Маҳмудхўжа Беҳбудий


    Таниқли драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири – Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йили 19 январь (айрим манбаларда 20 январь кўрсатилган) Самарқандда туғилган. Яссавий авлодидан. 18 ёшидан қозихонада мирзалик қилади, қози, муфти даражасига кўтарилган. Беҳбудий ҳаж сафарида бўлган чоғида Арабистон, Миср, Туркияни кезиб чиққан (1899 – 1900). Саёҳат давомида янги мактаб (усули жадид) очиш фикри мустаҳкамланиб борган. Самарқанд яқинидаги Ҳалвойи қишлоғида Ажзий, Ражабаминда Абдулқодир Шакурийлар билан ҳамкорликда янги мактаб очган. Беҳбудий Қозон ва Уфага бориб (1903 – 04), у ердаги янги усул мактаблари билан танишган, татар зиёлилари билан алоқани йўлга қўйган. Янги мактаблар учун дарсликлар тузишга киришган. «Рисолаи асбоби савод» («Савод чиқариш китоби», 1904), «Рисолаи жуғрофияи умроний» («Аҳоли географиясига кириш», 1905), «Мунтаҳаби жуғрофияи умумий» («Қисқача умумий география», 1906), «Китобат ул-атфол» («Болалар хати», 1908), «Амалиёти ислом» (1908), «Тарихи ислом» (1909) каби китоблар чоп эттирган. Кейинчалик (1908 йилда) Шакурийнинг Ражабаминдаги мактабини Самарқанддаги ўз ҳовлисига кўчириб келтирган. 

    Беҳбудий 1911 йилда «Падаркуш» драмасини ёзган. Бу биринчи ўзбек драмаси эди. 3 парда 4 манзарали бу асар мазмунан содда бўлиб, ўқимаган, жоҳил ва нодон боланинг ўз отасини ўлдиргани ҳақида эди. Беҳбудий бу асар жанрини «миллий фожиа» деб атаган. Нашр қилишга чор цензураси йўл қўймаган. «Бородино жанги ва Русиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг 100 йиллик юбилейи санасига бағишланади» деган важ билан Тифлис (Тбилиси) цензурасидан ўтказган. Драма 1913 йил босилиб чиққан, аммо саҳнага қўйиш учун яна бир йилча вақт кетган. Асар Самарқандда 1914 йил 25 январда саҳнага қўйилган. Драма халққа кучли таъсир кўрсатган. Абдулла Қодирий «Бахтсиз куёв» драмасини шунинг таъсирида ёзгани маълум. «Падаркуш» ҳам жанр, ҳам мазмунига кўра янги ўзбек адабиётини бошлаб берган асар бўлди. Драма Тошкентда 1914 йил 27 февралда Авлоний томонидан қайта саҳналаштирилган. 

     Беҳбудий «Самарқанд» газетасини чиқарган. Газета ўзбек ва тожик тилларида, ҳафтада 2 марта чоп этилган. 45-сони чиққач, моддий танқислик туфайли нашр тўхтаган. Шу йил 20 августдан у «Ойна» журнали чиқара бошлаган. Ҳафталик, суратли бу журнал асосан ўзбекча бўлиб, шеър, мақола (форсча), эълонлар (русча) ҳам бериб борилган. Журнал Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркиягача тарқалган. Беҳбудий китоб нашрини ҳам йўлга қўйган. Фитратнинг «Баёноти сайёҳи ҳинди»сини русчага таржима қилдириб бостирган (1913).

     Беҳбудий 1914 йил 29 майда иккинчи марта Араб мамлакатларига саёҳатга чиққан. Саёҳати давомида Байрамали, Ашхобод, Красноводск, Кисловодск, Пятигорск, Железноводск, Ростов, Одесса шаҳарларида бўлган, 8 июнда Истанбулга келган. Ундан Аданага ўтиб, яна Истанбулга қайтган ва 20 июнда Исмоилбек Гаспринский билан учрашган. Сўнг Қуддус, Байрут, Ёфа, Халил ар-Раҳмон, Порт-Саид, Шом шаҳарларида бўлган. Саёҳат хотиралари «Ойна» журналида босилиб турган. Бу «хотиралар» ҳар жиҳатдан муҳим бўлиб, анъанавий тарих-мемуар жанрининг XX аср бошидаги ўзига хос намунаси эди. Муаллиф унда йўл таассуротларига, кишилар билан учрашувларининг ибратли томонларига кенг ўрин берган. Қайси шаҳарга бормасин, унинг тарихи, обидалари, у ердан чиққан буюк зотлар ҳақида маълумотлар тўплаган. Турли-туман миллатлар, уларнинг урф-удумлари, турмуш маданияти билан қизиққан. Айниқса, дин, эътиқод масалаларига катта аҳамият берган. «Ойна» журналида миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқига, тарихига, тил ва адабиёт масалаларига, дунё аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган. Беҳбудий миллатнинг тараққийси учун бир неча тил билишни шарт ҳисоблаган. Журналнинг биринчи сонида-ёқ «Икки эмас, тўрт тил лозим», деган мақола билан чиқиб, ўзбек, тожик, араб, рус ва ҳатто бирор узоқ хориж (мас, француз) тилини билиш шарт деб ҳисоблаган. Айни пайтда тилнинг муҳофазаси («Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар» —1914, № 35), ўзаро муносабатлари («Тил масаласи» — 1915, № 11,12) ҳақида муҳим ва зарур мақолалар чоп этган. Адабий танқидга катта эътибор берган. Унинг хусусиятларини белгилашга уринган. Бошқа адабий жанрлар билан тенг ҳуқуқлиги масаласини кўтарган («Танқид сараламоқдир» — 1914, № 27). Миллат шаънини оёқости қилувчи фикр-қарашларга зарба бериб, Туркистон халқини ўз номи билан атамоқ лозимлигини талаб қилиб чиққан («Сарт сўзи мажҳулдур» 1915, № 22,23,25,26).

    Беҳбудий матбуотимиз тарихида мақоланавис сифатида алоҳида мавқега эга. Унинг ҳозирча аниқланган мақолаларининг сони 300 га етади. Улар хилма-хил мавзуда. Илк мақолаларида-ёқ коммунистик мафкурани кескин рад этган, «хаёлий», «бу тоифага қўшулмоқ биз, мусулмонлар учун ниҳоятда зарарлик» деб ёзган эди («Хайрул умури авсатуҳо» — «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», «Хуршид» газетаси, 1906, 6-сон). Ўзликни англашни муҳим билган. «Қабиласини(нг) исмини ва етти отасининг отини билмайдургонларни «марқуқ» дерлар», деб ёзган («Сарт сўзи мажҳулдур», «Ойна» журнали, 1914, № 23).1917 йилнинг охири 1918 йилнинг бошларида жадидлар қурган илк демократик давлатчилик намунаси Туркистон мухториятининг тақдири ҳал бўлаётган бир пайтда ўлка халқларини бирликка чақирган. Беҳбудий ижтимоий-сиёсий ишларга қизғин қўшилди. Аслида бу фаолият 1906 йилдан бошланган. Шу йили «Русия мусулмонлари иттифоқи»нинг Нижний Новгородда ўтказилган қурултойида қатнашган эди. Тошкентда бўлиб ўтган (1917) Туркистон мусулмонларининг қурултойида иштирок этиб, нутқ сўзлади. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай ихтилофга қарши чиқди. Беҳбудий шу қурултойда ўлка мусулмонлар шўросининг раиси этиб сайланди. 1917 йил 26 ноябрда Қўқонда ўлка мусулмонларининг 4-фавқулодда қурултойи иш бошлади. 27 ноябрга ўтар кечаси «Туркистон мухторияти» эълон қилинди. Унинг ғоявий асосчиларидан бири Беҳбудий эди. Мухторият шўролар томонидан ваҳшиёна бостирилди. Беҳбудий май ойининг бошларида Самарқандга қайтган. У ерда кўп тура олмай, Тошкентга келган. Туркистон шўролар ҳукумати раҳбарлари билан музокара олиб боришга уринган, аммо натижа чиқмаган. 

    1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида Шаҳрисабзда Инқилобий фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмагида Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олинган, ҳамроҳлари Муҳаммадқул ва Мардонқул билан биргаликда Қаршида зиндонга ташланган ва қатл қилинган. Бу воқеа Самарқандда бир йилдан кейин маълум бўлади. 
     Фитрат, Чўлпон, Айний ва бошқа шоирлар Беҳбудийга атаб марсиялар ёзганлар. Ўзбекистонда (Ҳ. Сайид, Н. Авазов, З. Аҳророва), Тожикистонда (Р. Ходизода), Германияда (И. Балдауф; Б. Қосимов билан ҳамкорликда), АҚШда (Э. Олворт) ва бошқа мамлакатларда Беҳбудий ҳаёти ва ижоди бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади. Тошкент шаҳрида кўча ва мактабга Беҳбудий номи қўйилган.


Бегали ҚОСИМОВ.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот