12 апрель - "Халқаро авиация ва космонавтлар куни” дейишлари билан кўз ўнгимизда машҳур фазогир Юрий Гагариннинг таниш табассуми гавдаланади ва унинг "Кетдик!” деган машҳур ибораси жаранг сочади. У 1961 йилнинг 12 апрелида жаҳон тарихида илк бор "Восток” (Шарқ) деб номланган фазовий ракетада Бойқўнғир космодромидан учиб, 108 дақиқалик учишдан сўнг, Саратов вилоятининг Энгельс шаҳри яқинига муваффақиятли қўнган эди.
Самодан омон қайтган вафодор жониворлар
Фазога дастлаб инсоннинг тўрт оёқли дўстлари учирилгани барчамизга аён. Белка ва Стрелка лақабли итлар парвоздан ерга соғ-омон қайтишгач, одамларни учириш хавф туғдирмаслигига ишонч ҳосил қилинган ва бу борада дастлабки дадил қадам қўйилган.
Бугунги илғор ХХ1 техникалар асрида ҳайратомуз муваффақиятлар кўзга ташланмоқда – Ер атрофида ўн минглаб сунъий йўлдошлар айланмоқда, фазовий аппаратлар Ойга қўниб, сайёранинг тупроғидан намуналар олиб келишмоқда.
Ҳайкал қаердан кўчириб ўтказилган ва ҳайкалтарош ким?
Жонажон юртимиз, хусусан, Тошкентда Юрий Гагарин шарафига ҳайкал ва ёдгорлик барпо этилган.
Дастлабки ёдгорлик ХХ асрнинг 60-йилларида Тошкентнинг Анҳор канали қирғоғидаги истироҳат боғида ўрнатилиб, ўша жой дастлаб Гагарин номи билан аталган. Фазогирнинг сиймоси акс этган ёдгорлик қад ростлаган.
1979 йилда ҳайкалтарош Григорий Постниковнинг ёдгорлиги фазовий мавзулар ва меъморий ишлари билан машҳур Собир Одиловнинг ҳайкали билан алмаштирилган. Ёдгорликнинг очилиш маросимида фазогирлар Георгий Береговой ва Владимир Жонибековлар иштирок этишган.
1995 йилда мазкур ҳайкал Чилонзор туманидаги Юрий Гагарин кўчасида жойлашган "Чайка” кинотеатрининг рўпарасига кўчириб ўтказилган ва кинотеатр ҳам машҳур фазогирнинг номи билан атала бошланган.
Фазогирлар ҳаётига оид қизиқарли маълумотлар
Ўзга сайёралардаги об-ҳаво, иқлим, шарт-шароит Ердагига қараганда тубдан фарқ қилади! Бир қарашда, Ер сайёрасига ўхшаш сайёра, иллюминатордан кўриниб турган одамлар ўзимизнинг кишилар. Аммо фазовий бўшлиқда, Ернинг тортиш кучи бўлмаган макон фазогирларнинг ҳаётини мутлақо ўзгартириб юборади.
Мазкур мақолада фазо кишиларининг ҳаёти билан боғлиқ ҳаққоний ва энг қизиқарли маълумотлар билан таништирамиз.
1. Бир кун ичида 16 хил рангни кўриш мумкин.
Ҳа, самовий жисмларнинг қуйи ҳаракат йўлида Қуёш ҳар ярим соатда чиқади ва ботади, десак, асло ажабланманг! Бундай кун тартибида ухлашнинг деярли имкони йўқ.
Фазогирларнинг ҳаёт тарзини меъёрга солиш учун "ўрта” гринвич вақтига асосланган оддий 24 соатли тизим яратилган.
2. Фазовий кемада баланд бўйли одамга айланасиз.
Айнан шундай, Ернинг тортиш кучи, мувозанат йўқолганлиги туфайли, умуртқа поғонаси чўзилади ва тахминан 5-8 см га "ўсасиз”. Бахтга қарши, бундай "бўй ўсиши” турли асоратлар билан бирга кузатилади. Масалан, белингиз, бўйин соҳангизда оғриқ сезасиз ва асаб толалари қисилиши сабабли, асаблар ҳам бироз таранглашиб, толиқади... Хуллас, машқларда чиниқмаган одам фазовий маконда бўлиши амалий жиҳатдан мумкин эмас! Бундай ҳолатга оддий, махсус машғулотларда тобланмаган одамларнинг танаси ва асаблари дош беролмайди!
3. Фазогирлар хуррак отмайди
Ерда хуррак отадиган одам коинотда хуррак отолмайди. Бунинг сабаби, яна Ернинг тортиш кучида. Одатда, хуррак томоқ ва халқумнинг босилиб қолиши натижасида пайдо бўлади. Вазнсизлик ҳолатида бу иллатдан халос бўласиз!
4. Туз, мурч ва майдаланган қалампирни сувга аралаштиришга тўғри келади
Зираворларни фазогирлар фақат суюқ ҳолатдагина истеъмол қилишлари мумкин. Вазнсизлик ҳолатида туз, мурч кабилар муаллақ ҳолда сочилиб кетади, яъни бир жойда турмайди. Шу сабабли, фазогирлар таомга қўшишлари учун мўлжалланган зираворлар суюқ ҳолатга келтирилади. Акс ҳолда. зираворлардан фойдаланиш катта муаммога айланган бўларди.
5. Фазода энг узоқ муддат бўлиш – 438 кун
Коинотда ҳаммадан узоқ муддат турган одам – рус фазогири Валерий Поляков ҳисобланади. У "Мир” (Тинчлик) фазовий станциясининг бортида 438 кун (14 ой) қолган. Унинг хизмат ташрифи 1995 йилда тугалланган.
6. Деярли ҳар бир фазогир фазовий касалликдан азият чекади
Шунақаси ҳам бўлади. Жуда кўплаб фазогирлар вазнсизлик ҳолатининг дастлабки кунларидаёқ фазовий касаллик билан боғлиқ ёқимсиз ҳисларни туйиб, ноқулайликлардан қийналишади. Бу "касаллик” мувозанатни йўқотишда намоён бўлиб, одам қўл ва оёқлари жойлашган жойларни сезиш қобилиятидан маҳрум бўла бошлайди. Айримлари умуман ўзини оёғи осмонда-ю боши пастда тургандек сезишади.
Маълумотларга кўра, фазогирларнинг ҳар иккинчиси "фазога мослашувчанлик синдроми” пайдо бўлиши билан боғлиқ ёқимсиз ҳиссиётларни сезган. Фақат бир неча кун ўтиб, одам
шу шарт-шароитга мослашиб, кўниккандан кейингина ёқимсиз ҳислар уни тарк этади.
7. Ерга тушган фазогирларнинг оғирлик кучига мослашиши қийин кечади
Самодан ерга тушган одамлар яна бизнинг шароитларимизга мослашишлари лозим бўлади. Астронавтлар, дастлаб буюмларнинг ерга тушиб кетишига кўникиши қийин бўлади (чунки самода жисмлар муаллақ ва ҳеч нарса пастга тушиб кетмайди). Шу сабабли, ерга қайтганда, чой ичган пиёласини столга қўйишни унутиб, муаллақ туради, деган шартли кўникмада, қўлидан қўйиб юбориши натижасида, идишлар ерга тушиб, чил-чил синади.
Шунинг учун самоларда учишни орзу қилган, хаёлан парвоз қилаётганларга қарата шу сўзларни айтишимиз мумкин: "Ҳар жойни қилма орзу – ҳар жойда бордир тош-тарозу”!
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.
2016 йил. Манба: "Сабо" газетаси