Маҳмудхўжа Беҳбудий фильми ҳақида


   Беҳбудий ҳазратлари мавзусини давом эттирмоқчиман. Аниқроғи бу буюк инсоннинг экрандаги қиёфасини яратган актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Кинематография фидокори” кўкрак нишони соҳиби Фахриддин Шамсиматов ва ижодий гуруҳнинг 18 йил давомида суратга олган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” фильми ҳақида сизларга ҳикоя қилмоқчиман.       
   Бу фильмнинг тақдири жуда қиззиқ. Картинани суратга олиш ишлари 2002 йилда бошланган, лекин у тайёр бўлгунга қадар сиёсат, мафкура ўзгариб, фильмни катта экранга чиқишга рухсат берилмаган. Нафақат рухсат берилмаган, балки умуман йўқ қилиш, ёқиб ташлаш буюрилган. Шунда фақат бир инсон-картина директори раҳматли Насрулло ака Саъдуллаевнинг жасорати туфайли фильм сақлаб қолинган. Насрулла ака бу фильмни 18 йил уйида сақлади, у қачондир яхши замонлар келишига, картина авлодларга керак бўлишига ишонган экан. Насрулло ака кутган даврлар келди. Бу орада мен ҳам устоз ўша Шуҳрат Ризаев тавсиялари билан фильмни МТРК га олиб келдим, кўп раҳбарларга учрадим, лекин ҳеч бири уни эфирга қўйишга журъат топмади. Бу муаммога ва ниҳоят ечим топилди. Президент берди ўша ечимни! Беҳбудий ҳазратлари ҳақида нутқларида гапирдилар, юбилейларини нишонлаш ҳақида қарор чиқди. Бу ёғи муаммо ҳал бўлгандек эди, лекин энди фильмни ўша ҳолида томошабинга кўрсатиб бўлмас, унга замон руҳини сингдириш, бир сўз билан айтганда янги саҳналар қўшиш зарур эди. Бунга эса ҳал қилиш жуда қийин бўлган икки тўсиқ бор эди, бири пандемия, карантин! Иккинчиси, Беҳбудий ролининг ижрочиси Фахриддин Шамсиматовнинг соғлиғи билан боғлиқ вазият. Лекин ижодий гуруҳ таваккал қилди, Фахриддин эса жасорат кўрсатди десам ҳам муболаға бўлмайди. Ёзнинг чилласида, короновирус авжига чиққан паллада улар Бухорога йўл олишди. Досъёмкалар қилинди, группа қайтиб келди, лекин Насрулло ака ва Фахриддин Шамсиматов вирус юқтириб ётиб қолишди. Фахриддинни худо қайтиб берди, лекин шу фильмни сақлаб қолган, бугун ушбу картина кино фондимизда бор бўлишига энг асосий сабабчи инсон Насрулло акани лаънати ковид олиб кетди. Фильмнинг 2020 йилдаги премъерасини кўриш акага насиб этмади. Илоҳим жойлари жаннатда бўлсин, ётган ерлари нурга тўлсин!   Бу хотиралар бугун талабалар учун Президент қарори билан  “Маҳмудхўжа Беҳбудий” номидаги стипендия таъсис этилгани муносабати билан уйғонди. Лекин икки ҳафтача илгари дўстим , қадрдоним Фахриддин Шамсиматовни йўқлаб борганда ҳам шу мавзуда гаплашувдик. Азизлар, телеканаллар орқали ҳар гал “Маҳмудхўжа Беҳбудий” фильми намойиш этилганда , унинг 18 йиллик узоқ йўллар босиб сизнинг эътиборингизгача етиб келганини, кимлар ва қандай машаққатлар эвазига бўлганини билсангиз, унинг қадрини ҳам бошқачароқ ҳис этасиз деган мақсадда бу экран орти ҳикояни сизга айтиб бердим..
  Режиссёр Бақо Содиқовнинг “Маҳмудхўжа Беҳбудий” бадиий фильми буюк маърифатпарвар адиб таваллудининг 145 йиллигига бағишлаб “Ўзбеккино” МА буюртмасига биноан “Inson” киностудияси томонидан суратга олинган. 
   Сценарий муаллифлари Бақо Содиқов ва Улуғбек Содиқов, режиссёр Бақо Содиқов, иккинчи режиссёр Муаттар Мирражабова, постановкачи оператор Равшан Мусаев, картина директори Файзираҳмон Усмонов.
   Фильмда ролларни Фахриддин Шамсиматов, Афзал Рафиқов, Яйра Абдуллаева, Обид Юнусов, Равшан Солиҳов, Ҳошим Арслонов, Маҳмуд Исмоилов, Фурқат Файзиев, Саидкомил Умаров, Убайдулло Омон, Сайфиддин Мелиев, Меҳриддин Раҳматов каби маҳоратли актёрлар ижро этишган.

Шоҳира Ҳамро (Рауфбоева)










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот