Зулфия Қуролбой қизига табрик


    Ёзувчи – Зулфия Қуролбой қизи (Зулфия Йўлдошева)ни таваллуд топган куни билан табриклаймиз.
    Зулфия Қуробой қизига мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий парвозлар тилаймиз! 
   Умр йўлдоши, ҳамкасби, етук адиб, Устоз – Абдуқаюм Йўлдошев билан қўша қариб, фарзандларининг камолини кўриб юришига тилакдошмиз!

  Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайти ва "Ижод чашмаси" журналининг ижодий жамоаси.

   Маълумот: Зулфия Қуролбой қизи – 1966 йили Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. 1989 йили Жиззах педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битирган.
   Зулфия Қуролбой қизи ҳозирги ўзбек насри тараққиётига катта ҳисса қўшаётган ижодкорлардан бири бўлиб, сўнгги йилларда унинг бир қанча эътиборга сазовор асарлари юзага келди. Зулфия Қуролбой қизи ҳикоя ва романлари ўзбек адабиётида яратилган асарлар орасида ўзининг қизиқарлилиги, таъсирчанлиги, ҳаёт ҳақиқати ва инсоний ҳарактерларни ишонарли гавдалантиргани ҳамда турмушнинг мураккаб муаммоларини дадил кўтариб чиққани билан ажралиб туради. У “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Ўлим ҳеч нарса эмас” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари муаллифи. Асарлари рус, корейс тилларига таржима қилинган.
   2010 йилда “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан ёзувчининг ҳикояси асосида “Чақмоқ чаққан тунда” номли, 2011 йилда “Ёзсиз йил”, 2014 йилда “Дилор, Дилор, дил ва ор” бадиий фильмлари суратга олинган.
    2012 йилда “Ўзбектелефильм” студияси томонидан Зулфия Йўлдошева сценарийси асосида “Фидойилар” сериали суратга олинган. Унинг пьесалари асосида Ўзбек давлат драма театрида “Аёл”, Сирдарё вилояти мусиқали драма ва комедия театрида “Тафаккур” спектакллари саҳналаштирилган.
   У “Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси” фаолиятида ҳам мунтазам иштирок этиб келмоқда. Жумладан, “Саодат Қобулова” (режиссёр Н. Аббосов), “Сайид Ризо Ализода”, “Икрома Болтаева” (режиссёр Б. Одилов), “Хожа Аҳрор Вали” (режиссёр Ж. Қосимов) каби бир қатор илмий, оммабоп ҳужжатли фильмларга муҳаррирлик қилди. 2017 йил суратга олинган “Киномусаввир” (режиссёр Ж. Пўлатова) номли ҳужжатли фильмнинг сценарий муаллифи.
   Сценарийлари асосида “Камалак”, “Сеҳрли чашма” номли мультфильмлар суратга олинган. Айни пайтда у болалар учун махсус ҳажвий киножурнал “Зумраша” фаолиятида ҳам иштирок этиб келмоқда.
   Зулфия Йўлдошеванинг саъй-ҳаракати билан мультбирлашмада устоз-шогирдлик анъанаси йўлга қўйилди. Бугунги кунда у ерда анимация соҳасида кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар томонидан ёш ижодкорларга, ҳаваскорларга малака дарслари ўтилмоқда.
    Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишлаб ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг республика босқичида ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари номинациясида Зулфия Қуролбой қизининг ижодий ишлари биринчи ўринга лойиқ кўрилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот