АЛИҚУЛНИНГ ИТИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ

АЛИҚУЛНИНГ ИТИ
Ҳикоя

  Алиқул ошнам, биз иноқ эдик. Алиқулнинг ити ҳам мени яхши кўрарди; доим унга овқат берардим. Кўрса бас, думини ликиллатиб суйкаларди. Мактабдан келаётиб Алиқул билан жанжаллашдик – жиққамушт! Юз кўрмас бўлдик. Эртасига сумкамдаги нонни Алиқулнинг эшиги ёнида турган итига бермоқчи бўлдим. У ириллади. Менга ташланиб қолди. Зўрға қутулдим. Уйга келиб роса йиғладим. Ахир мен унга доим яхшилик қилиб келдим, атайлаб онам берган овқатни ярмигача еб, қолганини  Алиқулнинг итига олиб келардим-ку... Менга шу алам қиларди... Итни “ноҳақлик”,  нонкўрликда айблардим.
Алиқул шаҳарга кўчиб кетди. Укаси Саидқул ҳовлида бобоси билан қолди. Алиқул итини олиб кетмади,  Саидқулга қолдирди.
  Мен Саидқул билан соз эдим – опоқ-чопоқ эдим.
  Бир куни дарсдан келаётсам ҳовли эшиги ёнида ўша кўппак турган экан; қўрқиб кетдим. Ит менга қараб ғингшиди-да, олдимга шитоб билан кела бошлади, жойимда тош қотиб, кўзимни чирт юмдим:  “Энди мени роса таласа керак”.
  Йўқ, ундай бўлмади. Ит оёқларимга бош қўйиб, эркалана бошлади.
  Ит ўз эгаси Саидқул билан жуда ҳам қалинлигимни тушуниб етганди. Ит шунга хушомад қилаётганди.
  ... Орадан қирқ йилдан кўп вақт ўтди. Ху-у-в, ўша пайтлар, катта энам раҳматли айтган ўқлов гапнинг ўқи юрагимга қадалгандагина болалигимдаги шу воқеа ёдимга тушди ва энамнинг гапи қулоқларим остида жаранг урди: “Эгаси билан урушсанг, ити ҳафа бўлади...”
  Бугун бир каттакон билан гапимиз озроқ чап келувди, югурдаклари юзини буришиб, тескари қарашди.  Ўргилдим сиздан, Алиқулнинг итлари!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот