Жаннат ифорингиз излаб келавераман...


Мунаввара УСМОНОВА
Жаннат ифорингиз излаб келавераман...

   Уйимизга яқин жойдаги деҳқон бозорида бир нуроний онахон кўкатлар сотиб ўтиради. Қўллари онамнинг қўлларига ўхшайди. Кўзлари маюс, аммо меҳрли... "Болам, ҳовлимга ўзим экканман, олинг", дейди ҳар сафар. Оламан. Керак бўлмаса ҳам олавераман. Ҳовли четига эккан кашничу райҳонларим гуркираб турган пайтда ҳам онадан кўкатлар сотиб оламан. Кексайиб қолдингиз, иссиқ уйингизда ўтиринг, онажон, дегим келади айтолмайман. Фарзандлари, ҳаёти ҳақида сўрамоқчи бўламан, аммо кўнглига озор бериб қўйишдан қўрқаман. Кеча, ўша бозорда юнгли пайпоқ сотиб юрган аёлга: "Пулини тўлайман, лойиғини ўша онахонга олиб бориб беринг",  илтимос, дедим. "Йўқ, барибир олмайди. Бировнинг хайру эхсонини қабул қилмайди", деди. Кейин совуқда ўтирмай ҳарна уйига эртароқ кетар, деб бориб саватчада қолган ҳамма кўкатларни сотиб олдим. Онахон, "Қизим, бунча кўп кўкатни нима қиласиз, тўй-маърака борми?',  деди. Мен уни баҳорда ишлатиш учун музхонага солиб қўйишимни, айтдим. Кейин иккиланиб:" Кун кўрмай клёнка тагида ўсган кўкатлар яхши эмас. Ёзда олиб қўйиш керак. Сиз зарур бўлганда келаверинг, баҳорда ҳам бугунги баҳосида беравераман", дейди. Воҳ, онажонима. Ўнлаб тингловчилар қошида, соатлаб ваз айтиб тутилмаган тилим сизнинг ҳузурингизда айланмай қолади.Гапим кўп, сўровим бисёр, кўзингизга қараб бир сўз айтолмайман. Аммо сизни йўқотиб қўйишдан қўрқаман, жуда қўрқаман. Умрингиз зиёда бўлсин. Баҳоргача, ундан кейин ҳам жаннат ифорингизни излаб келавераман, жаннатим, дейман пичирлаб.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот