Маъмура Зоҳид қизига табрик
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бошлиғи, ёзувчи - Маъмура Зоҳид қизини таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз.
Маъмура Зоҳид қизига мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий парвозлар тилаб қоламиз!
Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Маълумот: Маъмура Зоҳидова 1973 йилда Наманган вилояти Чуст тумани Ғова қишлоғида ўқитувчилар оиласида туғилган.
1991 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Наманган Давлат университетининг филология факультетига ўқишга қабул қилинган. 1992 йилдан бошлаб таҳсил олиш билан бирга, қишлоқдаги 12-ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Олий маълумотни эгаллагандан кейин маълум муддат мактабда, кейинчалик коллеж ва НамМПИакадемик лицейда Она тили ва адабиёт, Давлат тилида иш юритиш, Нутқ маданияти, Ўзбек тили, Миллий истиқлол ғояси, Ходимларни бошқариш каби фанлардан ўқувчиларга сабоқ берди.
Шунингдек, Миробод туман Халқ таълими муассасаларини методик таъминлаш бўлими филология фанлари методисти, Ўзбекистон Қуролли кучлар Академияси Чет эл жанг-жанговар тактикасини ўрганиш ва татбиқ этиш бўлимида илмий ходим-таржимон, ўқув бўлими бошлиғининг катта ёрдамчиси вазифаларида ишлади. 2017 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот-таҳлил котибияти етакчи мутахассиси, Ёшлар бўлими Ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бош мутахассиси вазифасида ишлаган. Ҳозирда ёзувчилар уюшмасининг Ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бошлиғи вазифасида фаолият олиб боради.
Илк шеъри 4-синф ўқувчиси эканида ҳозирги “Тонг юлдузи” (аввалги “Ленин учқуни”) газетасида чоп этилган. 1987 йилда ушбу нашрда эълон қилинган “Онажоним – табиат” танловида ғолиб деб топилган ва рағбатлантирилган.
Шеърлари, ҳикоялари, публицистик мақолалари билан матбуот нашрларида мунтазам иштирок этиб келади.
2000 йилда “Соғлом авлод йили” муносабати билан Республика миқёсида ўтказилган “Ижодкор ўқитувчилар анжумани”нинг туман ва вилоят босқичларида 1-ўринни эгаллаб, Республика миқёсидаги “Ижодкор ўқитувчилар анжумани”да иштирок этди. Шеърлари шу йили чоп этилган “Муборак дамлар” тўпламига киритилган.
Маъмура Зоҳидова ёш авлод тарбияси, бадиий адабиётимиз, тилимизнинг ўрганилиши масалаларига бағишланган 50дан ортиқ танқидий мақолаларни эълон қилган. “Бобур лирикасида эстетик тарбия масалалари талқини”, “Лотин алифбосидан кимлар қўрқади?..”, “Дарсликдаги хатолар”, “Дарсликлар мукаммал бўладими?”, “Бойчечак – баҳор қўшиғи эмас”, “Имло луғатининг ўзида хато бўлса...”, “Ўқув марказининг мақсади: кўпроқ абитуриент келсин”, “Ҳарбий атамалар қайси тиллардан ўзлашган”, “Тил миллатнинг руҳи бўлса...”, “Тилимизнинг жилосини аввало тилшунослар кўрсатишсин”, “Менинг тиғ тилган тилим...”, “Адабиёт кўчирмачиликни кечирмайди”, “Истеъдодсиз бола йўқ” каби мақолалари республика нашрларида чоп этилиб, кўп баҳсларга сабаб бўлган.
Маъмура Зоҳидованинг “Ҳикоялар” (2000), “Айтилмай қолган гаплар” (2013), “Нажот куйи” (2017), “Булоқлимозор сири” (2018) каби шеърий ва насрий тўпламлари нашр этилган. 2018 йилда чоп этилган “Нур ёғилган юрт одамлари” номли йирик форматдаги китоб-альбомга, турли баёзларга шеърларидан намуналар киритилган.
Маъмура Зоҳидова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Ўзбек насрида унинг оддий уй ҳайвони – забонсиз ит тилидан ёзилган “Сарҳадсиз садоқат”, тилимиз оғриқлари, болалар тарбияси ва таълимидаги кўринмас фожиаларимизга бағишланган “Бойчечак” қиссалари алоҳида эътироф қилинган.
Педагогик салоҳияти ва тажрибаси билан она тили ва адабиёт дарсликларини мукаммаллаштиришда фаол иштирок этгани учун Республика таълим маркази Илмий-методик Кенгаши аъзоси сифатида ўз таклифлари билан Кенгаш ишида иштирок этиб боради.
Айни вақтда бадиий ижод билан бирга Чустий ижодининг бадиий хусусиятлари ҳамда халқ оғзаки ижоди асарлари бўйича мустақил илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.