Ошиқ бўлинг, Бегим


Лаб теккизиб асал қўшдим чойингизга,
Борурман денг, жоним тўшай пойингизга,
Минг Кумушнинг висолидан кечурсиз наҳд,
Назар солиб бир бор Зайнаб ойингизга!

Ҳино уздим кафтга янчиб солмоқ учун,
Сиз тараддуд кўрмайсизми келмоқ учун?
Айтинг Бегим, қайси ҳурдан дарс олайлик,
Сизгинанинг бир бор кўнглин олмоқ учун!

Сурма сурсам, кўзим кўпроқ қароман дер,
Юракдан ҳол сўрар бўлсам, яроман дер.
Ишқингизни ҳарчанд қувсам кетмас нари,
Бошгинанга энди абад баломан дер!

Оқ булутдан сурдим упо юзгинамга,
Бағритошим қулоқ тутмас сўзгинамга,
Жаннатидан кечиб келса мингта пари,
Ошиқ бўлинг Бегим танҳо ўзгинамга.

Чорасизмиз, кўнамизда келмасангиз,
Қадримизни билар бордир билмасангиз.
Маликангиз саройининг тахти талаш,
Шох бўлади бир кун кимдир,бўлмасангиз!

Малика Салимова