Мунаввара Абдуллаевани муборакбод этамиз


  Бугун 5 апрел, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор Мунаввара Абдуллаева 71 ёшни қаршилади. Унинг кўп йиллик меҳнат фаолиятини икки йўналишда бири ижодий, иккинчиси педагогик маҳоратини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
  Ўзбек миллий театр санъатининг ривожланиши, бевосита актёрлик маҳоратининг муваффақиятли ўқитилиши, ижодий жараёнлардаги ютуқлар таълим тизимидаги етакчи педагогларнинг савияси билан боғлиқ. Мунаввара Абдуллаеванинг педагогик салоҳияти, минглаб шогирдлар чиқариш бахтига мушарраф бўлгани бизни қувонтиради.
  Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Ўқув театрида Мунаввара Абуллаева томонидан саҳналаштирилган диплом спектакллар муваффақиятли ижро этилди ва улар таълим берган шогирдлар бугунги кунгача юртимизнинг турли ҳудудларида ишлаб, ижод қилиб келмоқда. 
  Ўзбек Миллий Академик драма театрида саҳналаштирилган “Чимилдиқ”, “Бевалар”, “Дада демайман”, “Андишали келинчак” каби омадли спектакллар Мунаввара Абдуллаеванинг режиссёрлик маҳоратини ҳам кашф этди. Мазкур саҳна асарлари ҳали ҳамон севиб томоша қилинади. Ундаги актёрлар эса ёрқин роллари билан халқнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган. Қолаверса, Мунаввара Абдуллаеванинг “Кичкина табиб”, “Осмондаги болалар 2”, “Аросат”, “Муҳаббатим-қисматим”, “Ўйин”, “Иссиқ нон”, “Бахт уйи”, “Осмон яқин”, “Қовун”, “Назира” каби фильмларда гавдалантирган образлари ўзига хослиги, ҳаётийлиги билан ажралиб туради. 
  Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмаси номидан ҳамда ўзим номимдан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор Мунаввара Абдуллаевани бугунги қутлуғ 71 ёши билан муборакбод этаман! Ижодкоримизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, оилавий тинчлик-хотиржамлик, бир умр халқимиз ардоғида ва эътирофида бўлишдек шарафли бахт тилайман!

Ёқуб Аҳмедов,
Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ артисти.