Бизга етишмайди вақт


Суҳбати хуш ёнимда шукур,
Тангрим, сенинг эҳсонларинг нақд.
Нега бунча қисқадир бул кун,
Нега бизга етишмайди вақт?

Ошно бўлдик қалб сиримизга,
Бахт айланди асиримизга,
Тўймай қолдик бир-биримизга
Бизга мудом етишмайди вақт.

Ҳар гал юрак очилмай қолар,
Битта тугун ечилмай қолар,
Битта кўнгил кечилмай қолар
Бизга фақат етишмайди вақт.

Ғамлар учун ҳамиша вақт бор,
Айрилиқда фурсатлар бисёр,
Этмоқ бўлсак кўнгилни изҳор,
Бизга доим етишмайди вақт.

 

Хосият Бобомуродова - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ таълими аълочиси, "Шуҳрат" медали соҳибаси.