ДУНЁДА ТУРМОҚ УЧУН ДУНЁВИЙ ФАН ВА ИЛМ ЛОЗИМДИР
Бизнинг суҳбатимиз
“ДУНЁДА ТУРМОҚ УЧУН ДУНЁВИЙ ФАН ВА ИЛМ ЛОЗИМДИР”
Беҳбудий миллатнинг виждони. Ватан, эл озодлиги учун курашган. Буюк муаллим сифатида биринчи жадид мактабини очган. Биринчи миллий рўзномани чоп этган. Театр ибодатхонадир, деган даъват билан биринчи саҳна асари “Падаркуш”ни саҳналаштирган. У ҳаёт бўлганида ҳозир 150 ёшга кирган бўларди. Маҳмудхўжа сиймосида миллат учун қайғурган ва қамалган, мудҳиш қийноқларга солиниб даҳшатли ўлимга маҳкум этилган маърифатпарвар жадидларимизнинг жонли тимсолини кўрамиз. Беҳбудийнинг эзгу ишлари учун қатл қилган бўлсалар-да, аммо буюк мақсадларини ўлдира олмади.
Озодлик, Ҳуррият... Бугун матбуотда, ойнаи жаҳонда, одамлар оғзида жаранглаб турган билан нондек тансиқ бу сўзлар Беҳбудийнинг таҳқирланган қалбига, бутун оиласи бошига қанча мусибатларни солган.
— Маҳмудхўжа Беҳбудий алангали ижтимоий чиқишлари билан халқни ғафлат уйқусидан уйғотишга интилган. Миллатни озод кўришни истаган. На уламоларнинг танқиди ва маломатлари, на мустабид тузумнинг таъқибу қаршиликлари шу муқаддас мақсадидан бир дақиқа ҳам қайтара олмаган, — дейди биз билан суҳбатда Самарқанддаги бобомизнинг муҳташам уй-музейининг чироғини ёқиб турган эвараси Шоҳруҳ Беҳбудий. — Бу йўлда қанча заҳар-заққум ютса-да, Ватани, халқи, миллати, тили, тарихи ва қадри учун курашган. Бобомиз 44 йил умр кўрган бўлса-да, 25 ёшидаёқ миллат ишига енг шимариб тўрт қўллаб киришган.
— Беҳбудий яшаган давр унчалик узоқ бўлмаса-да, замондошларининг хотиралари кам. Маҳмудхўжа Беҳбудий қандай инсон бўлган? Биз билмаган ҳақиқатлари ҳақида гапириб берсангиз.
— Бобомизнинг фожиали ҳалокатидан икки ой ўтиб энг катта набираси — тўнғич фарзанди Масъудхондан менинг отам туғилган. Беҳбудийнинг барча мол-мулки мусодара этилган. У киши ҳақида кўча-куйда гапирилмаган. Ҳожи Муиннинг ёзишича, Беҳбудхўжанинг асл исми Султонхўжа бўлиб, “Беҳбудхўжа” унинг тахаллуси бўлган. Бора-бора бу тахаллус унинг номига айланган. Ҳожи Муин туғилган санасини “1874” деб кўрсатиб, киндик қони тўкилган жойни Бахшитепа деса, Беҳбудийнинг қизи Парвинхоним отасини 1873 йилда Самарқанд шаҳри яқинидаги Ёмини қишлоғида туғилганини айтади. Академик Наим Каримов бу санани “1875 йил 19 январь” деб кўрсатади. Бобомиз қанча мақолалар, асарлар битиб, газеталар чиқарган бўлса-да, бирор жойда таржимаи ҳолини ўзи қўли билан ёзиб қолдирмаган. Сўнгги марта сафарга чиқиб кетганида ҳам яна уйга қайтаман, деб ўйлаган. Биз Беҳбудий ҳақидаги бошқа ҳақиқатларни ҳам замондошлари, шогирдлари ва сафдошларининг хотираларидан билганмиз. Бу ҳақида Садриддин Айний ёзади: “Беҳбудий ҳазратлари кўринишда ғоят маҳобатли эди... Ўз моли ҳақида бўлсин, халқ моли ҳақида бўлсин, иқтисодга кўп риоя қилар ва ижтимоий аҳволимизнинг тузилиши учун иқтисодга риоя қилишни биринчи шартлардан (деб) билар эди. Шунинг учун тўй ва азаларға бўлатурғон исрофларни ўзи бутун тарк қилғон ва сўзиға қулоқ солатурғонларни ҳам тарк қилдирғон эди”.
Илк марта 1983 йилда бобомиз ҳақида филология фанлари доктори, профессор Надимхон Беҳбудийнинг мақоласи чиққанда ҳайратга тушганмиз. Унда Айний таърифлагандек, бобомиз жуда салобатли, тик қараб гапиришга одам ҳайиқадиган киши бўлгани тасвирланади.
— Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳамма ният ва мақсадлари ҳозир ҳам долзарб. Бугун жадид мактаблари, дорилфунунларга асос солган Беҳбудий издошлари кўпайиб бормоқда. Хорижий тилларни билиш нуқтаи назаридан ҳам ёшларимиз анча фаол. Агар бобомиз ҳаёт бўлганида маориф тизимини янада ислоҳ этиш йўлида нималар қилган бўларди?
— Бобомиз миллатнинг тараққиёти учун хорижий тилларни билиш муҳимлигини қайд этиб, “Икки эмас, тўрт тил лозим” дея туркий, форс-тожик, араб, рус ва ҳатто, инглиз ёки француз тилларини билиш шарт деб ҳисоблаган. Ўзлари ҳам тўрт тилда бемалол сўзлашган. Бобомиз ҳар ким ўзи хоҳлаган нарсаси билан бемалол шуғулланиши, инсоннинг кучи кийимида эмас, унинг моҳиятида деган. Европача кўйлак кийиб ҳам чинакам мусулмон бўлиб қолиш мумкин. Зотан кийим уни кийган киши эътиқодининг моҳиятини ўзгартира олмаслигини айтган. Бобомиз яна бир мақоласида “Бошқа миллатларға қаралса кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир. Замона илм ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларға поймол бўлур” деган. Илмсизлик оқибати тасвирланган “Падаркуш” драмасида ҳам зиёлилар тилидан: “Болаларни ўз миллатимиз тилини билдургандан сўнгра ҳукуматимизнинг низомий мактабларинда бермоқ керакдур, яъни гимназия ва шаҳар мактабларини ўқуб тамом қилганларидан сўнг Петербург, Маскав дорилфунунларига юбориб дўқтурлик, закунчилик, инжирнерлик, судьялик, илми тижорат, илми зироат, илми иқтисод, илми ҳикмат, муаллимлик ва бошқа илмларни ўқутмоқ лозимдир... Шул тариқа ўқиган мусулмон болаларни Фарангистон, Амрика ва Истамбул дорилфунунлариға тажриба учун йибормақ керакдур”, деб ёзади.
Ўлимидан бир йил олдин туркий тиллар ичида ўзига хос нуфузга эга бўлган ўзбек тили давлат тили сифатида тан олиниши таклифи билан чиққан бўлса, ўлимидан кейин топилган васиятномасида ҳам: “Сизларга васият қиламан: маориф йўлида ишлай турғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Маорифга ёрдам этингиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингизлар! Озодликни тезлик ила юзага чиқарингизлар! Мумкин қадар кўпроқ янги мактаблар очиш, шунингдек маориф ва халқ саодатини таъминлаш соҳасида тинмай ишлаш бизга энг яхши ҳайкал бўлади”, дея мурожаат қилган. Беҳбудий орзу қилган дориламон кунлар келди. Бобомиз истагандек эвара, чеваралари ҳам икки тилда эмас, тўрт тилда бемалол сўзлашади. Ҳаммаси олий даргоҳларда таҳсил олмоқда. Улар орасида муаллимлар, техниклар, таржимонлар, шифокорлар, иқтисодчилар, олимлар бор.
— “Беҳбудия” кутубхонаси ўз даврида жуда машҳур бўлган. Китоб ва газета-журналлар ўқиш учун қироатхонага ташриф буюрган ҳар бир кишига Беҳбудий кўрсатмаси билан қайноқ қандли чой берилган. Неча чақирим йўл босиб келишга арзийдиган кутубхонадаги китоблар қаердан олиб келинган?
— “Беҳбудия” кутубхонасини ташкил этишда бобомизга домла Сиддиқий ва Шакурийлар ёрдам берган. Беҳбудий кутубхонанинг ташкилотчисигина эмас, балки ундан ўрин олган аксар китоб ва рисолаларнинг эгаси ҳам бўлган. Саёҳати давомида Кавказ, Қрим, Туркия, Греция, Болгария, Австрия ва Германиянинг турли шаҳарларида жуда кўп китоб олиб келиб, арзон нархда сотган. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Қўқон ва Наманган шаҳарларида китоб дўконларини очган. Самарқанддаги китоб дўкони ўз ҳовлисида жойлашган. Беҳбудий қанд ҳар қандай ақлий, илмий меҳнат чоғида мияга ҳамда хотирага қувват бўлади, деб ҳар бир китобхонга қайноқ қандли чой беришни йўлга қўйган. Кутубхона ходимлари кунига 14 соатлаб ишлаган. Билим ва маърифатга интилувчи одамларга ҳурмат ва эътибор билан қаралган.
Вадуд Маҳмуд Шакурий муаллимга бағишлаган мақоласида: “Беҳбудий бой кутубхонанинг эгаси эди. 1000 жилдлик китоб фондига эга бўлган. Бу мутолаахона барча учун доимо очиқ эди. Ўша вақтларда бу китобларнинг ҳар бири олтин баҳосида ҳисобланарди. Беҳбудий бу жойнинг биноси ва бошқа харажатларини ўз чўнтагидан тўлар эди”, деб ёзади. Афсуски, “Беҳбудия” кутубхонасининг 1917 йилдан кейинги тақдири хусусида матбуотда бирор мақола ёки хотира эълон қилинмаган.
— Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳар бир мақоласи жоҳил уламолар, қози, муфти ва мударрисларни жунбишга келтирган. Бобомиз аслида нимани истаган?
— Беҳбудий замонавий мактаблар миллатнинг истиқболига катта аҳамият касб этишига қаттиқ ишонган. Ўз ҳовлисини мактаб учун бериб қўйган, бундан бир тийин манфаат кўрмаган, муроди миллатга хизмат қилиш бўлган. Уламолар, қози ва мударрислар буни ўзларига ортиқча дахмаза билиб, эски мадрасалардан воз кечгиси келмаган. Уларни на миллат, на Ватан манфаати қизиқтирмаган, фақат чўнтакларини қаппайтиришни ўйлаган. Бобомиз 1913 йилдаги “Эҳтиёжи миллат” мақоласида: “Бошқа миллатларни бойлари фақира ва етимлар учун мактаб ва дорилфунунлар соладурлар, фақир ва етимларни ўқумоғи учун вақф “истипендия”лар таъйин қилур. Бошқа миллат милиунерлари мактаби ила истипендияси-ла, идора қилатургон газет ва мажалласи-ла, бино қилган доруложизин (аёллар университети), барпо қилган жамъияти хайрияси-ла фахр қиладур. Бизникилар жуфт оти-ла, аробаси-ла, тўйи ила ва… ла фахр этар. Ҳатто, ўз ўғилларини ўқутмайдургон бойлар бордур”, дея уларни ҳақ йўлга солишга уринади. Таассуфки, буни ўқиган жоҳил бойлар Беҳбудийни асло кечирмаган. Бунинг устига “Бошқа миллатнинг болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда. Бошқа миллат уламосига тобе, бизнинг уламо билъакс авомга тобедир. Бунинг охири харобдир. Йигирма, ўттиз сана (йил) яна ёмонроқ бўлур. Мусулмонлик илм ва адаб ила қоим, миллат ахлоқ, фазл ва ҳунар ила боқий қолур” деган гаплари бобомизга қарши ҳужум бошлашга дастак бўлган. Беҳбудий мактаб ишига зиён етишидан ҳайиқиб, ҳақ бўлса ҳам ўзини ҳақлигини исботлашга уринмаган. Маънан ва жисмонан озор беришганда ҳам: “ўзумға ҳар нима десалар десунлар, аммо имонимға ва мактабимға илм ва хабарсиз бирор нимарса нисбат бермасунлар, деб ражо этарман”, дея ёзғирган. Беҳбудий чиқарган газеталарнинг адади камайиб борган, фаолияти тўхтаган. Маҳаллий зиёлилар бу нашрларни сақлаб қолиш учун моддий ёрдам уюштиришга уринганлар, аммо бобомиз бу моянани қабул қилмаган.
— Маҳмудхўжа Беҳбудий икки марта ўлдирилган, биринчи марта жисман — Қарши шаҳрида қатл этилган бўлса, иккинчиси маънан — узоқ йиллар номи тилга олинмади. Икки даврни кўрган авлоди сифатида бобомизнинг сўнгги ҳаётлари ҳақида нималарни биласиз?
— Туркистон ўлкаси мусулмон ташкилотлари бюроси йиғилишининг баённомасида ёзилишича, Масъуд бобом мазкур бюрога қамоққа олинган отасини озод қилишни сўраб, ариза орқали мурожаат этади. Бюро йиғилиши Туркистон ташқи ишлар комиссариатига бу ишни кўриб чиқиш таклифи билан қарор қабул қилади. Аҳамият берсангиз, сана – 1919 йил 28 июнь. Бу вақтда Беҳбудий қатл этиб бўлинган. Бир йиллик кутишдан кейин бобомиз шаҳид бўлганини эшитиб халқимизнинг юраги қон, кўзи ёшга тўлган. Таъзияга биродарлик ва ҳамдардлик изҳор қилгани қўшни давлатлардан ҳам келишган. Самарқанд маорифчилари ўзининг буюк устозидан айрилган. Бобомнинг фожиали ўлимидан таъсирланиб Фитрат: «Золимнинг тахтини титратган бир товуш қичқирди: Отамнинг қабрини қай ерга ёшурдинг?!” дея фарёд чеккан. Чўлпон “Азиз отам қўлимдаги гулларнинг Мотам гули эканлигин билмайсан...” деб қабрини излашга тушган. Ҳалигача Беҳбудийни ким ўлдирган, нима учун, қабри қаерда деган саволларга жавоб топиш учун олимлар изланишлар олиб бормоқда. Яқинда қаршилик олимлар кўрсатган қабр очилиб, бизлардан тест олинди. Бу текширув ҳам ўз исботини топмади. Буни аниқлаш учун аввало далил, ҳужжат керак. Бобомизни ким ўлдирган бўлса ҳам, шундай қаттол душмани бўлган-ки, қабрини текислаб юборган. Уни ўлдирган жаллодларни ҳам бошини олган. Энди бобомизнинг аччиқ қисматида шу бор экан. Истаймизки, бошқа ҳеч кимнинг қабрини безовта қилиш керак эмас.
Энг ачинарлиси, бобомизнинг ўлимидан кейин ижодининг қайта қатағон қилиниши ақл бовар қилмас жирканчлик, тубанлик эди. Барча асарлари қатъиян тақиқланди. Номи тилга олинмади. Тилга олинганда ҳам “халқ душмани”, “миллатчи” каби турли туҳматлар билан эсланди. Бу маънавий ўлим биринчисидан даҳшатлироқ бўлди. Унинг изи бутунлай ўчиб кетишга маҳкум этилди. Бир фарзанди “халқ душманининг ўғли” деган таъқиблардан қочиб, Душанбедаги педагогика институтида таржимон бўлиб кетди. Биз бобомизнинг кимлигини мустақиллик туфайли билдик. “Адиблар хиёбони”да Беҳбудийнинг муаззам ҳайкали қад ростлади. Самарқандда ҳам бобомизнинг бюсти ўрнатилди. Мана, биз кутган адолат юзага чиқди. Бу ҳайкаллар бизнинг тантанамиздир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорида бобомизни Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог дея тилга олганлари авлодлари учун тарихий воқеа бўлди. Қарши шаҳридаги кўчалардан бирига Маҳмудхўжа Беҳбудий номи берилиши ҳам маънавиятимизга кўрсатилган юксак эҳтиром деб биламан.
— Самарқанд шаҳрида Маҳмудхўжа Беҳбудий яшаган хонадон уй-музейига айлантирилди. Президентимиз фармони билан Беҳбудий “Буюк хизматлари учун ордени” билан тақдирланди. Сиз ушбу мукофотни Президентимиз қўлларидан қабул қилиб олаётганингизда қалбингиздан нималар кечди?
— Давлат раҳбаридан бобомизнинг юксак мукофотини олиш бизга насиб этганидан кўзим қувонч ёшига тўлди. Шундоқ инсоннинг эвараси бўлганимдан бошим осмонга етди. Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака кўчасида жойлашган уй-музейи ҳам қайтадан таъмирланмоқда. Музейда Беҳбудийнинг асарлари, чиқарган газеталарининг илк сонлари, бобомиз фойдаланган китоблар, қўл ёрдамида ишлатиладиган литография дастгоҳи бор. Китобхонлар учун доим эшигимиз очиқ, бу ерда амалий дарслар ўтиш учун ҳам қулай шароитлар яратилмоқда.
“Халқ сўзи” мухбири – Адиба УМИРОВА суҳбатлашди.
Манба: «Халқ сўзи» газетаси.