Холбиби Садинова вафот этди


   Холбиби Садинованинг вафотидан қайғуга чўмдим... Холбиби опани руҳлари шод, охиратлари обод, жойлари Жаннатда бўлсин. Охирги маротаба 14 Декабрда, туғилган кунлари муносабати билан табриклаганимда ёзишган эканмиз. 
   Одатим, маълумотни ҳар йили янгилайман (кимдир мукофот ё унвон олган ёки китоб чиқарган в. ҳ.) бўлиши мумкин. 
   Холбиби опа, ўзгаришлар борлигини айтиб, ўзини эмас, фарзандларининг ютуқларидан қувониб ёзгандилар... "Ўзгаришлар бор. Машҳура Туркия - Ўзбекистоннинг "HAVAS" қўшма корхонасида бош директор ёрдамчиси,  Мадина эса "Голден Хаус" корхонасида етакчи мутахассис бўлиб ишлаяпти. Умиджоним фан доктори бўлди.", - деб ёзганди ўшанда. 
   Холбиби опа билан шахсан таниш эмас эдим. Тележурналист - Шоҳира Ҳамро орқали кўрсатувларида раҳматли Онам билан бирга иштирок этганларида кўриб, таниганман. Шундан сўнг бир икки телевидениеда кўришиб, салом-алик қилдик. Жуда маданиятли, маънавияти юксак, хушмуомала аёл эди... Туғилган кунларимда табриклар, қайғули кунларимда таъзия билдирадиган эътиборли эканлиги билан ҳурматимга сазовор бўлганди... 
   Холбиби опа, илоҳим, жойингиз Жаннатда бўлсин... Оила аъзоларингиз, қариндошларингиз, шогирдларингизга таъзия билдираман. Мен учун ҳамиша ҳаёт бўлиб қолаверасиз... Шу учун таъзияни ёзаяпману бевосита ўзингизга мурожаат қилаяпман. Қиёматда дийдор кўришгунча...
   Азиз фарзандлари телеграм орқали бу ҳақда менга ҳам хабар ёзишибди. Жаноза 15 март куни, соат 11.00 да Навоий вилоят, Навбаҳор туманидаги Янги қўрғон қишлоғи, Файзиев Тош ота уйларида бўлар экан...
  
   Маълумот: Холбиби Садинова - Навоий вилоятининг энг катта тумани ва Навбаҳор туманининг энг катта қишлоғи-Янгиқўрғонда ўқитувчилар оиласида туғилган. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатган.
   Рус тили ўқитувчиси бўлиш, у тилни мукаммал ўрганиш истаги кучли бўлгани учун Республика рус тили ва адабиёти институтига ўқишга кириб, уни 1979 йилда "За отличную учебу" кўкрак нишони билан тугатган. Иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаб, кейин боғча мудираси, ХТБда методист, инспектор, сўнг эса Навоий давлат педагогика институтида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 
   1996 йил вилоятда биринчи, Республикада учинчи бўлиб очилган янги типдаги ўқув муассасаси-Навоий академик лицейига директор этиб тайинланган. 1996 йилда "Халқ таълими аълочиси", 2001 йилда "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими аълочиси, 2001 ва 2006 йилда "Мустақилликнинг 10 ва 15 йиллиги" кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
   2001 йилда вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб-ҳунар бошқармасига бошлиқ ўринбосари - "Маънавият ва маърифат бўлими" бошлиғи бўлиб ишга ўтган. Нафақага чиққанидан кейин яна 5 йил Навоий индустриал-иқтисодиёт коллежида директор ўринбосари бўлиб ишлаган. Ўғли, 4 нафар қизлари, 12 нафар набиралари бор. Барчаси олий маълумотли, нуфузли жойларда фаолият олиб боришаяпти. Ўғли Умиджон олийгоҳларнинг бирида декан ўринбосари, фан доктори, Дилафрўз қизи Туркия - Ўзбекистон ҳамкорлик корхонасида "Назорат-синов бўлими" бошлиғи, Машҳура қизи Туркия - Ўзбекистоннинг "HAVAS" қўшма корхонасида бош директор ёрдамчиси, Сабина қизи ЎзМТРКнинг "Ўзбекистон24" каналида журналист ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Агентлиги"да матбуот котиби, кенжатой Мадина эса "Голден Хаус" корхонасида етакчи мутахассис вазифасида ишлаб келишмоқда.
   Холбиби Садинова бўш вақтларида ижод билан ҳам шуғулланиб турар эди. Ижод намуналари Навоий вилояти ва туман газеталарида, 1994 йилдан ҳозиргача  "Шарқ юлдузи", "Саодат", "Санам" журналлари, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати", "Бекажон", "Репетитор" ва бошқа матбуот нашрларида эълон қилинган. 2006 йилда "Сен ҳеч кимга бермаганим" номли шеърий тўплами чиққан.
  Телевидениеда "Тошкент" канали ижодкорлари билан ҳамкорлик қилиб келган.
Мен сени олисдан севиб яшадим.
Усмон Азим.

Қанча осмон билан ернинг ораси,
Ўт билан оловда борми ўхшашлик?
Энди орамизда минглаб масофа,
Эҳ, ёшлик, ёшлик...

Сен ширин тушдайин ўтдингу кетдинг,
Дилда хотиралар, бошимизда қор.
Йигитнинг қўлидан музқаймоқ олмоқ,
Кинога боришлик ор эдида, ор.

Замон бошқа эди, замонлар қолоқ,
Битта мактуб билан кўнгил тўларди.
"М.с.с." ёзилган парча қоғозни,
Мактуб деб ташувчи кимдир бўларди.

Нома ўқиларди кимсасиз жойда,
Кимсасиз жойда ҳам қизарарди юз.
Ногаҳон дуч келса севган юраклар,
Ерга боқиб ўтиб кетар эди кўз.

Бегона кўзлардан яшириб ҳисни,
Жавобсиз қоларди  қанчалар нома.
Ўтган, қайтганида парда ортидан,
Боқсам, сирим билар эди бир хонам...

Ҳаётимга яна кириб келдинг, Ишқ,
Яна ўчган ўтга ўзни ташлайман.
Ёнингда тургандек сезиб тафтингни,
Мен Сени узоооооқда севиб яшайман.

Холбиби САДИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот