Бойбўта Дўстқораев (1941 - 2021)


  Таниқли олим, публицист, филология фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори - Бойбўта Абдуғаниевич Дўстқораев 1941 йилнинг 12 Ноябрь куни Қашқадарё вилоятида туғилган.
   Тошкент давлат университетини тамомлаган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида 1969 йилдан иш бошлаган. Умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг «Жаҳон журналистикаси назарияси, амалиёти ва тарихи» кафедрасининг мудири бўлган.
   Бойбўта Дўстқораев дастлаб адабий танқидчилик борасида тадқиқотлар олиб борган. 1986 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилганидан кейин, ўзбек матбуот тарихини ўрганишга киришган. Миллий матбуот тарихи ва унинг етук намояндалари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Чўлпон, Фитрат, Ҳожи Муин, Убайдулла Асадуллахўжаев, Саидризо Ализода сингари маърифатпарвар миллий зиёлиларнинг журналистик фаолияти ҳақида ёзган мақолалари билан илмий жамоатчиликка жуда кўп янгиликларни тақдим этган.
   Бойбўта Дўстқораев «Яссавий ким эди?» (1994), «Ўзбекистон журналистикаси тарихи» (2009) каби китоблар муаллифи. Чўлпоннинг «Гўзал Туркистон» (1997), Ҳожи Муин «Танланган асарлар»ини (2005) нашрга тайёрлаган.
   Шунингдек, Бойбўта Дўстқораев Фитратнинг «Машраб» («Ёш ленинчи» газетаси, 1991), «Фарҳоду Ширин тўғрисида» («Маърифат» газетаси, 1996), Абдулла Қодирийнинг «Олти йиллик базм» («Муштум», 1993), Чўлпоннинг «Шамол нимадан ҳосил бўлади» («Муштум», 1995), «А. Хонталишскийга мактуб. Умид сиздан» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1998), «Қайтиш йўқ» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1999), Мунаввар қорининг «Бизни жаҳолат жаҳли мураккаб», «Тошкентда жамиятлар», «Никоҳ тўғрисида», «Ўзбек педагогикаси антологияси» мақолаларини нашрга тайёрлаб, халқимизга тақдим этган.
   Бойбўта Дўстқораев 2021 йил 28 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот