Мавлуда Қобулова вафот этди


Алвидо жаннат гули!
Алвидо СУРХОН ОНАСИ!

   Алвидо дунёга меҳру чирой берган ердаги фаришта. Чин дунёга бунча шошдингиз дӯстим?!
   Дунёни нурлантириб кетган олийжаноб қалб биздан рози бӯлинг. Мавлуда Умаржоновна қалбим гавҳари, жойингиз фирдавс жаннатида бӯлсин. 80 ёшдан ошган онангизни юпатишга сӯз йӯқ. Ночорман, таъзиянгизда ғарибу, хору нотовонман дӯстим. Ӯлим бешафқат. 
    Бутун Сурхон йиғламоқда. Қачон улгурдингиз  мардлар  элининг ҳурматига бунчалик эришмоққа? Мени ӯзимдан ҳам яхши билган, тушинган дӯсти жоним лолазорлар ичра кетдингизми?
   Юрагига Сурхондарё сиққан аёл, Ватанни ҳаммадан кӯп яхши кӯрган мардим, охиратингиз обод бӯлсин. 
   Шеърларим, битикларим қаҳрамони, биздан рози бӯлинг.

Зулфия Мўминова.
ТАЪЗИЯНОМА

   Сурхондарё вилоятида узоқ йиллар ҳокимият тизимида раҳбарлик лавозимларида ишлаган фидоий инсон Қобулова Мавлуда Умаржоновна оғир хасталикдан сўнг 2022 йил 14 Апрель куни 63 ёшида вафот этди.
  М. Қобулова Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. 1995 йилда Тошкент педиатрия медицина институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги  врач-педиатр. Илмий унвони тиббиёт фанлари номзоди, доцент. Халқ депутатлари Сурходарё вилояти Кенгаши депутати. 
    Меҳнат фаолияти давомида 1977-1989 йилларда Денов тумани марказий шифохонаси ҳамшираси, катта ҳамшираси, 1995-1998 йилларда Денов тумани марказий касалхонаси туғруқ бўлими врач-интернаси, врач неонатологи, бош неонотологи, врач-статисти, 1998-2003 йилларда Тошкент педиатрия медицина институти ассистенти, доценти, ўқув-услубий бўлими бошлиғи, 2003-2004 йилларда Денов тумани Ҳазорбоғ шифохонаси бош врачи, 2004-2005 йилларда Денов тумани марказий шифохонаси бош врачи ўринбосари, 2005-2020 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси 2020 йилдан вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
   2021 йилнинг 4 майидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари бўлиб ишлаб келаётган эди. Мавлуда Умаржоновна қисқа муддатлик қизғин фаолияти ҳам эътиборга моликдир. 
    Халқпарвар, меҳнатсевар, ҳалол ва билимдон инсон сифатида кенг жамоатчиликнинг юксак ҳурматини қозонган ҳамда улар қалбидан муносиб жой олган Қобулова Мавлуда Умаржоновнанинг вафоти муносабати билан оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

   Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА.










Изоҳлар 1
  1. Бундайин хокисор, ўта камтарин, халқини ўзини жонидан ҳам азиз кўрган, ҳақиқий жонкуяр, самимий инсонлар, менимча асрда бир келади, мен уларни узоқ йиллар Республика хотин- қизлар комитетида жамоатчи эксперт бўлиб, жуда кўп масалаларни ижобий ҳал қилиб, ҳамиша дилихўшрўйлик билан, астойдил харакат қилишларини ўзим шоҳиди бўлганман! Мавлудахонимни мехмондўстлигини айтмайсизми! Чин қалбли, ҳалол, пок, захматкаш қадрдоним, мехрибоним эдилар! Тўғриси, хозир ўқиб, шокка тушдим, кўз ёшларимни тўхтата олмаяпман, ахир 7 март хотин - қизлар байрами муносабати билан тантанада бирга кўришиб, май ойида, маьнавият фестивалида учрашмоқчи эдим! Аллоҳим уларнинг оила аьзоларига, муштипар онаизорларига сабр ва тоқат бер, Охиратларини обод қил, рахматий ва жаннатий қил! Уларнинг сиймоси, абадий хотирамизда қолади!



    Қалбимдаги оғриқни қандай изоҳлашни ҳам билмайман! Синглимдак ардоқлар эдим, чунки Мавлудахондаги фазилатлар, яьни ўта катаринлик, донолик, самимийлик, Шарқона мафтункорлик уларни ҳамиша безаб турар эди! Узоқ йиллар яқин баробарликда, хотин-қизлар масаласи билан рўбаро келганимда, опажоним, сиз менга мурожаат қилганингизни ўзи мен учун бахт деб, масалага инсоний ёндашиб, ҳамиша қалб билан, чин кўнгилдан ҳал қилар эдилар! Менимча бу катта йўқотиш, фақат Сурхон воҳасигина эмас, барчамиз учун деб биламан! Кечадан буен кўз ёшларимни тия олмаяпман, бир дунё жигаримни йўқотгандак қайғуга ботдим! Аммо на илож, зоримиз бор, аммо зўримиз йўқ! Аллоҳим омонатларини осон қилсин, рахматий ва жаннатий қилсин! Оила ва барча яқинларига чуқур таьзиямни изхор қиламан, уларга сабр ва тоқат тилайман, Мавлудахон хотирамизда абадий яшайдилар, руҳлари шод бўлсин!

Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот