Соғинсам нима қилай?


Ёшлигим-ла узоқларда қолган йигит,
Ақлу, хушим ўзи билан олган йигит,
Бир кун келиб, севгисидан тонган йигит,
Бугун яна суратингга кўзим тушди.


Булутларим ёриб чиққан ойим бўлдинг,
Кўз ёшимдан жилдираган сойим бўлдинг,
Юрагимни ўғирлаган хоин бўлдинг,
Бугун яна суратингга кўзим тушди.


Шеър тўкилди , ёзолмайин қўлим ёнди,
Хотирлардан вайрон бўлган дилим ёнди,
Севишимни титраб айтган тилим ёнди,
Бугун яна суратингга кўзим тушди.


Ҳар тун сочим ўз- ўзимга дорлар бўлди,
Жиловланган туйғум сенга зорлар бўлди,
Сенга етмай севгим бунда хорлар бўлди,
Бугун яна суратингга кўзим тушди.

 

БУ ТУН

 

О, нақадар чиройли бу тун, 
Кўзингиздек юлдузлар кулар. 
Ақлу-ҳушим олдингиз бутун, 
Сиз-ла олам қувончга тўлар.


Булутларни йиртиб чиқар ой, 
Зиёсини дилга сочмоққа. 
Номозшомгул очади чирой, 
Шайланади бағрин очмоққа.


Киприкларим титрар беуйқу, 
Ҳисларимни гувоҳи улар. 
Юрагимда ажиб бир туйғу, 
Бу не холки, у титраб турар.


Боколмайди сотқин, қўрқоқ кўз,
Нигоҳингиз нақд жон олади. 
Тош қотади тилим айтмай сўз,
Қалб-чи, сизни ЖИМ ТАН ОЛАДИ!!!

 

***

Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Бир кун мени адо қилади.
Ишқ домига чўктириб буткул,
Мажнунсифат гадо қилади.


Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Самоларга элтяпди мени.
Ҳаёлларим бирам чалкашган -
Тинсиз таъқиб этяпди уни.


Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Юрагимга чўғ, оташ солди.
Бир сония тинч қўймас мени-
Ҳаловату тинчимни олди.


Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Бунча дилхуш, бунча мунаввар.
Дунё гўзал, дунё ўзгача,
Хушбуй гуллар сочмоқда анбар.


Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Чорламоқда мени яшашга.
Умидларим чироғин ёқиб,
Сочларимни минг хил тарашга.


Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Осмонига олиб кетмоқда.
Ишқдан шароб тутқизиб менга,
Олам- олам гуллар тутмоқда.


Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Тунларимни нурафшон қилди.
Чимдимгина меҳрини тутиб,
Кунларимни фаровон қилди.


Ўша кўзлар, ўша қарашлар,
Бахт улашди ҳар бир онимга.
Кўзим очди, дунёни кўрдим,
Қайтадан жон берди жонимга.

Ўша кўзлар, ўша қарашлар!!!!


БИР КУНИ

Бир куни сен мени излаб қоласан,
Излайсан, топмайсан, шунда ёнасан. 
Менчи, шунда томчи ёшга айланиб,
Кипригингга иниб, лабинг ёқаман.

Бир куни излайсан бедор тўлғониб,
Кўксингни зах ер ҳам совитолмайди.
Дилингни очасан ўзингга ногоҳ,
Лекин тилларингни сўзлатолмайди.

Бир куни излайсан қорачуғингдан,
Фақат мунг топасан  ва бир томчи ёш.
Дард ила боқасан синиқ ойнага,
Сийратинг ҳолсиздек эгилади бош.

Бир куни излайсан, юлдузга боқиб,
Чарақлаб кўринса таниш кўзлар деб.
Сузиб юрган ойга бўзлаб қоласан,
Менинг юзларимдек иссиқ юзми деб.

Гулларни кўрганда, ёнади қалбинг,
Ифори эслатар сочим ифорин.
Шунда бирдан талваса енгади сени,
Йўқотганинг сезасан умринг баҳорин.

Муҳаббат уволи лойга айланиб, 
Кемтик юрагингга ўрнашиб олар. 
Менинг суратимни ўчиролмасдан,
Бир куни юрагинг уришдан қолар!!!


НИМА ҚИЛАЙ?


Келинг, мен ҳам осмонда,
Тўлин ойдек бир тўлай.
Ҳа , мен ўша ёмонда,
Соғинсам нима қилай?


Тўлишмаган ойманда.
Кўз ёшлари сойманда.
Камони йўқ ёйманда.
Соғинсам нима қилай?


Кўзим гирёна йўлда.
Ақлим ҳайрона чўлда.
Бир дунё гаплар дилда.
Соғинсам нима қилай?


Дард дегани дилимда.
Мингта ошиқ йўлимда.
Қизил гуллар қўлимда.
Соғинсам нима қилай?


Ёрсиз дарди бедаво.
Дардимга борми даво?
Етмай кетяпди ҳаво.
Соғинсам нима қилай?

 

Комила ҲИЛОЛ.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот