МЕҲРИМИЗДАН БАҲРА ОЛИБ УНСИН НИҲОЛЛАР


МЕҲРИМИЗДАН БАҲРА ОЛИБ УНСИН НИҲОЛЛАР
        
     Аслида, она юрт, халқ, табиат – буларнинг ҳаммаси мустаҳкам ришталар орқали бир-бирига боғлиқ тушунчалар.  Ватан аталмиш муқаддас масканингни жондан севсанг-у, унинг гўзал табиати, заҳматкаш халқи, борингки, дашту далаларини яхши кўрмай  бўладими! Қадрдон остонанг, ҳовлининг кафтдай жойида онанг кўкартирган атиргуллар, отанг яхши ният билан томорқа адоғига ўтқазган олма кўчати... Қаерга отлансанг, тол, тераклари япроқ – қўлларини силкитиб кузатиб қоладиган, қайтсанг, яна шундай қаршилайдиган қишлоғинг. Қалбингда сен билан баробар улғаядиган, сен билан бирга куч-қувватга тўладиган Ватан ана ўша  азиз тушунчалардан бошланади. 
     Табиат билан уйғун яшайдиган халқимизга бошланган янги йил яна ҳам бошқача, яна ҳам жозибали фурсатларни ваъда қилаётгандек. Чунки 2025 йилга Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили дея ном берилди. 
     Халқ кутган, кўнгилга яқин ном дарров одамларнинг ғайрат-шижоатидан жон олади. Амалга, ишга кўчади. Ҳали йил янгиланиб улгурмай, юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бошланган кўчат ўтқазиш, боғ барпо этиш ишлари қизғин паллага кирган эди. Халқимиз дарахтларни бўрондан асрайдиган қалқон дейди. Ҳатто дарахтни ўзига яқин олиб, дўстидек қадрлайди. Шу маънода, 2025 йил халқимизнинг йили бўлди. Зеро, бугун кечаги ташаббуслар янада кўтаринки рухда давом этмоқца.
     Эсимда, 2022 йилда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Оналар боғи” ташкил қилина бошлаган эди. Юртимизнинг юзлаб гўшасида шу ном билан боғлар бунёд бўлди. Айни кунларда Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида барпо этилган шундай боғ яна ҳам дилга яқин ном билан “Оила боғи” деб аталди. Қадамлаб келаётган умримиз йўлларидаги эсдан чиқмас воқеалар ҳам, кечамиз, ўтган кунимиз билан боғлиқ хотиралар ҳам айнан шу ҳақиқатни тасдиқлайди.
     Болалигимда маҳалладаги энг чиройли уй бизники деб ўйлардим. Эҳтимол, шундай бўлгандир. Оддийгина яшаганимиз билан ҳовлимиз ичкарисида катта қайрағоч дарахти гуркираб ўсиб турар, энам раҳматли улкан дарахт соясидаги супада ўтириб тикиш-бичиш ишларини қиларди. Қўни-қўшни энам билан гурунглашишни яхши кўрарди. Энам ўз хаёли билан озгина андармон бўлиб қолса, улар дарров савол билан хаёл тўрини узар экан:
—  Чевар хола, сиз бу қайрағочдан нима топгансиз? Ана, бошқа дарахтлар ҳам қа- тор-қатор сулув қиздай соч ёзиб турибди-ку. Ё Тошпўлатбойдан қолган тиллаларни шу қайрағоч остига кўмганмисиз?
Энам бу ҳазил аралаш саволга жиддий жавоб қиларкан:
— Агар дарахтларнинг миллати бўлса, қайрағоч ўзбек бўлади, билиб қўйинглар. Чунки унинг жони жуда қаттиқ. Бардошли. Салга қайишиб, майишиб кетмайди, унча- мунча довул қимирлата олмайди. Соясида ўтирсак, юрагимизнинг қўри ўтади, меҳри- миздан баҳра олсин деймиз-да...
     Энам бу гапларни шунчаки айтмаган экан. Кейинчалик дадамнинг ҳаётида рўй берган бир воқеани эшитганимда бунга ўзим амин бўлганман.
      Дадам раҳматли бир пайтлар Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳрига юк машинаси билан қатнаб ишлаган экан. Бир куни машинаси бузилиб, йўлда тўхтаб қолибди. Ёз- нинг жазирамаси, қилт этган шабада йўқ. Биёбонда кун бўйи уловини таъмирлаш билан овора бўлибди. Бир дақиқа салқинда нафас ростлаб, сал ўзига келай деса, дарахт тугул, ердан бош кўтарган гиёҳ йўқмиш... Ният қилган бўлса керак, дадам кеч кузда ўзи иссиқдан азобланган ҳудудга кўчат экибди. Улар орасида қайрағоч, чинор, қора тол, яна анчагина мевали дарахтлар ҳам бор экан. Икки акамни ёнига олиб, сув кўрмай тош қотган ерни юмшатиб, ниҳол қадабди. Шундан сўнг дадам доим ишга кетишда идишларни сувга тўлдириб олиб кетар, иши ҳар қанча тиғиз бўлса ҳам ниҳолларга сув қуяр экан. Кўчатлар бўй тортиб, сояси тушадиган бўлиб, илдизи ерга маҳкам ўрнашганига ишонч ҳосил қилгачгина: “Мана энди сизларни ёмғирга топширдим”, дея йўлини узган экан. Акам янги машина олганида, дадам менга: “Қизим, сизни бир жойга олиб бораман”, деди. Бирга йўлга тушдик. Ўзи эккан дарахтларни кўрсатиб, “Яхшидан боғ қолади. Ота-боболаримиз, “Қиёмат келаётганини билсанг ҳам қўлингда кўчат ушлаб турган бўлсанг, экиб кет”, деган. Мана бу дарахтларнинг соясида ўтирган одамнинг ҳам, шохига қўниб сайраб турган қушларнинг ҳам савоби бизга боради”, деди қувониб. Вақт ўтиб, осмонга бўй чўзган улкан қайрағочлар соясида чой, айрон сотиб ўтирган болаларга қараб, “Отам эккан ниҳолларнинг мевасини болам еди” деган шеър дунёга келган. Отам бу бардошли дарахтларни жазирамага ўзи учун экмаган эди. Яна ўзидек бир инсоннинг бошига ташвиш тушиб, шу ерда тўхтаса, соясидан баҳра- манд бўлиши учун эккан. Ҳа, биз шундай тупроққа чўпни ҳам беҳикмат қадамайдиган халқмиз. Отамнинг ақидасига биз ҳам содиқ қолдик. Кўп бора қувончу ташвишимиз дарахту боғларга уланди. Боғу дарахтлар учун қувонган, йиғлаган пайтларимиз кўп бўлди.
     Уйимиз уч хонали деганимиз билан жуда тор, биринчи қаватда бўлгани учун кафтдек ерига гулу райҳон экиб, кўзимизни қувонтириб яшардик. Ўғлимиз олийгоҳни битириш арафасида, қизларимиз мактаб ёшида эди. Умр йўлдошим билан маслаҳатлашиб қишлокдаги ҳовлини сотиб, уйимизни кенгайтиришга келишдик. Қўни-қўшниларга уйимиз сотилаётганини айтиб енгиллагандек бўлдик. Аммо ўзим ўша куни туни билан мижжа қоқмадим. Безовта қилмаслик учун оёқ учида юриб ҳовлига чиқдим-у, сўрида ўтирган дадасини кўриб ҳайрон бўлдим.
— Ўйлаб ўйимга етолмаяпман. Кўзимга уйқу келмади. Хато қиляпмизми дейман. Бу уй мен учун қанчалик қадрдон эканини уни сотишга қарор қилгач ҳис қилдим. Кўнглимдан харидор топилмасин деган ўй ўтди, – деди ташвишли қиёфада.
— Бу – бизнинг уйимиз, дадаси. Иккилансангиз, ачинсангиз, сотманг, ҳеч кимдан қарзимиз йўқ. Ўғлимиз ҳам ёнимизга кириб қолса, бир амаллаб уйни...
