Осмондан тушган оташ


Қўчқор Норқобил

Осмондан тушган оташ 
Ҳикоя
   
    Тол туш. Қуёш ерга тушган. Борлиқ жизғанак. Ўт ичида. Жизилловуқнинг жазаваси жавзони лоҳас этади. Замин заранг қотган. Бирор дов-дарахт йўқ. Қисир ернинг бели қисирлайди. Сув қаҳат.
   Боғу роғ, тоғу ардоғда яшаб юрган чапанироқ одамнинг хаёлидан шундай ўй кечиши ҳам тайин: “Итни боғлаб қўйсанг турмайди-ку, буларга нима бор экан, бу жойда? Ер камми бу дунёда?”.
    Тўғри, дунёда ер кўп. Лекин одам боласининг киндик қони ҳамма жойга ҳам томавермаскан-да. Тақдири азал бу. Киндик қон тўкилган жойдан эса инсоннинг илдизи ўсиб чиқади — қани кетиб кўр...
    Турдининг пешонасига шу ерда туғилиш битилган экан, мана, яшаяпти. Ёши ҳам қирқдан ўтиб қолди. Болали-чақали. Келин билан иккиси Худога шукр, икки ёрти бир бутун. Рўзғорда бири кўл, бири оёқ — кун ўтаяпти.
   Бақироқ кўлдан бир чақирим берида жойлашган бу овулда тирикчиликка чорва ва балиқчилик тиргак. Данғур-дунғур тепаликларга сурув-сурув қўй ҳайдашади. Осмоннинг қурсоғи қисилмаса, албатта, баҳор ўнг томондан келади — адирларга жон киради. Сарғини сариқ тортган кузга қадар қўй-қўзи, улоқ-эчки, ҳатто қорамолларни ҳам оёғи боқади. Қишда ғарамланган янтоқнинг куни туғади. Хуллас, ана ўлдим, мана ўлдим билан чорва чилланинг чигилини ёзади. Бу жойларда ҳам ер айланади, қишдан сўнг яна баҳор...
  Турдининг чорвага ҳуши йўқ. Балиқчилик қилади. Қўлида қармоғи, елкасида тўри, тагида отам замондан қолган тоғорақайиқ, умри кўлда ўтади.
   Бу йилги ёз улай-булай бўлмади — осмоннинг оташи ерга ағнаган фасл бўлди. Рўза ҳам шу жазирамага тўғри келди. Турди ҳовлидаги танҳо яшиллик тимсоли — қарағай тагидаги ним-нимкала тапчанда беҳолгина бўлиб ўтириб, кўлдан кўз узмайди. Ҳар бир кун шундай ўтади, кўлга термулади, лекин бориш йўқ, кўлга бормаса куннинг оёғидаги тушов ечилмайди — вақт ўтмайди. Сабабки, ҳозир балиқ кўпаядиган, увилдириқ қўядиган пайт. Тақиқ мавсуми — овнинг оғзи беркилган пайт.
   Вужуди лоҳас тортди, киприги оғир ботди. Турди кўз илди. Жимирлаган кўл қаърида сузиб кетаяпти. Сув муздек. Қониб-қониб ичди, ҳа, тушдаги кўл сувини ичса бўларкан... Туйқус нимадир тарақлаб кетди, бир силтаниб нигоҳини очди, пахса деворга омонат ўрнатилган ғийқилдоқ ёғоч эшик ланг очиқ, остонада икки нотаниш кимса. Бири семиз, бири новчабўй.
   Салом-аликдан сўнг уларнинг муддаоси аён бўлди. Балиқ сўраб келишибди. Турдининг кулгуси қистади: “Қатқалоқдан қор излаганини қаранг. Ҳозир ов пайти эмас-ку...”.
   Мавсумнинг эшигига қулф урилгани билан балиқхўрнинг иши чикора!
— Ҳозир тақиқланган, — қисқагина жавоб қилди.
— Нима тақиқланган? Биз сиздан сотиб оламиз пулга!, — деди келгиндиларнинг бири. Униси бош ирғаб тасдиқлади.
— Балиқ тутмаяпман. Бўлса жоним билан берардим. Тим боле меҳмон экансизлар, — деди Турди ҳам ноилож.
— Ифторликда балиқ билан оғиз очишни ният қилувдик, — ютинди новчабўй.
— Рўзамисизлар?
— Ҳа. Хўп майли, узр.
   Улар ҳовлидан шалпайибгина чиқишди. Турди меҳмонларнинг ортидан айбдор каби изза бўлиб мўлтираб қаради. Чакки бўлди. Рўза ҳолига дили хира тортиб кетишаяпти. “Ўлиб кетсин, шу тақиқлариям. Икки донагина балиқ кимни ўлдирибди, рўзадор одамнинг кўнгли чўкса, балиқ тугул, бутун бошли кўл остин-устун бўлмайдими?..”.
   Турди ўзини қўярга жой тополмай қолди. Рўзадорларга ёрдам беролмаганидан озурдалик ила уларнинг ортидан қараб тураверди. Туйқус кўнгли ёришиб, қийқириб юборди: Ё қудратингдан. Чин ният синиқ чиннини бут этар. Турдининг хаёлига шу тобда назоратчи қўшниси Қосим кал тушди. Ахир эрталаб браконьерлар ташлаб қочган ярим тўрва балиқдан икки донасини Турдига ҳам улашганди-ку. Ана ошхонада тоғорада турибди. Эсига келмаганини қара. Ўзинг тутмаганингдан кейин шу-да. Турди ошхонага югуриб кирди, худди Ҳайдар полвоннинг билагидай келадиган икки дона лаққанинг бор-йўқлигига ишонч ҳосил қилмоқчидай, тоғора устидаги марлини олиб кўрди. Турибди. Ҳовлига отилиб чиқди. Бор овозда бақирди:
— Акала-а-а-а-а-а-р, ҳо-о-ов-в-в-в, ака-а-а-а-ла-ар!
   “Ака”лар таққа тўхташди. Ортига қарашди. Турди дунё топган тентакдай бўлиб яна ошхонага югуриб кириб чиқади-да, икки қўлидаги балиқларни даст кўтариб кўз-кўз қилди.
   Икки меҳмон ҳориб-пишнаб етиб келишди. Айниқса, новчасининг оғзи қулоғида:
— Ву-у-у-й, уккағардинг ули, одамни бир синаб кўрдингизда-а?
— Нархини кўтармоқчи бўлганда, — тўнғиллади бадқовоқ семизи ҳансираб.
— Э-е-ей, нима деяпсизлар? Мен сизларга текин, бераман. Текин. Рўза экансизлар. Олиб кетаверинглар.
   Меҳмонлар бир-бирига ажабсиниб қарашди.
— Сотмайсизми?, — новча илжайди.
— Йўқ. Буни назоратчи қўшним браконьерлардан олиб қолибди. Эрталаб улар ташлаб қочишибди.
— Сизларга тегишли улушни ташлаб кетишдими?, — кўзларини қисиб ижирғанди бадқовоқ семиз.
— Бу нима деганингиз?
— Балки браконьер ўзингиздирсиз? — тиржайди новча.
— Ўзи бўлмай ким бўларди. Ол, расмга ол!, — пишиллаган овоз келди.
   Турдининг бошига кимдир гурзи билан ургандай бўлди. Юраги шув этди. Буларнинг қадами қалтис, нияти ноқис эканлигини пайқади. Семиз пиш-пишлаб ён чўнтагидан қип-қизил ҳужжат чиқариб кўрсатди. Турдининг оғзи қуруқшаб, тили калимага келмади, кўз олди хира тортди. Секин бориб қайрағоч тагига бориб ўтирди. Уларга қарашга юраги дов бермади, аниқроғи, жирканди, ижирғанди, дунёдаги энг ёмон нарса қаршисида тургани каби, юзларини буриштириб бир нуқтага тикилиб иҳранди:
— Кетинглар! Кет! Кетинг!!!
— Ия, қилар ишни қип қўйиб, иддао этасиз-а?! — хушнуд чийиллади новча. — Энди нима қиламиз? Қўшнингиз ҳам жарима тўлади. Балиқлар икковингизга тегишли эканлигини тан олганди. Ақлли одам экан, идорага бориб ўтирмайин, сизлар нима десангиз шу, деб баённомага имзо чекди.
— Мен нима қилай?
— Сиз ҳам қўл қўйинг, бўлди. Хоҳласангиз, қоғоз-қаламни четга сурамиз, — юмшади новча.
Бадқовоқ эса ёғоч эшикка суяниб биткўзларидан қаҳр сачратиб турарди.
— Бўпти розиман, қанча берай? — оғринди Турди.
— Бир миллион! Агар қоғоз гапирса, манави кулбангиздан ҳам айрилиб қоласиз, — кесатди новча.
— Унча пулим йўқ. Йиққаним беш юз минг, — ингранди Турди.
   Бадқовоқ пачакилашиб ўтирма, деган каби розилик аломатида бош ирғади. Новча яна жонланди:
— Хўп. Биз кетдик. Балиқни ҳам бирор идишга солиб беринг.
   Турди ичкари уйга кириб, елим пакетда пул олиб чиқди. Келгиндилар “ўлжа”ларни олиб остонадан кўча ҳаталашди. Турди уларнинг орқасидан қараб қолди: новча ва семиз бир-бирига елка уриб, лапанглаган кўйи уфқ сари кетиб боришарди.
   Турди кўл томон юз бурди. Ботаётган қуёш нурида қирмизтуслик оғушида чайқалган сув сатҳи гўё олов ичида тўлғанаётгандай эди. Турдининг эса ич-ичига ўт кетиб, ботини куйиб кул бўлар, кўзларидан чўғ сизиб тушарди. У оташ чайқалиб, лов-лов шуъла таратган кўлга эзғинди бир алфозда тикилиб, қўлларини дуога очди, лаблари нимадир деб пичирлади. Сўнг... анчагача тош қотиб турди. Кўнгли бироз юмшади. Юзида табассум зоҳир бўлди. Ифторлик онлари, ҳаловатли шом номози яқинлашиб келарди.
   Хотини ота-онасиникидан оғизочар маҳали қайтди — бирга ифторлик қилишди. Аёли кўзи илинган кенжасини беланчакка солиб, эрига жой ҳозирлади. Шом номозидан сўнг Турди бугунги асабўйнар куннинг дилхиралиги ҳақида чурқ этмай ўрнига чўзилди. Шу пайт, ҳовли эшиги ёнига машина келиб тўхтади. Ёғоч эшикка “забон” битди — “ғийқ”.
— Ака, ухламаяпсизми? Кириб ўтай дедим, — тумандаги аллақайси ташкилотда шофёр бўлиб ишлайдиган укаси Шокиржон қўлида аллақандай тугунни кўтариб кириб келди.
— Тинчликми?
— Нукусга кетаяпман. Завод иши бўйича хўжайинни олиб саҳарда жўнайман, у қўлидаги елимпакет ва марлига ўралган нарсани акасига тутди. — Шу сизда турсин. Бир бечоранинг омонати.
— Буни нима қиламан?
— Ҳозир туман марказида даҳшатли авария бўлди. Чорраҳада битта “Нексия”ни Камаз пачақлаб кетди. “Нексия” ичидагиларни зўрға суғириб олдик. Икковини ҳам машинамга солиб касалхонага олиб бориб ташладим. “Тез ёрдам”ни кутсак, кеч бўларди. Манави, нарса шошилинчда салонда қолибди. Худо хоҳласа, тузалиб чиқишса, бериб қўямиз. Узр ака, шошаяпман.
   Ука шундай деб ортга қайтди. Ёғоч дарвозага яна тил битди — “ғийқ”. Машина гуриллади. Турди эса бир қўлида балиқ ўралган марли, бир қўлида елим пакетни кўтариб тош қотиб турар, унинг кўзларидан ёш сизарди. Бехос лаблари титради:
— Ахир мен уларни қарғамагандим, қарғамадим.., — деди зўрға.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот