Мистик ҳикоя
Итларнинг вафодорлигини ҳамма билади. Уларнинг ўз эгаларига бўлган садоқати тўғрисида кўплаб бадиий филмлар, ажойиб асарлар ва гўзал шеьрлар яратилгани ҳам тасодиф эмас. Японияда бир ит ўз эгасини кутиб анча йиллар темир йўл вокзалида ўтирганини ҳали ҳамон бутун дунё кўз ёши ила хотирлайди. Хатто ўша кўппакка атаб катта бир ҳайкал ҳам ўрнатилган...
Мен шу пайтгача ўзимизда ҳам шундай итлар мавжудлиги тўғрисида ўйлаб кўрмаган эдим. Назаримда биз боқаётган қишлоқ итлари қорин тўйдириш учунгина уйимизда санғиб юрадигандек эди. Бироқ, марҳум қўшним Қаҳҳоржон отанинг «Лаки» лақабли ити менинг ушбу жониворларга бўлган муносабатимни батамом ўзгартириб юборди.
Бундан бир ойча вақт илгари Қаҳҳоржон ота оғир ҳасталик туфайли оламдан ўтди. Бутун маҳалла, қариндош-уруғ, ёр-биродарлар йиғилиб, отани сўнгги манзилга кузатишга чиқдик. То уни қабрга олиб боргунимизча бўйи бир қарич ҳам келмайдиган, ўзи озғин, ингичка ичакдек сариқ думини ликиллатиб, доимио узун тилини осилтириб юрадиган ўша «Лаки» лақабли кўппак қабристон дарвозасигача биз билан эргашиб келди. Одамларнинг кўпчилиги бу итни яхши танир, марҳумнинг укаси Ғолибжон ака эса кўзларида ёш билан итнинг бошини силаб қўярди.
− Ичимизда, акамга энг вафодори шу ит бўлди! – деди у йиғилганларга қарата. – Мен ука бўлиб акамнинг ҳолидан хабар олмадим. Мана шу тилсиз жонивор унинг ёнида бирга бўлди. Қаранг, акамни ҳурмат қилиб шу ергача келди-я...
Одамлар орасида турли хил гап-сўзлар кучайди. Кимдир ит шунчаки оломонга эргашиб келган деса, яна бири унинг қорни очлигини баҳона қилди. Бироқ, одамлар ичидан кимдир бир бурда нон топиб келиб, «Лаки»га берган эди, ит хаттоки қайрилиб ҳам қарамади. Уни ҳайдаб ҳам кўришди. Тош ҳам улоқтиришди. Барибир фойдаси бўлмади. Ит тонг отгунича қабристондан бери келмади...
Аммо энг қизиғи ҳали олдинда эди. Мана, бир ойдан бери ҳар куни қабристоннинг ёнидан ўтаман. Ишимга – электр корхонасига элтадиган йўл мана шу ердан ўтган. Ҳар сафар қўлимни дуога очиб, қабристон ёнидан ўтиб борар эканман, бир чеккада, қабристон дарвозаси ёнида бошини ерга қўйиб ётган ўша «Лаки»га кўзим тушади. Ит бечора овқат емай, озиб-тўзиб кетган. Ҳеч ким билан иши йўқ. Кун бўйи шу ерда ётиб, кечаси билан увиллаб чиқади.
− Қаранг, Қаҳҳоржон отанинг ити роса меҳрибон чиқиб қолибдим? – ажабланди мен билан ёнма-ён турадиган қўшним. – Марҳум ўлганига бир ой бўлган бўлса, ҳалиям шу ерда ётибди шўрлик! На овқатга қарайди, ва на акиллашни билади бу! Фақатгина увиллайди ярамас...
− Эгасининг бошқа қайтмаслигини бу шўрлик қаёқдан ҳам билсин! – дедим мен ҳам ачинганимни яширолмай.
− Ҳа, марҳум энди қайтиб келмайди, итнинг бу ерда ётишидан фойда йўқ. Ёки бу тирмизак, анави япон итига ўхшаб, ўзига ҳайкал ўрнатишимизни истаётганмикан-а?! – кулиб юборди енгил табиат қўшним.
− Қўйинг ака, − дедим ғашиб келиб, − итни вафодор деб бекорга айтишмайди! Майли ётаверсин, сизга зиёни тегяптими?
