Хасанбой Ғойибга табрик
Тожик - Ўзбек шоири, таржимон, серқирра ижодкор, кўплаб халқаро адабий мукофотлар соҳиби, Тожикистон Ёзувчилар Уюшмаси ва Русия адабиёт Академияси аъзоси, Марказий Осиё Адиблар ва тарихчилар Уюшмаси масъул котиби Хасан Холмирза Ғойибни таваллуд топган айёми билан табриклаймиз!
Маълумот: шоир ва таржимон Хасанбой Ғойиб 1968 йилнинг 1 январида Тожикистон Республикаси Регар шаҳрида таваллуд топган.
Ўн икки ёшидан шеър ёза бошлаган. Илк шеъри 1984 йилда "Ленин йўли" газетасида эълон қилинган.
“Руҳим ранглари”, “Уйғониш фасли”, “Кўнглим гуллари”, “Юракнинг маҳзун тунлари”, "Дийдор соғинчи" (таржималар), “Ҳаёт беланчаги”, "Тайна Глубины" ва “Хаёл чечаклари” каби шеърий ва "Мозийга айланган йиллар", "Аҳиллик ҳам ибодатдир" ва "Аз азал дўсту қадрдон" каби насрий китоблар муаллифи. Шеърлари рус, инглиз, немис, поляк, украин ва ўндан ортиқ турк халқлари тилларига таржима қилинган. Ўзбек, тожик, рус ва немис тилларида шеърий тўпламлари нашр этилган. Халқаро Анжуманларда иштирок этиб диплом ва сертификатлар билан тақдирланган. Рус, тожик, турк, қўмиқ, уйғур, қозоқ ва болқор шоирларининг шеърларидан намуналар таржима этиб китоб шаклида чоп этган.
Тожикистон Ёзувчилар ва журналистлар Уюшмасининг аъзоси, Маданият аълочиси.
Русиянинг "Олтин қалам" мукофоти соҳиби. Русия Ёзувчилар Уюшмасининг Иван Бунин ва Лев Толстой номидаги адабий мукофотлари билан тақдирланган.
ЎЗБЕК ТИЛИМ
Туркий тиллар гултожи ўзбек тилим,
Гул кўнглимнинг меърожи ўзбек тилим.
Олам ичра оламдир инсон қалби,
Қалбимдаги сирожим ўзбек тилим!
Ўз овозим, созимда куйлаш учун
Бор сенга эҳтиёжим ўзбек тилим.
Икки жаҳон мулкидан азиз билдим,
Тенгсиз дуру хирожим ўзбек тилим!
ШОИРЛИК
Шоирликни маддоҳлик билиб,
Қалам тутган булҳаваслар кўп.
Топган сўзни қофия қилиб,
Мадҳиялар ёзишар тўп-тўп.
Англолмаслар, шоирлик асли,
Худо берган дарддир, жабрдир.
У тамаъга бўлмагай таслим,
Шоир қалби улкан қабрдир.
Фақат ёниб битса ярашар,
Она юртни куйлаб қасида.
Шоир таъма либосин ташлар,
Шеъриятнинг бўсағасида.
АРАФА КУНЛАРИ
Арафа кунлари муҳаббат билан
Кўнгил эшикларин очиб қўйинг ланг.
Кимнингдир дилини оғритиб билмай,
Кимгадир яхшилик қилгансиз, эсланг.
Арафа кунлари меҳрингиз дўстлар
Асло дариғ тутманг бир-бирингиздан.
Токи яхшиликнинг гул, чечаклари
Яшнаб униб чиқсин дил тўрингиздан.
ЯНГИ ЙИЛ ТИЛАГИ
Умримизнинг дарахтидан чирт узилди,
Яшнаб турган яна битта япроғимиз.
Яратганга шукроналар келтирайлик,
Ҳеч сўнмасин дилда умид чироғимиз.
Тилагим шу: янги йилда барчамиздан
Савоб ишлар ҳамда ширин сўзлар қолсин.
Кексайган чоғ эслаганда армон эмас,
Юракларда эзгуликдан излар қолсин.
ГУЛЛАР ТАБАССУМИ
Гуллар табассумин сиз кўрганмисиз?
Чиройли табассум ќилади гуллар.
Улар суҳбатида ҳеч бўлганмисиз-
Кулганда юракдан кулади гуллар!
Гуллар табассумин сиз кўрганмисиз?-
Инсонга яхшилик тилайди улар.
Бахш этар эзгулик, бахш этар шодлик
Шундан яйраб-яшнаб унади гуллар!
Гуллар табассумин сиз кўрганмисиз?
Самимий табассум қилади гуллар.
Сохталикни билмас, ёлғондан кулмас-
Ёлғон табассумдан сўлади гуллар!
ОНАЛАР БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ
БИЛАН ЁЗИЛГАН ШЕЪР
Онадек вафодор борми дунёда?
Онадек фидокор борми дунёда?
Онадек ватандор борми дунёда?
Онадек Ҳаққа ёр борми дунёда?
Онадек бахтга ёр борми дунёда?
Борлигин бахш этиб фарзанди учун
Унинг камоли деб аямас кучин.
Ранжитса кечирар, олмагай ўчин,
Хақ талаб қилмагай хизмати учун,
Бахтли санамасин ўзини нечун?!
Ундан ўрганайлик вафодорликни,
Ундан ўрганайлик фидокорликни,
Ундан ўрганайлик ватандорликни,
Ундан ўрганайлик Ҳаққа ёрликни,
Ундан ўрганайлик бахтиёрликни!
Кўзимизга суриб хоки пойини,
Уй тўрида тутиб унинг жойини,
Поёндозлар тўшаб атлас, шойини,
Дастурхонга қўйиб ширмой нонини,
«Онажон, сен менинг ягонам» дейлик,
«Дилдаги энг гўзал таронам» дейлик!
Сен борсан дунёда-мен бахтлидирман,
Бошдаги тож ўзинг, мен тахтлидирман!
Сенинг меҳринг ила мен аҳдлидирман,
Дунёда сен ўзинг ягонам,- дейлик,
Дилдаги энг гўзал таронам дейлик,
Онажон, cен менинг ягонам» - дейлик!!!
ТУМОР
Олисларга кетиб қолган ҳумо қушим
Сизнинг бирла учиб кетди ақлу ҳушим
Умрлик ёр атаганим ширин тушим,
Севгимизнинг чинлигини билиб ќўйинг,
Чимилдиққа ундан тумор илиб қўйинг.
Минг тасаддуқ ишққа содиқ қолганларга.
Жазо бордир муҳаббатдан тонганларга.
Аҳд паймонлар айландиму ёлғонларга?
Севгимизнинг чинлигини билиб қўйинг,
Чимилдиққа ундан тумор илиб қўйинг.
Гарчи сизни мос кўрмади менга тақдир,
Бахтим қаро бўлса ҳамки кўнглим оқдир.
Унинг бир ла бирга яшаб бўлинг бахтли,
Севгимизнинг чинлигини билиб ќўйинг,
Чимилдиққа ундан тумор илиб қўйинг.
Хасанбой Ғойиб.