Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг актрисаси – Гуласал Раҳмоновани таваллуд топган куни муносабати билан самимий муборакбод этамиз. Гуласалга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий парвозлар тилаймиз! Умр йўлдоши, ҳамкасби, мазкур театр актёри – Илҳом Атамирзаев билан узоқ йиллар, умри поёнига қадар биргаликда бахтли ва тотув ҳаёт кечиришларини тилаймиз!!!
Маълумот: Гуласал Раҳмонова 24 Сентябрь куни Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Маълумоти олий. 2008 йили Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтининг "Мусиқали драма актёрлиги" факультетини битирган. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида 2007 йилдан буён ишлаб келмоқда. Гуласал Раҳмонова театрдаги фаолияти давомида репертуардан жой олган қатор спектаклларда хилма-хил образлар яратиб, томошабинлар эътиборига тушган ижодкорлардан бири. У “Осмонга сиғмаган қуш”да Зарина, “Қайчи қудалар”да Осиё, “Хонума”да Сона, “Қайнонам – ой онам”да Маша, “Осмондаги ҳулкарим”да Дилбар, “Ҳалала”да Малак, “Тўда”да Гули, “Антиқа совчилар”да Наргиза, “Матонат”да Зулхумор, “Паривашга парвонаман”да Пари, “Қизи борнинг нози бор”да Гулруҳ ва бошқа спектаклларда салмоқли ролларни ижро этиб келмоқда. Гуласал спектакллардаги ролларидан ташқари, "Тинчлан, жигарим", "Дард", "Мардикор аёл", "Журналист", "Галдир", "Ташхис", "Оловли гул" каби сериаллар ва теленовеллаларда ҳам турли образларни маҳорат билан ижро этмоқда.