Қўшним жим бўлиб қолди, ва гапирмадим дегандек оғзини қўли билан ёпиб, кўздан йўқолди. Мен эса иш вақтида ҳам ўша «Лаки»ни унутолмадим. Қўлим ишда-ю, хаёлим унда. Қизиқ, ҳозир у нима қиляпти экан? Эгасининг қабрдан чиқиб, бошқа унинг пешонасидан силамаслигини бу онгсиз маҳлуқот тушунармикан? Наҳот мана шу итчалик ҳам садоқат йўқ бўлса одамларда?! Ўйлайвераман, ўйлайвераман...
Ҳамма Қаҳҳоржон отанинг ити воқеасига энди ўргана бошлаган кунлари яна бир ғалати воқеа содир бўлди. Марҳумнинг ёлғиз ўғли Абдураим аканинг бошига кулфат тушди. Унинг битта-ю битта қизчаси, эндигина беш ёшни қаршилаган Мубинахон бедарак йўқолиб қолди! Гарчи Абдураим ака аёли билан ажрашган бўлса ҳам, жигарбанди учун роса эзилди. Бир томондан отасини йўқотган бўлса, мана энди қизалоғининг ҳам дарагини билолмай сарсон. Куни кеча собиқ хотини Роҳатой опа келиб, роса жанжал қилиб кетди. Абдураим акани субутсизликда айблади.
− Сиз ўзи қанақа отасиз-а?! Озгина ачиниш ҳисси борми ўзи? – бақиришга тушди Роҳатой опа. – Мени битта-ю битта қизим йўқолди ахир! Лоақал, қидириб, эьлон беришга пул берсангиз нима бўлади? Алиментни-ку, бош кўзингиздан садақа қилиб берасиз! Уйингизга «МИБ» бормагунича болам тирикми ўликми, билмайсиз!
− Ўзингни бос, онаси – тинчлантиришга уринди Абдураим ака, − мен ҳам ўйнаб юрганим йўқ! Мубинахонни соғиниб кечалари ухлолмай чиқаман. Лекин нима қилай, қайга бош урай?
− Ҳо, энди меҳрибон дада бўлиб қолдингизми? Ажрашишдан олдин, жа сўконғич эдингиз-ку?! Раҳматли отангиз ҳам сизнинг доғингизда ўлиб кетди! Бучалар ҳам пасткаш одамсиз-а?!
− Бўлди қил дедим сенга! Бор йўқол уйингга! – бақиришга тушди Абдураим ака. – Сен энди менинг хотиним эмассан, ана бориб ўзингга янги бир эр топ!
Роҳатой опа йиғламсираб собиқ остонасидан чиқиб кетди. Мен бу жанжални ногаҳон тинглаб қолиб, анча вақтгача ўзимга келолмай юрдим. Чунки, Абдураим ака ва Роҳатой опаларнинг бир-бирларини қаттиқ севишлари бутун маҳаллага маьлум эди-да! Битта маҳаллада, бир синфда ўқиб, бир-бирларига кўнгил қўйишган. Бошида ҳаётлари яхши, турмушлари ҳавас қилгудек эди. Бироқ, кейинчалик Мубинахон туғилиб, вояга ета бошлагач нима ҳам бўлди-ю, оиладан жанжаллар аримай қолди. Худонинг берган куни икки ошиқлар арзимаган нарса сабаб жанжаллашишар, тўшакда бемор ётган Қаҳҳоржон отани ҳам ўйлашмас эди. Хуллас, мана шу низолар сабаб, улар ажрашишди. Бундан қаттиқ тушкунликка тушдими, ё бўлмаса касали ростдан ҳам хуруж қилдими, ишқилиб Қаҳҳоржон ота бу дунёдан ўтиб кетди. Мана энди ёлғиз ўғли Абдураим ака каттакон ҳовлида бир ўзи яшашга мажбур...
Бир куни Абдураим акадан кўнгил сўраш учун ҳовлисига кирдим. Ҳар ҳолда қўшниман, ичидаги дардларини ҳеч бўлмаса тўкиб солса, анча енгил тортади деб ўйладим.
− Кел, келақол Набижон! – менга пешвоз чиқди Абдураим ака. – Яхши юрибсанми? Уйдагилар, ҳамма яхшими?
− Яхши, онам салом деб юбордилар, ўзингиз яхшимисиз − ҳол сўраган бўлдим мен ҳам, − Мубинахондан дарак борми?
− Афсуски, йўқ, ука! Қидирувга берганимизга ҳам икки ҳафтадан ошди. Бироқ қизалоғимнинг дараги чиқмаяпти! – ерга қаради у.
− Сиқилманг ака, топилади! Мен ҳам қўлимдан келганича ҳаммаёққа эьлон беряпман!
Шу гапни айтишим билан, негадир Абдураим аканинг юзи ўзгарди. У менга ғалати қараб, секин шипшиб қўйди:
− Овора бўлма Набижон, болам барибир топилмайди! Агар тирик бўлганида, шу вақтгача дараги чиқарди. Менимча, уни аллақачон ўғирлаб кетишган...
− Хулоса чиқарманг Абдураим ака, балки бирон қариндошингиз ёнига кетиб қолгандир? Ноумид – шайтон...
− Мен сезиб турибман, бир бало бўлган қизимга! Лекин бу ишларнинг ортида ким турган бўлса ҳам, мана сен гувоҳсан Набижон, айтиб қўяй – аяб ўтирмайман! Ўша баттолни бўғиб, ичагини итларга ем қиламан ҳали...
Эндигина қалбимда жўш ураётган шубҳаларни, Абдураим аканинг ушбу сўзлари йўққа чиқарди. Қаршимда қизининг йўқолганига бефарқ турган ота эмас, кўзи қонга тўлган бир инсон турарди.
Мен унинг ёнида кўп қолмадим. Ўзи шундоқ ҳам дарди ўзига етарли, бу ерда қолсам ярасини янгилаган бўламан. Шу боис Абдураим ака билан хайрлашдим-да, ҳовлисидан чиқиб кетдим.
Бу ҳаётда ғалати воқеаларнинг занжири бир бошландими, то занжир узилмагунича сирли воқеалар ҳам тугамас экан.
Ўтган куни ишдан қайтиб келаётсам, кўзим йўлнинг бир четида – катта арча дарахтининг тагида турган машинага тушди. Бу машинани биламан – Абдураим аканики. Бироқ, унинг ёнида нотаниш бир аёл бемалол ёзилиб, Абдураим аканинг кўксига бош қўйиб ўтирарди. Мен кўзимни каттароқ очиб, аёлга қайта-қайта тикилдим. Йўқ, Абдураим аканинг бунақа қариндошини кўрмаганман! Балки бирон дўстидир?! Йўқ, дўст бўлиши мумкин эмас. Ахир эркак ва аёл дўстлар минг қадрдон бўлган тақдирда ҳам бир бирини қучоқлаб, машина ичида ўтиришадими? Мен уларни бир муддат кузатиб турдим. Абдураим аканинг юз-кўзларида табассум, ҳеч ҳам ғамга ботган кишига ўхшамасди. Аёл ҳам тинмай кулар, баьзан шўхлиги тутиб қолса, Абдураим аканинг соқолини тишлаб қўяр, юзларидан ўпар ва сочларини силарди. Ўз навбатида Абдураим ака ҳам аёлни маҳкам қучар, юз-кўзидан эҳтиросли ўпиб, белигача қўл югуртирарди.
Ортиқ чидаб туролмадим. Бир томонда шунча ғам ташвиши бўлган бу эркакнинг бегона аёл билан дон олишиб ўтириши жаҳлимни қўзитарди. Шартта бориб, машинадан Абдураим акани тушириб, юзига мушт туширмоқчи ҳам бўлдим, бироқ сўнгги дақиқаларда ақлим бунга йўл бермади. Биринчидан, бу унинг иши – истаган аёл билан юришга ҳаққи бор! Иккинчидан, у энди бўйдоқ одам. Қизининг масаласига келсак, ундан нишон йўқ. Балки уйда сиқилиб ўтирмай, кўнгил ёзмоқчи бўлгандир?!
Ҳар қанча уринмай, Абдураим акани оқлайдиган арзирли сабаб тополмасдим. Нима бўлган тақдирда ҳам, у ўзини тийиши, ҳеч бўлмаса қизи топилгунича қалбидаги шаҳватларга эрк бермаслиги лозим эди.
Бу андишасизликка чидолмай, йўлимда давом этдим. Ана, ҳозир қабристон кўринади. Мен бир бурчакда ётган «Лаки» ни кўриб, асабим тинчланишига умид қилдим. Ҳар ҳолда, ўлиб кетган инсонни кутиб ётган мана шу ит, назаримда Абдураим акадан ҳам ҳамиятлироқ эди.
Мана, қабристон дарвозаси. Бироқ, «Лаки» негадир кўринмасди. У гўё осмонга учиб кетгандек, ғойиб бўлганди. Шу тоб, олдимдан ўтиб кетаётган ўша ҳазилкаш қўшним елкамга қўл ташлади. Қўрқиб кетиб, ортга қарадим.
− Йўталиб қўйсангиз бўларди! – дедим ҳовлиқиб.
− Бир қўрқитай дедимда! Ия, анави кўппак қани? Нима бало қорни очиб, марҳум эгасини ҳам унутиб юбордими дейман?
− Йўқ, бу ерда бир гап бор! Мен «Лаки»ни яхши биламан, у раҳматлик Қаҳҳоржон отасиз ҳеч қаёққа кетмасди. То ота уйданми, дўконданми чиқмагунича, уни пойлаб ётаверарди! Бугун эса...Тавба, боя эрталаб шу дарвоза тагида мунғайиб ётганди. Ишдан келиб қарасам, йўқ! Қизиқ...
− Э, қўйсангизчи Набижон! Итни мақтаб юбормадингизми? Унда онг йўқ, у шунчаки салқинда дам олиб ётган. Қараса қорни очяпти, шартта ўрнидан турган-у, овқат излаб кетиб қолган! – тиржайишни бошлади қўшним.
− Ишонмайман, «Лаки» унақалардан эмас, неча кун овқат берсалар ҳам емади-ку?! У эгаси чиқмагунича ҳеч қаёққа кетмасди!
Менинг бу гапларимдан сўнг, қўшнимнинг юзидаги табассум йўққа чиқди. У кўзларимга шундай тикилдики, қорачиқларида қўрқувми, ачинишми, хуллас шунга ўхшаш нарса зоҳир бўлганди.
− Бу билан нима демоқчисиз Набижон? Сизнингча, раҳматли Қаҳҳоржон ака қабристон дарвозасидан чиқиб кетдими?!
− Нималар деяпсиз ўзи?! – ғалати бўлиб кетдим. – Совуқ гапларингиз билан ўтакамни ёрдингиз! Мен шунчаки ўз тахминимни айтдим, холос...
Шу гапларни айтишим билан, қўшним яна кулишга тушди. Бу сафар елкаларини учириб-учириб кулди.
− Яна қўрқиб кетдингиз-а?! Бунча кўнгли бўшсиз-а Набижон?! Ҳеч замонда марҳум қабрдан чиққан эканми?! Қаҳҳоржон ота ҳозир сўроқ-саволлар ичида қийналиб ётган бўлса керак. Ҳа нима, бу савдо ҳамманинг бошида бор...
Бу аҳмоқнинг сўзларини ортиқ тингламаслик учун, тезгина уйга кетдим. Ўрнимга кириб, энди ҳаммасини унутаман деб турганимда, яна ўша масҳарабоз қўшним дарвозамни тақиллата бошлади.
− Набижон! Ўв, Набижон! Чиқинг энди! – дарвозани муштларди у.
Эриниб бордим-у, дарвозани очдим.
− Нима бало ака, сира тинч қўймайсиз шекилли! – дедим энсам қотиб.
− Тезроқ юринг, анави эридан қайтган Роҳатой бор-ку, шунинг қизалоғи топилибди! Айтишларича қизча бир ҳафта бурун вафот этибди...
− Нима?! – чўчиб тушдим. Кўз олдимда менга кулиб турган ширингина қизалоқ пайдо бўлди. Ўпкам тўлиб кетди. − Мубина ўлик топилибдими?! – дедим йиғидан зўрға тийилиб.
− Ҳа, шунақа бўпти! Одамлар, ўлдириб кетишган деб айтишяпти! Яхшиямки, теракзорда ишловчи бир йигит ниманингдир тиқирлаганини эшитиб сергак тортибди ва овоз келган тарафга юриб, катта бир ғўлани кўриб қолибди. Кейин шартта ғўлани суриб, озроқ кавлаган экан, бечора қизчанинг мурдаси чиқиб келса бўладими!
− Ўлдиришибди?! – нафасим қайтиб кетди. − Ё Худо, бу яна нима кўргилик?! – дедим зардам қайнаб.
− Тезроқ чиқарсиз балки?! Бечора Роҳатой йиғлайвериб тамом бўлди! Юринг, олдида далда бўлиб турайлик, ҳар ҳолда қўшнимиз-ку?!
Умримда илк маротаба ҳазилкаш қўшнимдан мантиқли гап эшитиб, қандай қилиб остонадан чиққанимни билмайман.
Роҳатой опанинг уйи олдида тумонат одам йиғилган. Бир чеккада тез ёрдам машинаси, унинг олдида чироқларини ўйнатганича орган ходимларининг улови-да бор эди.
− Бўлди, ўзингни бос, жон қизим, ҳали ёшсан-ку! Худо ҳали бир этак фарзанд беради...
− Йўқ! Болагинааам! Мубинам ўлди онажон, қизалоғим ўлди! Мен қандай чидайман она, қандай чидайман! – бақириб йиғлашга тушди Роҳатой опа.
Ҳамма жим эди. Фарзанд доғи нима эканлигини ҳис қилмаган бўлсам ҳам, Роҳатой опанинг аламини ич-ичимдан ҳис этгандек бўлдим. Ростини айтаман, Мубина кўзга яқин, жуда ширин қизалоқ эди. Юз-кўзлари ғирт Роҳатой опаникига ўхшайди. Ўзи жуда ширин, беғубор қизча эди. Бир мартта уни ўйнатиб, хиёбонга олиб борганим ёдимда. Ўшанда Мубинани роса ўйнатиб келгандим. Роҳатой опа ўша куни мендан роса миннатдор бўлган, Абдураим ака эса уйга таклиф қилиб, юрмай қолмай велосипедимни тўғирлаб берганди. Энди эса бу хабар! Наҳотки?! Ўша жажжи қизалоқ оламдан ўтган бўлса?! Унинг ўлими кимга керак бўлиб қолди?! Шу норасида бир гўдак нима гуноҳ қилганки, уни ўғирлаб, ўлдиришган бўлса?!
Чидолмадим. Қоним қайнаб, ич-ичимдан ғазабим қўзирди. Қўлларим ўз-ўзидан мушт бўлиб тугилди. Бўғзимга бир нима тиқилиб, аламдан қалтирай бошладим. Агар ўша қотил шу ерда бўлганидами, мақтанчоқ деб ўйламанг-у, шартта бориб кекирдагини узиб олган бўлардим...
Йиғи-сиғи давом этарди. Мен бошимни чангаллаб бир чеккада ўтирибман. Ҳозир бу ерга Абдураим ака ҳам етиб келади. Э воҳ, бу хабарни эшитиб, у қандай аҳволга тушар экан?! Бояги гўзал аёл ҳам кўнглига сиғармикан?! Қилган ишларидан оз бўлсада уялармикан?!
Кутганимдек, орадан бироз вақт ўтиб, одам йиғилган хонадон олдида машина пайдо бўлди. Мен бу оқ «Жигули» эгасини танидим – Абдураим ака! Лекин олдида бояги аёл кўринмасди.
− Келдингми Абдураим болам? – унга пешвоз чиқди маҳалланинг ёши улуғ бир одами. – Бандалик ўғлим, қизингни ўлик ҳолатда топишибди...
Чолнинг шу гапларидан сўнг, Абдураим аканинг кўзларига тикилдим. Ҳозир йиғлаб, оламни бузиб юборса керак, деб ўйлаган эдим, йўқ, ундай бўлмади – Абдураим ака хотиржам ичкарига кириб борди-да, Роҳатой опанинг қариндошларига таъзия билдира бошлади. Очиғи, бу манзарани кўриб, ҳамма ҳайратдан ёқа ушлади. Хусусан, мен ҳам қаттиқ ажабландим. Наҳотки?! Ота ўз қизининг ўлганини, яна ўз ажали билан эмас, бошқа биров томонидан ваҳшийларча ўлдириб кетилганини билгач ҳам, кўз ёши тўкмаса?! Наҳотки бир туки ҳам қилт этмаса?! Бу одамда юрак борми ўзи?! Ҳатто, онгсиз жониворлар ҳам боласидан ажралса, ҳеч бўлмаса бир увиллаб қўяди. Бироқ мен билган Абдураим ака ундай қилмади. Юз-кўзларида, қўйингки, бутун хатти-ҳаракатида мен аламни ҳам, сиқилишни ҳам кўрмадим.
Шу пайт эшикдан отилиб чиққан Роҳатой опа, шартта бориб Абдураим аканинг ёқасига ёпишди.
− Ярамас, бешафқат ифлос! – бақиришди тушди аёл. – Нега келдинг уйимга?! Нима учун келдинг?! Эшитдингми, қизинг ўлди! Эшитяпсанми, жажжи қизимиз ўлди!
− Мен нима қилай?! –олайди Абдураим ака. – Ким сенга ажраш деди?! Ўзинг-ку, менга чидамаган!
− Ўчир! – баттар бақира бошлади Роҳатой опа. – Бегона аёл билан тутиб олмаганимда сен ифлосга чидаб юрувдим, номард! Нега бунча бағритошсан?! Нега? Нега? Мен ажрашганим билан, қизим сенга бегона эмас-ку! Бир бора...Бир бора хабар олсанг нима қиларди?! Айт, нима қиларди?!
− Бўлди, бас қил дедим! – шанғиллади Абдураим ака ҳам. – Қизимни етаклаб чиқиб кетган сенсан! Мени ортиқча рашк қилиб, ҳаммадан қизғонардинг! Бегона аёл билан бир оғиз салом-алик қилсам ҳам, дарров жанжал бошлардинг! Аслида, қизимизни сен ўлдирдинг!
− Ёлғон! – баттар чинқирди Роҳатой опа. – Мен эмас, сенсан қотил! Алиментни ўз вақтида тўламай юрган ким?! Ким мени кечалари калтаклаб, азоб бериб чиққан?! Сен эмасми, разил! Мен сени севгандим, жонимдан қаттиқ севгандим! Сен-чи?! Сен нима қилдинг?! Нега бегона аёлни танладинг, нега?! Нима учун биздан воз кечдинг? Сенга яна нима етмасди, номард!
− Бўлди, қўлингни ол мендан! – Абдураим ака шартта аёлнинг қўлини силтаб ташлади. Роҳатой опа ерга ўтириб қолди. Ҳамма бориб унга ёрдамлашди. Абдураим ака эса сўкинганича машинасига ўтирди ва тезда ўт олдириб, кўздан ғойиб бўлди. Бечора Роҳатой опа эса унинг ортидан қарғаб қолди холос:
− Худо жазойингни берсин! Илоҳим, мен ва боламга хиёнат қилганинг учун отангни қарғишига учра! Арвоҳи урсин сен қотилни...
Мен ушбу манзарани ташқаридан туриб кузатар эканман, негадир кўзларимга ёш қуйилиб келаверарди. Бир бурчакда додлаб йиғлаётган Роҳатой опани кўриб, ичимдан унга ачиниб кетдим. Дарҳақиқат, Роҳатой опа Абдураим акани қаттиқ севарди. Шу даражада кўнгил қўйгандики, эрининг ёнига ҳеч қачон бегона аёл у ёқда турсин, ёшгина қиз-жувонларни ҳам яқинлаштирмасди. У эрининг ҳамма айтганини қилар, керак бўлса жонидан кечишга тайёрлиги кўзларидан билиниб турарди. Абдураим акачи?! У ҳам Роҳатой опани шу қадар севганмикан?! Йўқ, менимча ундай бўлмаган. Абдураим ака Роҳатой опанинг гўзал ҳуснига, келишган қадди-қоматига, қоп-қора сочлари-ю, шаҳло кўзларига учган! Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, шундай ёри турганда, бошқа бировни танлаб, оиласидан воз кечганини сира ҳам тушунолмасдим. Мен Роҳатой опани яхши кўрардим. Йўқ, бу севги эмас, шунчаки укалик бир муҳаббати эди холос. Менга унинг гўзал ҳусни эмас, одамгарчилиги, меҳрибонлиги-ю, ширин сўзлиги ёқарди. Ҳар доим йўлда кўриб қолса, мен билан албатта саломлашар, астойдил менга қайғуриб, қўлидан келган ёрдамини аямасди. Мен ҳам қачонлардир ҳаётимда бирон қизни учратгудек бўлсам, унинг айнан Роҳатой опага ўхшашини истардим. Қанийди, менинг ҳам мана шундай гўзал, ажойиб ҳулқли севган ёрим бўлса! Онт ичиб айтаманки, Абдураим акадан фарқли равишда мен уни кафтимда эмас, бошимда кўтариб юрардим. Эҳ, бу ҳаёт муҳаббатни ҳам аяб ўтирмас экан! Мубинанинг йўқолишида оз бўлса ҳам менинг ҳиссам бор! Бошида эри йўқ деб Роҳатой опага далда бўлсам, ишдан қайтаётиб Мубинадан бир хабар олиб ўтсам нима қиларди?! Йўқ, мен бундай қилмадим. Уялдим. Роҳатой опани ҳижолатга қўйишни истамадим. Энди-чи?! Энди у аввалгидек менинг опам бўлармикан?! Фарзанд доғини унутиб, мен билан яна аввалгидек муомала қилармикан?!..
Тун кира бошлагач, бўшашибгина ҳовлига кирдим. Уйдагилар аллақачон ухлаб бўлишган, фақат онамгина Роҳатой опанинг уйида далда бўлиб турарди.
Ўрнимга ётиб, кўзларимни юмганча, ухламоқчи бўлдим. Аммо, ҳар қанча уринмай, кўзларимга уйқу келмас, қовоқларим юмилиши биланоқ, кўз олдимда беғубор, Мубинани кўтарганича, менга қараб кулиб турган Роҳатой опа гавдаланарди.
Бўлмади. Анча вақтгача ухлолмай ётдим. Бир маҳал хонамнинг деразаси ташқаридан тақиллай бошлади. Мен аста ўрнимдан туриб, деразага қарадим. Ҳеч ким йўқ. Бориб яна жойимга ётдим. Дераза ўлгур яна тақиллади. Фақат бу сафар қаттиқ овоз чиқарди. Афтидан кимдир мени ташқаридан чақираётганга ўхшарди. Ҳайрон бўлиб, яна деразага қарадим. Йўқ! Ҳеч ким йўқ-ку?! Қалтираб кетдим. Пол ўз-ўзидан ғичирлаб, эшик секин ғижирлади. Гўё, уйда биров юргандек, юрагим ўйнаб кетди. Бироз ўтгач эса, чироқ ўчди. Битта бизникида эмас, ҳамма уйда – бутун кўчада йилт этган нур йўқ эди. Касбим электрик бўлгани учун, одатда бундай вақтлари қўшнилар мени чақиришарди. Бориб, кўча бошидаги катта электр тармоқни текшириб, тузатиб келардим. Аммо, бу сафар кўча бошига чиқиш тугул, турган жойимдан ҳам қимирлашга қўрқдим. Дераза эса ўз-ўзидан очилиб кетди. Кўкрагимга иссиқ бир инсон нафаси урилгандек бўлди. Қўлимга фонарни олиб, асбобларимни қидирдим. Кейин зарур аслаҳаларни олиб, кўчага чиқдим. Мени олдинга юриб, тармоқни тузатишга ундаётган битта куч бор эди – у ҳам бўлса Роҳатой опа! Ҳозир қоронғуда нима қилаётган экан?!
Қўрқувим бироз чекинди. Йўлга тушдим. Кўчада ҳеч кимса йўқ. Тармоқ кўча бошида, икки юз қадамча нарида эди. Бир амаллаб етиб боргач, фонар ёрдамида тармоқни кўздан кечира бошладим. Симларни қараб кўрдим, транзисторни текширдим. Бироқ, ҳеч қанақа муаммо тополмай, ўйланиб қолдим. Гўё тармоқ ўз-ўзидан бузилганга ўхшарди.
Энди нима қилишмни билолмай турган вақтим, кўзимга йилт этиб бир нима ташланиб қолди. Қарадим: мендан эллик қадамча наридаги пастликда бир уюм ҳазон ёниб, кичик гулхан ҳосил бўлганди. Мен бирон катта ёнғин чиқмаслиги учун, бориб оловни ўчирмоқчи бўлдим. Зудлик билан пастликка тушдим-у, бир манзарани кўриб анграйиб қолдим! Шундоққина қаршимда менга таниш оқ «Жигули» турар, унинг остида эса ҳушсиз аҳволдаги Абдураим ака чўзилиб ётарди. Мен қўрқиб кетганимдан нима қилишни билолмадим. Шу тоб олов баттар кучайиб, ёнғин катталашди. Мен жон ҳолатда маҳаллага кириб, одамларни уйғота бошладим. Бир зумда ёнғин бўлаётган ерга тумонат одам етиб келди. Кўпчилик бўлиб сув ташидик. Кейин ҳаммамиз бир амаллаб ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлдик. Шу тоб тармоқ ўз-ўзидан ишлаб, ҳаммаёқ ёришиб кетди. Бироздан сўнг эса бир одам машина топиб келди ва ҳушсиз ётган Абдураим акани зудлик билан марказий касалхонага олиб кетишди. Мен эса ҳозиргина кўрган воқеаларимни бир бир таҳлил қила бошладим. Аммо ҳар қанча уринмай, калаванинг учини тополмадим. Абдураим ака нега бу аҳволга тушган, чироқ нега ўз-ўзидан ўчиб қолди, деразамни чертган ким билолмадим.
Бироқ, энг ёмон хабар олдинда экан. Шифокорлар Абдураим аканинг аллақачон жони узилганини, бу нарса қотилликдан дарак беришини бизларга маьлум қилишди. Аниқланишича, марҳум бўғиб ўлдирилган, бироқ бўйнида ҳеч қандай доғ ҳам, бирон буюмнинг белгиси ҳам, бирор бир бармоқнинг изи ҳам кўринмасди. Ҳамма лол қолганича, ёқа ушлади. Терговчилар ҳеч қанақа ашёвий далил тополмай, ишини якунлади. Ҳамма тақдирга тан бериб, марҳумни эртага пешинда чиқаришга келишди.
Мана, раҳматли Абдураим акани қабристонга дафн қилдик. Мен ҳар қанча ўзимни ушлашга уринмай бўлмади, йиғлаб юбордим. Нима бўлган тақдирда ҳам бу киши менинг қўшним эди. Роҳатой опа билан боғлиқ хотираларимда шу инсон ҳам қатнашади. Эҳ, Роҳатой опа! Бу хабарни эшитиб қай аҳволга тушди экан-а?!
Кўз ёшимни артиб эндигина қабристондан чиқиб келар эканман, ногаҳон кўзим бир чеккада тилини чиқариб турган «Лаки»га тушиб, кўнглим бироз ёришди. Унинг соғ эканини кўриб, очиғи қувондим ҳам.
− Кўппак қайтиб келибдими?! – яна ҳазил қила бошлади семиз қўшним.
− Ака, ҳеч бўлмаса бугун кулгини бас қилинг! – дедим ялиниб.
− Нима, ёмон гап қилдимми? Бу итвачча жуда ғалати чиқиб қолди. Кечагина ётганди-ку чўзилиб?! Бугунчи, худди эгаси ҳозир қабристонга кириб кетгандек, тиржайиб ўтиришини қаранг! Айтгандек, бу раҳматли Абдураим итларни ёмон кўрарди шекилли?! Бу кўппак фақат Қаҳҳоржон отагагина шундай ҳурмат билдиради деб ўзингиз айтгансиз! Қизиқ, бу сирли қотилликнинг жавоби бормикан?! Тавба..
Айни шу лаҳзаларда қабристон эшиги ёнида думини ликиллатиб итга қараб, бутун танам музлаб кетди. Мубинанинг сирли равишда топилиши, деразамни кимдир чертиб кетиши, чироқ ўчиб қолиши, ёнғин чиқиб, Абдураим аканинг сирли вафот этиши ва мана бу садоқатли итнинг кечаси қаёққадир кетиб қолиши менга ниҳоятда жумбоқли туюлар, бу ишларнинг нима сабабдан юз берганини ўйлаган сарим эса, қўлларим қалтираб, вужудим музлаб кетарди.
Ким қандай ўйласа, шундай ўйлайверсин-у, мен мана шу вафодор «Лаки» лақабли итга қараб калаванинг асл учини ҳис қилгандек бўлдим. Назаримда Роҳатой опанинг қарғиши тўғри бориб, эрига урган! Балки, ростдан ҳам Абдураим акани...
Бу бемаьни фикрдан воз кечдим. Хаёлимга келган қўрқинчли бу ўй менга сира ҳам тинчлик бермас, Абдураим аканинг сирли ўлимида ўз отаси – марҳум Қаҳҳоржон аканинг қўли борлигига ҳеч ҳам ишонгим келмасди.
Бироқ... Эртасига кўрган манзарам мени тамоман карахт қилиб қўйди. Эндигина ишга отланиб, қабристон томондан кетар эканман, мен тарафга қараб келаётган бир аёлга кўзим тушди. Танидим, бу ўша – Абдураим аканинг хуштори! Ўзига зеб бериб, қаёққадир ёлғиз кетарди. Бироз ўтиб аёл кўздан йўқолди. Мени эса кўпроқ бошқа нарса ажаблантирди. Қабристон эшиги қия очилди-ю, дарвоза тагидан бир қадам ҳам жилмай ётган ўша вафодор «Лаки» ўрнидан туриб, кимгадир эргашганича катта йўл бўйлаб кета бошлади. Мени эса юрагим ҳапқириб кетди. Ит ўзича қувониб сакрар, тилини осилтириб, кимгадир нуқул эркаланарди. Назаримда ит тўғри бояги аёл юрган йўлдан борарди. Мени эса юрагим яна бир кўнгилсиз воқеани сезиб, дукиллай бошлади. Яратгандан эса, ҳар қанча гуноҳкор бўлмасин, ўша аёлни ўз паноҳида асрашини сўрардим...
Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ.