҳри опанинг қон-қақшаган ҳолатини очиб бериш учун унинг ботинидан гувиллаб, ўкириб чиққан ўша қарғиш ўрнини босоладиган бошқа гап топишга ожизлик қилаётганимни, бу нолаи-фиғон ўрнини ҳеч бир гап босолмаслигини ҳис қилган эдим... Буни сизлар ҳам англаганингиз учун ташаккур! Раҳмат. Марат ака, Шодия! Омон бўлинглар...
Ҳурмат билан муаллиф...”.
...Давра энди янада чароғон тортган, аҳли санъат юзида табассум учқуни чарсиллай бошлаган эди.
— Бугун ҳеч нарсани ўйламанг, негадир фаромушсиз, — дейди ёнимдаги дўстим. — Қани олдик, премьера муборак бўлсин!
— А-а? Хўп.
— Нимани ўйлаяпсиз?
— Инсонга зулм, айниқса, халққа ситам қилиш бежавоб қолмаскан-а?, — дейман.
— Сиз чиндан ҳам бугун бошқачароқсиз, нималарни ўйлаяпсиз? — дейди дўстим.
Мен энди жилмаяман. Давра уммондаги қайиқ каби чайқалибгина турибди.