Маъмура Эргашевага табрик!
Ўзбекистон халқ артисти, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси, таниқли раққоса, балетмейстер ва хореограф - Маъмура Эргашевани таваллуд топган куни муносабати билан чин қалбимиздан табриклаймиз! Маъмура Эргашевага соғлик, узоқ умр, дунёдаги жамики энг юксак истакларимизни тилаб қоламиз!
Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Маълумот учун: Маъмура Эргашева Зокиржоновна - 25.01.1951 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Раққоса, балетмейстер, Ўзбекистон халқ артисти (1983).
Тошкент хореография билим юртини (1969), Тошкент чет тиллар институти (француз бўлими)ни тугатган (1977). 1969 йилдан “Баҳор” ансамблида раққоса, балетмейстер, 1990 йилдан ансамблнинг бадиий раҳбари. Эргашева репертуаридан жаҳон халқлари рақслари, ўзбек мумтоз ва замонавий рақслари кенг ўрин олган: “Гулсара”, “Нозанин”, “Муножот”, “Ларзон”, “Лазги”, “Танавор”, “Арабча”, “Японча”, “Испанча”, “Куба рақси”, “Эронча”, “Афғонча”, “Фарғона рубоийси”, “Роҳат”, “Пилла”, “Мустафо”, “Алвидо, Токио”, “Ўн саккиз ёшимда”, “Ўрик гуллаганда” ва бошқалар шулар жумласидан. Балетмейстер сифатида “Наврўзи ажам”, “Фиғонким”, “Сумалак”, “Ўзбекистон маконим”, “Тавоис”, “Баҳор нашидаси” сингари рақсларни саҳналаштирган. Республикада ўтказиладиган катта байрамлар (“Наврўз”, “Мустақиллик” ва бошқа)да бош балетмейстер сифатида фаолият кўрсатиб келади. “Ўзбектелефильм” томонидан “Маъмура Эргашева рақсга тушади” номли видеофильм ишланган (1985). “Меҳнат шуҳрати” ордени (1999), “Шуҳрат” медали (1998) билан мукофотланган.