     Тошкентдек жойда мўмай пул топиб уйни кенгайтириб, тўй қилиш осон эмаслигини иккимиз ҳам яхши билардик. Билсак ҳам бир-биримизнинг кўнглимизга тасалли бе риш учун ҳар хил фикрларни ўртага ташлардик. Тонг отгунча кўз юммадик. Эрталаб нонушта пайти кимдир чақирди. Икки уй нарида яшайдиган қўшнимиз уй сотилишини эшитиб кирган экан.
– Ҳар кимнинг ўз ўрни бўларкан. Шаҳарга кетганингизда маҳалламиз ҳувиллаб қолди. Сизлар дов-дарахтларни оқлаб, кўча тозалаганингизда баҳор келганини ҳис қилардик. Уйингиз, кўч-кўронингиз тургани учун хотиржам тортиб, бир куни қайтиб келишади деб ўйлардик. Кеча қўшнилардан бу хабарни эшитиб, ишонгим келмади. Аввало, меҳнат билан кўтарган иморатингиз ўзингизга буюрсин, агар сотилиши чин бўлса, уйингизни биз оламиз. Укам ёнимизга келиб қолсин, озгина йиғиб-терганимиз бор, керак бўлса, мол-ҳолни сотиб бир амаллармиз, – деди қўшни хижолат ичида.
      Қўшни аёл куймаган жонимизга ўт ёқиб, ҳовлимиз маҳалладага энг файзли хонадон экани, биз кетгандан кейин бир оз нураб, ҳувиллаб қолганини қайта-қайта айтарди. Қароримиз рост эканини эшитгач: “Худо хоҳласа, биз оламиз, бошқа ҳеч ким билан аҳдлашмай туринглар”, дея шошиб чиқиб кетди. Тезгина харидор чиққани қувонтириш ўрнига кўнглимизга ғашлик солди. Қалтис хато қилиб қўйган боладек бир-биримизнинг кўзимизга қарай олмасдик. Энди оғиз жуфтламоқчи эдим, мендан олдин турмуш ўртоғим сўз бошлаб қолди: “Айтишга осон экан-да. Биздан бошқасига сотманг эмиш. Барибир пулини уддалаб йиғолмайди, жамғармаси етмайди. Биз оламиз, деб катта гапиргани билан кимда ҳозир бунча нақд пул бўларди. Хафа бўлманг, сотилмайди”, деди. Яна бир оздан кейин кўнглига қарши бориб мулоҳаза юрита бошлади:
– Бўладиган ишнинг бўлгани яхши. Сотиладиган бўлгач, сотилсин. Қачонгача эшик очиб харидор пойлаб ўтирардик. Болалар у ёқда ёлғиз, бу ота ҳовлиммиди, жоним бунча ачийди... Уйим ўрнига яна бир ватан тикламоқчи бўляпман-ку, нега ўйланаман? – деб ўзига таскин берарди.
     Икки кун ўтмай уйнинг пулини йиғиб чиққан қўшнининг қувончи ичига сиғмасди. Биз ҳам ўзимизни хурсанд кўрсатиб, “Туп қўйиб, палак ёзишсин”, деб дуо қилганимиз билан кўнглимиз йиғларди. Хаёлимда “Не-не заҳмат билан тиклаган эдик. Кам еб, эскисини эплаб кийиб топганимизни шу уйга сарф қилгандик. Наҳотки, энди ўз уйимизга бегона бўлсак”, деб изтироб чекардим. Бир-икки гувоҳ билан кириб, уйнинг пулини бериб розилик олган қўшнилар чиқиб кетиши билан дадаси ҳовли томон юрди. Пахса деворни силай бошлади...
– Бу деворда раҳматли дадамнинг панжаси изи қолган. Деворнинг чок тушган жойини текислайман деб дадам қора терга тушиб кетганди. Мана ўша жой, мана, мана дадамнинг панжаси изи... Деворни суваб, оқлаб қўйиш қийин эмас, ўзимнинг қўлимдан келадиган иш, шу ерни кўрсам, дадамни кўргандек бўламан деб атайлаб ўз ҳолича қолдирган эдим. Энди уйнинг эгаси бошқа. Хоҳлаган кўйга солади. Дадам панжа урган девор унга табаррук бўлармиди? Бегоналар буни билармиди? Нега индамадингиз? Нега бу кўз очиб кўрган уйимиз, фарзандларимиз туғилган тупроқ, эмаклаган, югурган ҳовли, сотманг, дадаси, кўчада қолганимиз йўқ-ку, деб дод солмадингиз? Нега қайтармадингиз? Дадам экиб берган анжир энди ҳосилга кирган эди. Анорнинг мевасини қаранг. Сиз анорни яхши кўрганингиз учун атайлаб Қувадан кўчат олиб келиб кўкартиргандим. Узумлар... болаларим ейди деб Олтиариқдан ҳусайни узуми олиб келиб эккандим. Энди кимлар ейди буни?!
     Йиғидан қизарган кўзимни ишқаб, тандир бошига бордим. Тандир четида турган енгчани олиб, авайлаб силадим. Онам янги уйга кўчиб келганимизда супрадан тортиб, нон ёпадиган рапидагача олиб келганди. Ўша тобда (аёлман-да) тандирга олов ёқиб, нон ёпгим келарди. Болаларимнинг овози қулоғимга эшитилгандек бўлди. Ҳар доим нон ёпсам, тандир “жағи”га кулчалар ёпиб берардим. Косага сув қуйиб кутиб ўтирган болалар иссиқ нонни сувга ботириб яйраб ерди. Қўшнига нон узатишни канда қилмас- дик. Тўп этиб ерга тушган ўрик меваси хаёлимни бўлди. Шундагина ўрик пишиб тўкила бошлаганини ҳис этдим. Йўлакчага қадам ташлашим билан эгилиб турган шохи юз-кўзимга урилди, дарахтга қараб, “Бу менга жазоми ёки видоми?” дейман.
     Узумлар чумак уриб қолган. Ҳаммамиз суйиб ейдиган “отбағир” навли узум шу қадар кўп ҳосил қилганки... Эрталаб нонушта пайти узум меваси ҳақида гап кетганди. 
     Дадаси:
– Мева ейман деган одам аввал унга меҳр бериши керак. Кузда келганимда яхши- лаб ишлов берганим учун бу йил ҳосили мўл бўлди. Тагига хумлаб ўғит тўкдим, малҳамини бердим. Худо хоҳласа, бу йил болаларим баҳоргача узум ейди. Анор, олманинг ҳосили мўл. Совуқ урган лимон кўчатлари ўрнидан униб чиққан ниҳоллари ҳам мева тугибди. Кузда келиб устини ёпиб, эҳтиётини қилиб кетаман, – деб яхши ният билан ўтирганди. Уйлар, жиҳозлар, дарахтлару деворлар шу қадар бизга қадрдон эканини ўша лаҳзаларда ҳис эта бошлагандик. Аёллигимга бориб яна дилимдагини гапирдим:
– Сиз уялсангиз, Ҳадяхон опамнинг ёнига ўзим чиқаман. Опа, бизни кечиринг, уйимизни сотмайдиган бўлдик, пулингизнинг ўрами ҳам бузилгани йўқ, деб узил-кесил ҳал қилиб чиқаман. Тушунган, кенг-феъл аёл, бизнинг ҳолатимизга тўғри баҳо беради, – дедим.
 – Йўқ, бу пулдан, бу уйдан ҳам баҳоси қимматроқ лафз деган тушунча бор. Ўзимиз чорлаб, ўзимиз мақтаб айтган нархимизга уй сотдик, яна ўзимиз сўзимиздан қайтиб обрўмизни тўкамизми? Туринг, кўз ёшингизни артинг. Бу уйнинг тиккаланишида кеча-кундуз елкадош бўлиб тер тўккан укаларимни, сингилларимни чақирамиз. Дастурхон ёзиб, сўнгги марта шу жаннатдек ҳовлимизда ўтирамиз. Кузда келиб, узум, анору анжирлардан қаламча қилиб, ота ҳовлимизга экиб қўяман. Тошкентдан ҳовли оламиз, насиб этса. Ўғил уйлаб, қизларни ўқитиб, елкамиздаги бурчлардан қутулиб олсак, яна боғ қиламиз. Шу уйдагидек узум, олмалар, дадамдан мерос бўлган анжирлар ўша ерда ҳам ўсаверади. Биздан бу маҳаллага доғ эмас, боғ қоляпти. Ҳали-ку, боғимиз насиб қилгани ёш оила экан, дарахтларимиз меваларини қушлар еса ҳам бизга савоби тегади. Отангизнинг қизи бўлинг, – деди қатъият билан.
Марҳаматга борсак, атайлаб ўша кўча бўйлаб ўтамиз. Дарвозадан ичкарига кира олмасак ҳам таниш, қадрдон ҳовлига бир назар ташлаш кўнглимизни тўлдиради.
     Орзумиздаги кунларга етдик, шукр. Боғимизда гуркираб ўсиб турган дарахтлар орасида биз учун ҳаммасидан қадрлиси – Назиржон дадам эккан анжир дарахти ниҳоли. Ота ҳовлимизда қандай мевали дарахт бўлса, ҳаммаси бизнинг боғимизда ҳам бўй чўзиб турибди. Бу йил тўкис мевага кирди. Ҳа, айтганча, “отбағир” узумнинг ҳосили бу йил ўтган йилгидан ҳам мўл...
     Ватан ичида ватан яратмоқ ҳам бахт экан, азизлар. Умид билан боғ яратсанг-у, мевасини кимлардир еса, у ҳам савоб. Бу галги боғимиз бошқачароқ. Хоразмдан гужум, Олтиариқдан “келинбармоқ” узуми, Кўшработдан кишмиш, Паркентдан олма, Қувадан анор, Зоминдан анжир, борингки, Хитойдан нок дарахти келтириб эккандик. Садарайҳон бўйи дилингизни яшнатиб юборади. Ҳаёт давом этяпти.
      Ҳаёт йўлим мени бир шаҳардан иккинчисига, бир уйдан бошқасига, бир касбдан иккинчисига йўллаган. Тақдир раҳбар, иқтисодчи, муаллима, журналист каби турли мақом бериб келяпти. Аммо ўзимга суюк, ўзимга азиз бир мақомдан сира узоқлаштир- майди ва бундан беҳад севинаман. Бу менинг тирик табиатга ошиқлигим. Дарахтлар, гулларга меҳрим.
     Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги академик лицейда “маънавиятчи” бўлиб ишлаган пайтларимда лицей ҳовлисига уч юз туп атиргул эктирганман. Ҳар қаторига бир гуруҳ рақамини тахтачага ёзиб, қатор бошига қоқтирганман. Аввалига талаба ва ўқитувчиларни базўр чақириб бу ишга тортдим. Кейин бир гуруҳнинг гул қатори бошқаларникидан чиройли бўлганини кўриб, ўзларида иштиёқ пайдо бўлди. Бўш фурсат топилса, гулзорга югурадиган бўлишди. Сал қатқалоқ пайдо бўлса, гуллар атрофини юмшатар, ўзлари малҳамини бериб, суғорарди. Юзга яқин арча кўчати ҳам экдик. Ўқувчиларимиз яна шу тартибда ишлади. Бир дона арча қуримади. Бир туп гул шикастланмади. Эгаси борнинг ҳаёти бор дегани бу. Тўққиз йил шу таълим даргоҳида ишладим. Ижодим тўхтаб қолаётгани учун қаламга яқинроқ соҳада ишлагим келди. Кетдим. Қадрдон даргоҳдаги ҳамкасблар, айниқса, ўқувчиларим... Хайрлашув онида кўнглим ҳарчанд бузилса-да, болалар олдида ўзимни тутдим. Улар наздида ҳаётнинг ҳар қандай синовига туриб берадиган раҳбар, муаллима бўлиб қолгим келди. Аммо лицейдан шахдам одимлаб чиқар эканман, битта арча дарахти кўйлагимнинг баридан “ушлади”. Энгашиб ажратишга қанча уринсам ҳам уддалай олмаяпман. Ана ўшанда ўзимни тутолмай йиғлаб юбордим. Ҳамкасбларим “Бекор бизни ташлаб кетяпсиз. Ҳатто дарахтлар ҳам сизни қўйиб юборгиси келмаяпти”, деган. Ўша ҳамкасбларимдан бири халқимиз “ўзбек Мичурини” дея эъзозлаган Ризамат отанинг фарзанди Муҳаммадраҳим Мусамуҳаммедов бир суҳбатида бундай деган эди:
– Дадам раҳматли Ўзбекистоннинг ҳар гўшасида боғ яратди. Боғи кўкаргунча ўша манзилларда йиллаб яшарди. Кўчатлари бош кўтариб мевага кирса, кейин парваришини соҳибкор шогирдларига ишониб топширарди. Бир куни воҳа томонга узум кўчати экмоқчи бўлиб борди. Эрта баҳор, мен ҳам отам ёнида эдим. Капа тикиб тирикчилик қилардик. Қишлоқ аҳли ош-овқатимиздан хабар олиб турарди. Тунда бир одам уч-тўрт туп узум кўчатини олиб кетаётганини кўриб қолдим. Мизғиб ётган отамни уйғотиб, илдизи ерга кўмилган кўчатларни ўғри олиб кетаётганини айтдим. Шунда отам “Майли, овозингни чиқарма, болам, олсин. Ўзим атай кўпроқ олиб келганман. Боғда пишган узумни ўғирлагандан кўчатини ўғирлаб, уйида етиштирса яхши бўлади, қани ҳамма шундай қилса”, деганди.
    Кўчат экиш мавсумида боғлам-боғлам ниҳол кўтариб кетаётган катта-кичик элдошларимизга кўзим тушса, соҳибкор отанинг шу сўзларини эслайман. Ҳа, яхшиларнинг сўзи ҳам, амали ҳам йиллар билан кетиб қолмас экан. Қай бир шаклда яшайвераркан. Борган жойини обод қилиш, яшаган манзилларини табиат фуқаролари – дарахту гул-гиёҳлар билан гўзаллаштириш бизга улуғ аждодларимиздан қолган маънавий мерос.
      Мирзо Бобур Ҳиндистонда, бегона шароит, бошқа иқлимда ўнлаб боғ барпо этган. Бобурий сулола давомчилари ҳам Кашмир, Лаҳор, Деҳли, Агра қирларида кўплаб боғлар яратгани ҳақида маълумотлар бор.
     Бобур ҳазратлари 1508 йилда валиахд фарзанди туғилиши муносабати билан Оди- напур шаҳрида “Боғи вафо” боғини бунёд этишга фармон берган. Бу боғдаги кўчатлар атайлаб минглаб чақирим олисдан, шоҳнинг она юртидан келтирилган. Машваратларни, зиёфат ва кенгашларни шу боғда ўтказаркан. Ҳазрат Бобур боғ унга она юртини эслатиб туришини таъкидлар экан. Кейинчалик Кобулда ҳам “Чорбоғи Қандаҳор”, “Боғи чорбоғ” каби хуштабиат, хушҳаво боғлар бунёд этган. Буларнинг ҳар бири фақат тарих эмас, меҳнат, машаққат. Шу меҳнат, машаққатга инсон саломатлигини яхшилаш учун, манзилларни чирой ва гўзаллик билан тўлдириш учун дош берган улуғ боболаримиз.
     Маълумотларга кўра, Ҳиндистон ҳамда Покистонда ҳанузгача Самарқанд номи билан машҳур бўлган узум навлари бор экан. 
     Замон қанча эврилмасин, миллат қонида, ҳужайраларида унинг ўзигагина аён, ўзигагина тушунарли, қадрли фазилатлар яшаб қоларкан. Демак, бизнинг яна кўчат экиш, боғ кўкартириш, юртимизни яшил дунёлар, тоза ҳаволар билан яна ҳам кўркамлаштириш ҳаракатимиз аслида миллатимизга азал тақдирда сифат қилиб ато этилган экан. 
      Президентимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси билан боғлиқ мақсадлари бизни аслимизга қайтариш, ўзлигимизни уйғотиш учун навбатдаги адолатли, жасоратли ҳаракат, десак муболаға бўлмайди. Бу мақсад йўлида қалб, меҳр ва юрак билан, хотираларимизга, аждодларимизга садоқат ила жипслашсак, Ҳақнинг ҳам, халқнинг ҳам розилигига яқин борамиз деб ўйлайман.

     Мунаввара УСМОНОВА – 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Саодат» журнали бош муҳаррири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот