Шаҳноза Қурбонбоевага табрик
ЎЗМТРК "Маданият ва Маърифат" телеканали "Болалар адабиёти", "Жаҳон тасвирий санъати усталари", "Кинопро", "Тундаликлар", "Дебют" кўрсатувлари бошловчиси ва муҳаррири, журналист - Шаҳноза Қурбонбоевани таваллуд топган куни билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз!
Шаҳнозага соғлик, узоқ умр, бахт-саодат, ижодий ва ижобий муваффақият, дунёдаги жамики энг юксак истакларни тилаб қоламиз!
Маълумот: Қурбонбоева Шаҳноза Абдуваҳобовна (Абдуваҳоб қизи) - Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент шаҳрининг Мирзакалон Исмоилий номидаги 138-ўрта мактабни тамомлаган. Синфи "Она тили ва адабиёт" фанига ихтисослашгани сабабли, ғазалхонлик ижодий кечалари тез-тез ўтказиларди. 5-синфда ўқиётган вақтларида Ҳамид Олимжоннинг "Ойгул билан Бахтиёр" асаридан парча саҳналаштирилган. Шаҳноза Ойгул ролини ижро этган. 8-синфда шоира Нодирабегим ижодига бағишланган мушоира саҳнаси саҳналаштирилганда, у Нодирабегим ролида ўз маҳоратини намоён қилган. Мактабни тамомлаб, журналист бўлиш орзусида ТОШДУ (Ҳозирги ЎЗМУ)га борган. У ёшлигидан ҳикоя ва шеърлар ёзган, лекин ҳеч бир журнал, газетага нашрга бермаган.
Аммо Тошкент Давлат Санъат институтида журналистика бўлими борлиги ҳақида хабар топгач, мазкур институтнинг "Санъат журналистикаси" бўлимига ҳужжатларини топширган. 1998 йилда иккита ижодий имтиҳондан, тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, Давлат Гранти асосида ўқишга қабул қилинган.
Илк фаолиятини 2000 йилда "Сезам" радиосида ахборот хизмати бошловчиси сифатида бошлаган. 2001 йилда Тошкент телеканалининг "Тонгги пойтахт" кўрсатувида "Дунё мўъжизалари", "Уй музейлари", "Мунажжимлар башорати" саҳифаларини тайёрлаган. 2002 йилда Гранд радиосида ахборот хизмати муҳаррири ва бошловчиси бўлиб ишлаган.
ЎЗМТРК "Ёшлар" телеканалида "Давр" информацион дастурининг мухбири сифатида фаолият юритган.
2003 йилда Бакалавриатурани тамомлаб, ўқишни шу ўқув даргоҳининг театршунослик бўлимида магистратура бўйича ўқишни давом эттирган. 2004 йилда "Турғун Азизов режиссураси" деб номланган диплом иши Тошкент Давлат Санъат институти буюртмасига биноан нашрдан чиққан.
2005 йилдан бошлаб Тошкент Давлат Санъат институтининг "Санъатшунослик" кафедраси ўқитувчиси бўлиб ишлаган. 2006 йилда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси матбуот хизмати ходими ва "Ўзбекистон қанотлари" газетаси муҳаррири вазифаларида ишлаган.
2013 йилда ЎЗМТРК "Маданият ва Маърифат" телеканали "Бугун" маданий-маърифий ахборот дастури муҳаррири, 2017 йилдан бошлаб "Болалар адабиёти", "Жаҳон тасвирий санъати усталари", "Кинопро", "Тундаликлар", "Дебют" кўрсатувлари бошловчиси ва муҳаррири. Шунингдек, Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти Матбуот котиби вазифасида ҳам фаолият юритиб келмоқда.