Гуландом Тоғаевага табрик!


  “Шуҳрат“ медали соҳибаси, филология фанлари номзоди, шоира - Гуландом Тоғаевани таваллуд топган куни муносабати билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз!
   Гуландомга соғлик, узоқ умр, бахт-саодат ва ижодий ҳамда ижобий парвозлар тилаймиз!

Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.

   Маълумот:  “Шуҳрат“ медали соҳибаси, филология фанлари номзоди, шоира - Гуландом Жуммаевна Тоғаева  1972 йилнинг 1 Январь куни Сурхондарё вилоятининг Денов (ҳозирги Олтинсой) туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида  таваллуд топган. Маълумоти олий, 1994 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини, 2008 йилда Тошкент Молия институтининг молия инженеринги факуьтетини  тамомлаган.  Шеърий машқлари 1986 йилда илк бор “Гулхан” журналида чоп этилган. Ижодининг кенг равнақ топишида, маърифий дунёқараши шаклланишида журналнинг аҳамияти жуда катта.
    Гуландом Тоғаева меҳнат фаолиятини 1995 йили Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ватандош» радиостанциясидан бошлаган.     
   1996 йилдан ЎзТВ мусиқий ва дам олиш кўрсатувлари дирекцияси муҳаррири лавозимида ишлаган кезларда миллий қадриятлар тарғиботига бағишланган “Тарих сарҳадлари” номли қадриятларни тараннум этувчи ва “Ёшлигимнинг олтин сози” каби  миллий оҳангларни ўзида намоён  этган қатор кўрсатувларни тайёрлади. 1996 йилдан  Ўзбекистон  телевидениеси “Ассалом, Ўзбекистон!” студияси   муҳаррири, 1997 йилдан эса  мазкур дастурнинг  катта   муҳаррири лавозимида  фаолият юритди. Айни шу кезларда  тонгги дастурнинг юздан ортиқ саҳифаларини тайёрлаб эфирга узатди.  Дастур мундарижасидан ўрин олган “Мусиқа хиёбони”, “Хобби”, “Тонги ўйлар”, “Ижодкор билан учрашув”, “Деҳқоннинг бир куни”, “Иқтисодиёт сарҳадлари” каби  қатор саҳифалари  эл меҳрига сазовор бўлди.  
  Гуландом Тоғаеванинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан юксак баҳоланиб, 1999 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
  Гуландом 2006 йилдан 2014 йилгача   Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телерадиоканалида ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий дастурлар бош муҳарририятининг катта муҳаррири  вазифасида ишлаган.
  Унинг муаллифлигида тайёрланган  “Тараққиёт йўли”, “Табаррук замин”, “Эркин иқтисодиёт”, “Тараққиёт ва  фаровонлик сари”, “Соғлом келажак” каби мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳа ҳамда жамият ҳаётини демократлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган туркум кўрсатувлар томошабинлар  эътиборини қозонди.
   “Халқ виждони” ток-шоуси ҳамда “Чироғи ёниқ уй” телелойиҳалари томошабинлар томонидан юқори баҳо олди. “Аждодлар хазинаси,” “Шукрона”, “Илм қудрати”, “Саодатли умр”, “Умрбоқий қўшиқлар” каби қатор кўрсатувларини тайёрлади. “Маънавият дарғалари” рукнида тайёрланган ҳар бири икки қисмли Қори Ниёзий, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом ижодига бағишланган фильмлари мухлислар томонидан яхши кутиб олинган.
  Гуландом Тоғаева салоҳиятли шоира сифатида ҳам мухлисларга яхши таниш: “Чақмоқ хўрсиниқлари”(1994), “Муҳаббат асри” (2004), “Мен излаган кема”(2017), “Ўн етти ёшлилар мамлакати”(2018), “Сувайдога йўл”(2019) каби шеърий тўпламлари ва “Матбуот ва тасаввуф” (2006), ”Эзгуликнинг бадиий инъикоси” (2009) каби илмий брошюралари муаллифи, 600 га яқин мақолалари  Республика матбуотида эълон қилинган.  Шулардан саккизтаси чет эл матбуотида чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
   У тайёрлаган материаллар қайси мавзу ва жанрда бўлишидан қатъи назар  теран таҳлилга, нозик журналистик кузатувга  эгалиги билан алоҳида  ажралиб туради.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот