Кўнгил бекатлари


Гавжум кўчаларни кезар бир аёл,
Изидан эргашиб келаверар куз.
Қизиқ, нималарни суради хаёл,
Бекатда автобус кутаётган қиз.

Бу ерда осмонга қарамас ҳеч ким,
Яшайди соатга қарайдиганлар.
Бу ерда шунчаки кўчалар гавжум,
Тириклик корига ярайдиганлар!

Баҳору-кузларга кўнилар осон,
Қалбаки қуёшлар туради ёниқ.
Кутганинг келмоғи юз фоиз гумон,
Фақат автобуснинг келиши аниқ.

Тушуниш қийинроқ шахарликларни,
Мудом бекатларда сурарлар хаёл.
Ахир уйғотади ҳар тонг уларни,
Сут бор, қатиқ бор деб бақирган аёл.

Ҳар куни битта йўл, битта йўналиш,
Фақат ўй-ҳаёллар кезар беқарор.
Ахир автобуслар тўхтамайдиган,
Кўнгил деб аталмиш бекатлар ҳам бор.

Малика Салимова