БЕРСА НЕЪМАТ, БЕРМАСА ҲИКМАТ


ЛАЗИЗБЕК ОРЗИЕВ: “БЕРСА НЕЪМАТ, БЕРМАСА ҲИКМАТ” ДЕЙМАН!”

   Кейинги йилларда Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актёри – Лазизбек Орзиевни сериал ва теленовеллаларда тез-тез кўриб қоляпмиз. 
   Лазизбек Орзиев 1987 йилда Навоий вилоятида таваллуд топган. 2014 йилдан бери Ўзбек Миллий академик драма театрида ижод қилади. Бу вақт мобайнида у ранг-баранг роллар ижро этди ва томошабинлар қалбидан жой олди.
   Айниқса, “Ўзи уйланмаган совчилар” сериали уни элга танитди.
   Биз Лазизбек билан санъат йўлининг қийинчиликлари, орзулари ва оиласи ҳақида суҳбатлашдик. 

БЛИЦ-МАЪЛУМОТ:

   У театр саҳнасида "Тортардирман жабрини”да Суннатжон, "Нексия”да Дилмуроджон, "Қорда ёнган муҳаббат”да Ошиқ йигит, "Огоҳ бўлинг, одамлар”да Алиқул, "Тақдир синовлари”да Тилаволди, "Қуёшни сен уйғотасан”да Тоҳиржон, "Ўткан кунлар”да Содиқбой, "Имкон”да Жумонг, "Рустам”да Нишонбек, “Жалолиддин Мангуберди”да Жалолиддин каби ролларни ижро этган. Шунингдек, "Ўзи уйланмаган совчи” фильмида Султон, "Бахтли одамлар”да Муроджон, "Хавфли саёҳат”да Зокиржон, "Бедор тунлар”да Шерзод, "Жийда гули”да Иброҳим, "Белбоғ” сериалида Хуршид каби ролларни ижро этган. "Суперкелинчак", "Мен-бу мен", "Сўзсиз севги", "Мерос", "Фидойилар", "Ўхшатмасдан учратмас" каби фильмларда суратга тушган.

“ОНАМНИНГ ОРЗУЛАРИ АМАЛГА ОШДИ!”

– Онангиз санъаткор бўлишингизни орзу қилганмилар? Оилангизда санъаткорлар борми?  Ўзингиз қайси актёрга ҳавас қилгансиз ва унга ўхшашга ҳаракат қилар эдингиз?

– Онам, аввало, яхши инсон бўлишимни, одамларга ёрдам берадиган, қўлидан келса, уларнинг оғирини енгил қиладиган одам бўлишимни хоҳлаганлар. Журналист, бошловчи, сухандон бўлишимни жуда-жуда истар эдилар. Лекин мен актёрликни танлаганим учун ҳам, онам раҳматли менга ҳар томонлама ёрдам қилганлар. Менга рус мумтоз асарларини -Достоевский, Тургенев, Толстой, Чехов, Гоголь асарларини ўқишни маслаҳат берганлар. “Булар сенга барибир керак бўлади. Рус драматургияси жаҳонда жуда қадрланади!” деб уқтирганлар. У кезлари бу асарларни ўқиб, яхши тушунмаганман. Мана энди уларни ўқиб, маза қиляпман. 
    Онам телевизорда чиқиб, элга танилишимни истаган эдилар. Афсуски, энди санъатга кириб келган ва бир-иккита сериалларда қатнашган пайтларимда, бу оламни тарк этдилар. Шундай бўлса-да, бир-иккита сериалдаги ролларимни кўриб кетдилар. Клипларда роль ижро этганимни кўрдилар.
    Оиламизда санъаткорлар бор. Дадам мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлайдилар. Ҳозир ҳам ўрта мактабда Мусиқадан дарс берадилар, тўгараклари ҳам бор. Санъатга бўлган қизиқишим менга дадамдан ўтган бўлса керак. 
    Ўзимга ёққан ҳар бир актёрнинг менга манзур бўлган жиҳатларини ўзимда синаб кўришга ҳаракат қиламан. Фалончи-пистончи актёр дея олмайман. Масалан, Мурод Ражабов, Эркин Комиловларнинг ижроларини кўриб, уларга ўхшашга ҳаракат қиламан. Барибир, уларга ўхшаб бўлмайди, албатта. Аммо қайсидир жиҳатим ўхшаса, дейман. 

“МЕНГА ИТ ЁКИ МАЙМУН БЎЛИШ ЁҚМАЙДИ!”

– Талабалик – Олтин даврим дер эдик. Олтин даврда қандай қизиқарли воқеалар бўлган? Интизомли талаба бўлганмисиз? Устозларнинг қайси ўгити бир умр сизга ҳамроҳ бўляпти?

– Ҳақиқатан ҳам «Талабалик – олтин даврим», деб тўғри айтилган. Мен институтга кирган йилим, биринчи семестрда бўладиган дарслар ҳайвонот олами, уларнинг хатти-ҳаракатини ўхшатиб беришдан иборат бўларди. Саҳнада ҳайвонлар ҳаракатини бажариб берардик. Кимдир ит, кимдир маймун бўларди. Очиғи, бу нарса менга ёқмасди. “Қаерга келиб қолдим, ўзи?” деган фикрда кетмоқчи ҳам бўлганман. Кўпинча маҳорат дарсларини ташлаб чиқиб кетардим. “Менга ит ёки маймун бўлиш ёқмайди!”, дердим. Лекин бу дарслар керак экан. Курс раҳбарим Маъмуржон Умаров, олдларига чақириб олиб, “мен ҳам сенга ўхшаб қишлоқдан келганман. Менга ҳам аввал бошда ит-мушук бўлиш ёқмас эди. Мана ҳозир кўриб турганингдай кам бўлмадим, кафедрада катта ўқитувчиман, доцентман. Шу нарсалардан ўтганингдан кейин актёр бўласан! Мана Мурод Ражабовни кўряпсан, казо-казо таниқли актёрларни кўряпсан. Ўйлайсанки, улар ўз-ўзидан зўр бўлиб кетганми? Улар ҳам шу босқичлардан ўтишган” деганлар. 
   Кунларнинг бирида ҳайвонот оламини яхшироқ билишимиз учун бизни «Ҳайвонот боғи»га олиб боришган. Ўшанда Тошкентга келиб ўқиётганимга уч ой бўлганди. Вояга етгач, ҳали бунчалик узоқ вақт уйдан йироқда бўлмагандим. Уч ой менга уч йилдай туюлиб кетган. Илгарилари Навоий Бухорога қарашли эди-да. Бухоро, она ерим номини эшитиб, ичим ёниб кетган. Шу баҳона Бухоро буғусининг олдига бориб, “Ўўў, менинг буғум, менинг буғум” деб шохидан тортганман. Буғи исканжадан қутулиш илинжида, бошини сараклатади, қўлимдан бўшалиб кетишга уринади. Бу ҳолатни кўрган қоровул, бизни шу ерда роса койиган. У русча гапирар,  мен эса русчани яхши билмасдим. Ишқилиб, шу ерда можаро бўлиб, қоровул мени қамаб қўйган. Аслида биз бутун курс билан экскурсияга келгандик. Устозимиз ҳам бор эдилар. Аммо улар ҳам мени чиқариб олишга, қоровул билан келишишга қийналганлар. Шу можаро туфайли менга “Бухоро буғуси, Бухарский лама” деб лақаб қўйишган. Хуллас, биринчи курсда шунақа англашилмовчиликлар бўлган. Бухорони, она шаҳрим Навоийни соғиниб кетган эдим. Шу воқеаларни эсласам, ҳалигача кулгим келади.

“МАШҲУР БЎЛИШ – КИМГА ЁҚМАЙДИ, ДЕЙСИЗ!”

– Қайси ролингиз сизни томошабинга танитди ва нима учун деб ўйлайсиз? Машҳур бўлиш ёқимлими? Буни қачон англадингиз?

– 2009 йиллар эди, чамаси. “Ўзбектелефильм” томонидан суратга олинган, Аҳмад Аъзам қаламига мансуб, “Ўзи уйланмаган совчилар” сериалида куёв бола ролини ижро этганман. Сериалда бир самарқандлик йигит, Тошкентга ўқишга келиб, бир қизни яхши кўриб қолади. Аммо ота-онасига айтолмайди. Чунки болалигида уни холасининг қизи билан бешиккерти қилиб қўйган бўлишади. Тошкентдаги севган қизига ҳам совчилар келаётгани учун, қиз “совчиларингизни юборинг” деб қайта-қайта тайинлайди Шунда уйланмаган йигитлар қизга совчи бўлиб боришади. Қаҳрамоним, уятчан йигит бўлгани билан  у севгиси учун курашади. Хуллас, шу сериал намойиши кезлари дўстим Феруз Бурҳонов билан Отчопар бозорига борганмиз. Қарасам, одамлар бизга ўгирилиб қараяптилар. Ўша пайтда Феруз Бурҳонов “Туташ тақдирлар” сериали орқали одамларга анча танилиб қолганди. Шу дўстим “Лазиз, қара, сенга ҳам одамлар қараяпти, сени ҳам танияптилар!” деган. Аввалига ҳеч нима сезмаганман. Кейин эътибор қилсам, йигит-қизлар, болалар менга ҳам қизиқсиниб қараётган эканлар. 
   “Ўзи уйланмаган совчилар” сериали режиссёр  Санжар Бобоев томонидан суратга олинган. Ўйлаб қарасам, одамлар мени ҳар куни телевизорда кўрганлар-да, шу маънода ҳар куни уларнинг уйида меҳмон бўлганман. Ундан кейин “Жийда гули” сериали чиққан, “Белбоғ” номли фильм фестивалда қатнашиб, фахрли ўринлардан бирини олиб келган.
     Энди санъат аҳли орасида машҳур бўлиш кимга ёқмайди?! Бу жуда ёқимли! Чунки машҳур бўлгач, кўп ишларингиз ижобий ҳал бўлиб кетар экан-да! Чунки, масалан, шифокорга борсангиз ҳам, ўша одамнинг уйида сериалингиз орқали ҳар куни меҳмон бўласиз. Масалан, ДАН ходимларига ишингиз тушса ёки машинангизни тўхтатишса, сизни таниб қолиб, “Майли кетаверинг, биз сизни таниймиз. Фақат қоидани бузманг!” дейишади. Яхши томонлари жуда кўп. Таниқли бўлганимни ўшанда бозорда англаганман. Бир кичкина қизча олдимга югуриб келиб, дастхат қўйдириб олган. Аввал дўстимга, кейин “сизни ҳар куни кўряпмиз” деб менга ҳам дастхат қўйдирган. 

– Миллий театрга ишга киришингиз қийин бўлмадими? Ким сабабчи бўлган?  Бу ерда кимларни ўзингизга устоз деб биласиз? Улардан нималарни ўргандингиз?

– Ўўў, Миллий театрга ишга кириш осон бўлмаган. Академик театрга актёрларни жуда саралаб  ишга олишади. Аввал саҳна ишчиси бўлиб ишлаганман, саҳнада декорацияларни қурганмиз. Кейин ярим ставкага актёр сифатида ишга олинганман. Ярим ставкада ҳам бир 6 – 7 йил юришимга тўғри келган. Жалолиддин Мангубердини ўйнаганимдан кейин тўлиқ штатга ўтганман.Театрга келгач, актёр маҳоратини кўрсата олсагина  шу ерга ишга киради. Аввало тенгдошим, дўстим Асқар Холмўминов, ундан кейин Нодира Маҳмудова устозимиз менга катта-катта ролларни бериб, истеъдодимни кўрсатишга имкон берганлар. Раҳбарлар назарига тушишимга ёрдам қилишган. Улардан жуда миннатдорман. 
    Устозларимиз: Эркин Комилов, Теша Мўминов, Беҳзод Муҳаммадкаримовдир. Эркин акадан саҳнада сукут сақлашни, ролга киришиш, саҳнада ўзини қандай тутиш кераклигини, Теша акадан салобатни, Беҳзод акамдан ҳар бир сўзга қандай урғу бериш, сўзни сўзга улаш ва асилзодаликни ўрганганман.  

– Қайси ролни ижро этиш ёки қандай йўналишдаги ролларни ижро этиш сиз учун қийин? 

– Комик ролда ўзимни ҳали синаб кўрмадим. Лекин табиатан ҳазилкаш, керак жойда аския қилиб, одамларни кулдирадиган одамман. Негадир комик роллар беришмаган. Лекин ўзим буни хоҳлаган бўлардим.
    Агар роль ўзимизники бўлса, уни ижро этиш бизга қийинчилик туғдирмайди. Мажозий маънода ролни кийимга қиёслайдиган бўлсак, масалан, мен ўз ўлчамимни яхши биламан. Ўлчамимга мос кийим менга қулай бўлади. Роль ҳам шундай – актёр табиатига мос келиши керак. Кўзим етади ёки етмайди. Баъзида режиссёрга “узр, бу роль меники эмас экан” деб айта оламан ва вазиятдан чиқиб кетишни ҳам биламан.
    Устозларимиз “ролни енгил ижро қилиш керак. Актёр ўзини ҳам, режиссёрни ҳам, шеригини ҳам қийнамаслиги керак” дейишади. Қийналяптими, демак, бу роль уники эмас! Аслида ҳар қандай образни яратиш машаққат. Лекин ўша роль актёрга тушиши керак. Агар роли ўзига мос бўлса, актёр у ёғини олиб кетади.  

“БИРОВНИ ЎЗИМЧА АЙБДОР ҚИЛОЛМАЙМАН!”

– Ижро этган ролларингиз шахсий ҳаётингизга таъсир қилмаганми? “Йиллар армони”сериалида севган қизини ташлаб, бошқа қизга уйланиб кетган йигит ролида чиққансиз. “Тақдир синовлари” спектаклида  ота-онанинг гапини олмай, бир ҳаётга енгил қарайдиган қиз билан кетган йигит ролини ўйнагансиз. Ўзингиз бундай ролларга ва шу каби иш қилган йигитларга қандай қарайсиз? Бундай нарсалар тақдирингизда такрор бўлишидан чўчимайсизми?

– Йўўқ, мен бунақа нарсаларга ишонмайман, ирим қилмайман. “Ролинг ҳаётингга кўчади”, дейдиган гапларга ишонмайман. Масалан, юздан ортиқ новеллаларда роль ўйнадик, бир ўлдик, бир тирилдик, ҳар қандай ролни ижро этдик.
    “Йиллар армони” ҳақида гапирадиган бўлсам, йўқ, менинг ҳаётимда ундай нарсалар бўлмаган. Аммо баъзи кинодаги ҳолатлар тасодифан ҳаётингиздаги воқеаларга тўғри келиб қолиши мумкин. Лекин буларга ҳам мен эътибор бермайман. 
    Мен аслида реалистман. Биз кимнингдир, бегона одамнинг ролини ижро қиламиз, холос. Энди севган қизини ташлаб кетган йигитлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳар кимнинг ҳаёти ҳар хил. Бунда фақат йигитнинг ўзи айбдор бўлмаслиги мумкин. Қарс икки қўлдан чиқади, дейишади-ку! Бундай ҳолатларда мен ҳар икки томонни ҳам эшитишга ҳаракат қиламан. Чунки икки томонни эшитиб, кейин хулосамни айтаман. Ўз-ўзимдан кимнидир айбдор қилиб қўя олмайман. Лекин масалан, йигит сўз бериб, лафз қилган бўлса-да, севганини ташлаб кетса, мен ундайларни НОМАРД дейман. 

– Жалолиддин Мангуберди мард ўзбек ўғлони. Шу образни жонлантириб, ундан нималарни ўргандингиз? Қайси ҳаёт ҳақиқатини англадингиз?

– Хоразмшоҳлар давлатининг энг охирги подшоҳи бу Жалолиддин Мангуберди бўлади. “Ота билан Ватан – мен учун султонлик шаънидан баланд туради!” дейди у. Унинг учун Ватан Муқаддас, Ота Ватани каби улуғдир! Мен шу ролни ижро қилиб, Отани қандай эҳтиром қилиш кераклигини англадим. Ватанни севишни ўргандим. Унга султонлик керакмас! Унга Ватан керак. Ватаннинг бир сиқим тупроғини бегоналар топташини у хоҳламайди. Бу Ватан бир боғдир, бу боғдаги ҳар бир мева дарахтини шу юрт ўғлони ўзининг юрак қони билан суғоради. Уларнинг бири бу Жалолиддин Мангубердидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в) ҳам “Ватанни севмоқ иймондандир!” деб бежизга айтмаганлар.

ОИЛАСИ ҲАҚИДА 

“БАХТИМНИ БУТУН ҚИЛГАН – АЁЛИМ!”

– Аёлингизнинг қайси фазилатларини ҳурмат қиласиз? 

– Эркак кишининг ярим бахти жуфти ҳалолининг қўлида. Йигитлик чоғимда бахтим ярим бўлган бўлса, бахтимни бутун қилган – бу менинг аёлим Руҳшонахон бўлади. 
    Аёлим ҳар бир сўзимни бир қонундай қабул қилади. Ҳаттоки яқинларидан мени устун қўяди – унинг шу фазилатини ҳурмат қиламан. Мен айтмоқчи бўлган нарсани, айтмасимдан олдин кўзимга қараб туриб билади. Ичимдан нималар кечаётганини кўзларимдан уқиб олади. Айниқса, шу фазилатини, бир хулосага келишдан олдин кўзларимга қараб туришларини жуда ҳурмат қиламан. Шу фазилати туфайли уни жуда қадрлайман. Қолаверса, мен билан бемаслаҳат бир ишни бошламайди. Ҳаттоки, у аёлларга тегишли иш бўлса ҳам! Масалан,  чеварга борадиган бўлса ҳам, буни менга айтади. “Шундай-шундай кўйлак тиктирмоқчиман” дейди. Албатта, йўқ, демайман. Бу билан у менга бўлган ҳурматини, ишончини, ҳар ишда менга суянишини намоён қилади.  Эркак учун ана шу ишонч жуда керак. 

– Эркакнинг оиладаги ўрни, оталик масъулияти деганда нималарни тушунасиз?

– Эркакнинг оиладаги ўрни жуда катта. Айниқса, бизнинг халқимизда эркакнинг ҳар бир сўзи сўз, айтгани айтган бўлиб келган. Масалан, мен дадамга “дада, бугун чўмилишга бормоқчиман” десам, битта қараб қўярдилар. Шу қарашларидан мен жавобни тушуниб олардим. “Йўқ, болам, бормайсан” демасдилар. Битта қараб қўярдилар. Мен ҳам дадамдан ана шу сўзсиз мулоқотни ўзимга мужассам, мерос қилиб олганман. Аёлим ҳам, фарзандим ҳам кўп нарсани кўзимдан билиб олишади. 
    Дадаларимизнинг ҳар битта қилган ишлари, қарашлари, ҳолатлари – бизга намуна бўлган. Ҳаётда, масалан ҳар қандай ҳолат бўлади. Дадамизнинг ҳам пулдан қийналган пайтлари бўлган, лекин бизга билдирмасдилар. Ҳар доим уйимизда рўзғоримиз бут бўлган. Қарз олиб бўлса ҳам, ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўярдилар. Ҳар доим дастурхонимиз тўкин бўлган. “Майли, кийиминг бўлмаса бўлмасин, лекин ейишдан тортма болам!” деганлар.  “Талабасан, доим қорнинг тўқ бўлсин! Кийинма, лекин еб-ичишингни жойига қўйгин!” деганлар. 
    Ўзбек оилаларида эркакларимизнинг ўрни катта. Фақат ҳокимлик маъносида эмас, масъулият маъносида ҳам. Овқатдан олдин дадам бир дуо қилар эдилар, таом истеъмол қилиб бўлгач, яна бир шукроналик дуоси қилинарди. Бундай ҳалол, пок виждонли оталаримизнинг дуоси албатта, ижобат бўлади. Дуо – бахт саройи эшигини очувчи калит, дейдилар. Мана шу бахт саройи сари қадам ранжида қилар эканмиз, оталаримиз қилган дуолари орқасидан шу кунларга етганимизни билишимиз керак. Ва  биз ҳам фарзандларимиз бахти учун ўрнак бўлиш баробарида уларни шундай дуо қилиб туришимиз лозим.   

– Сизни яна қайси лойиҳаларда кўрамиз? 

– Яқинда “Чўлпон” номли спектаклни саҳналаштирдик. Унинг премьераси ҳам бўлиб ўтди. Унда мен Боту ролини ижро этганман. “Сизсиз ўтмас кунларим” спектакли 2010 йилда қўйилган бўлса, унда раҳматли устозимиз Фатҳулла Маъсудов Асадилло Набиев билан дублёр бўлиб ўйнар эдилар. Фатҳулла аканинг вафотларидан кейин бу роль Асадилло Набиевнинг бир ўзларига қолиб кетди. Энди бу ролни мен Асадилло акамиз билан дублёр бўлиб ўйнайман.  
    Асарда Исмоил исмли кенжа фарзанд Меҳрибонлик уйида тарбияланган бир қизга уйланади. Оила бефарзандликдан қийналади. Айб эса аёл кишида бўлади. Лекин қаҳрамоним аёлини жонидан ортиқ яхши кўради. Шу аёлнинг ўзи эрини уйлантириб қўяди. Аммо алалоқибат  аёл кундошлик юкини кўтаролмай, ҳаётдан кўз юмади. Чуқур психологик драма бўлгани учун, бу спектакль мана, 10-15 йилдирки, репертуаримиздан тушмаяпти. Қолаверса, “Севимли” телеканали орқали намойиш этилаётган “Қора кўзим” сериалида ҳам асосий роллардан бирини ижро этганман.  Шунингдек, яқинда “Маҳалла” канали орқали “Қасос” сериали намойиши бошланади. Бу сериалда ҳам эсда қоларли роллардан бирини ижро қилганман. 

“БЕРСА НЕЪМАТ, БЕРМАСА, ҲИКМАТ” ДЕЙМАН!”

– Бугунги кундаги орзу ва армонларингиз нима? Қайси ишингиздан кўнглингиз тўлмайди? 

– Орзуларим кўп. Худо хоҳласа, Ҳолливудни забт этиш! Ниятларим кўп, яхши фильмлар олиш. Режиссёр сифатида ҳам ишладим, фильмлар суратга олдим. Лекин мен армон қилмайман. Мен бу сўзни луғатимдан чиқариб ташлаганман. Чунки ҳаётимда бўлаётган ҳар бир ишни Аллоҳдан деб қабул қиламан. “Берса, неъмат, бермаса, ҳикмат!”, дейман. Бермадими, демак, бунда ҳам бир ҳикмати бор. Шу шиор билан яшайман. 
     Ҳар битта ижро этган ролимдан кўнглим тўлмайди. Чунки санъат соҳаси шуни талаб этади. Ижодкор, у доим изланишда. У спектаклдагими, кинодаги ролми, “шу жойини сал бошқачароқ ижро қилсам бўларкан” деган фикр бўлади. Театрда буни тўғрилаш мумкин.  Аммо кинода бунинг имкони йўқ. 
    Режиссёр сифатида иккита бадиий фильм ишлаган бўлсам, ўша фильмларимдан ҳам кўнглим тўлмаган. Хатолар кўп бўлган, деб ўйлайман. Аммо нимаики иш илсам, чин юракдан қиламан. Чунки бу менга она мерос. “Нимаики иш қилсанг, юракдан қилгин. Уй супурасанми, кўча супурасанми, молга қарасанг ҳам, юракдан қилгин!” дер эдилар раҳматли онам. Болаликдан шунга ўрганганман.  

– Тўйларда бошловчилик ҳам қиласиз. Бу сизга ёқадими ёки фақат тирикчилик учун қиласизми? Юксак санъат билан тўй назаримда унчалик мос эмасдек туюлади. Бу ижодий ишларингизга халақит бермайдими? 

– Курс раҳбаримиз доим “халқимиз сизларни санъаткорим” деб тан олсин!” деб дуо қилардилар.
    Биз барибир тўйларга кўп боролмаймиз. Баъзан айрим мухлисларимиз “Онам сизни сўрадилар. Дадам билан онам сизни қайсидир тўйда бошловчилик қилганингизни кўришган экан. Тўйни чиройли олиб борибсиз, илтимос, бизни тўйда ҳам бир хизмат қилинг” дейишади. Биз уларга рад жавоби беролмаймиз. Масалан, ҳозирги пайтда тўйда бошловчилик қилиш менга унча маъқул эмас. Ҳали оила қурмаган пайтларда қилганмиз. Масаланинг молиявий томонлари ҳам бор, албатта.
    Тўйларда бошловчилик қилиш ижодимга таъсир қилмаган. Бу ерда одамларни кузатасиз, нутқингиз шаклланади. Биринчидан, давраларда қандай гапиришни, фақат тўйда эмас, турли тадбирларда қандай сўзлашни ўргандим. Айрим актёрларни даврага чиқарсангиз, фикрини айтишга қийналади. Тилига бир гап келмайди. Тўй хизматлари бизга шу эркинликни берди, сўзамолликни ўргандик. Тўғри, санъат билан тўй, мос тушунчалар эмас. Лекин мен халқимни, еримни, элимни яхши кўраман. 
    Халқига, элига яхши кунида хизмат қилиш ҳам бир саодат, деб ўйлайман. Мен учун театрдаги ишим биринчи ўринда туради. Ундан кейин сериал-кино, ана ундан кейин бўш қолсам, тўйларга чиқишим мумкин. 

– Лазизбек, мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. Барча ниятларингиз ижобат бўлишини биз ҳам Аллоҳдан тилаб қоламиз.

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси.
2024 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот