ТУҒИЛГАН КУН МУБОРАК!


ТУҒИЛГАН КУН МУБОРАК! 

     Бундан ўттиз уч йил аввал... Талабалар ётоқхонаси... Бир қизга шундай дегандим: "Кўрасиз, биз зўр бўламиз. Бизни тан олишади. Ижодимиз дунё адабиёти тадбирларида янграйди. Жаҳон кезамиз. Гоҳида биз  чет элдаги улкан адабий  йиғинда қатнашаётиб, бир-биримизга телефон қиламиз. Болалар яхшими, эҳтиёт бўлинг, деб хавотир оламиз... " 
    Астойдил қилинган ният албатта амалга  ошаркан. Худога шукр!  
  Худога шукр! Ўша қиз бугун фарзандларим онаси, невараларим бувиси, ўзимнинг суянчим, қанотим. Ёзганларимиз  ҳар ҳолда чет элларда ҳам назарга туша бошлади. Унинг китоблари дунёнинг 30 га  яқин тилига ўгирилди. Камина ҳам чаккимас. У бугун Лондонда. Адабий йиғинда. 
    Мен эса Худо хоҳласа, эртага тонгда Беларусга учиб кетаман. Минскда Адабий анжуман бор,  шунда иштирок этаман. 
   Бугун унинг туғилган куни. Ўттиз  уч йил аввал айтганим каби  телефонда гаплашдим. Табрикладим. Телефонхат ҳам  ёздим. 
      Омон бўл,  Ҳаётим! 
      Омон  бўл  Қанотим!
                           
*** 
Куздай сокин бўлдим. Куздайин вазмин.
Гоҳида бўронлар  қалбга солди дарз.
Бироқ Сен умримга бахш этдинг мазмун --- 
Менинг кўз ўнгимда гуллади аёз.
Сен борсан! 
Қаддим тик. Зирҳ бўлдинг ҳар дам.
Бағримга бош қўйиб жоним, ўксима.
Сен бор! 
Ғанимларим тўп отганда ҳам
Уваланиб кетар тегса кўксима...
                               
Қўчқор НОРҚОБИЛ
19.03.2023.й










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот