Қуёшли ўлка мадҳи
Инсоният яралибдики, сўз ва мусиқага эътибори юқори бўлган. Чунки ҳар иккаласи ҳам инсон руҳияти ва кайфиятига таъсир этувчи мўъжизавий куч. У ўйлантиради, руҳлантиради, ғурурлантиради, умидлантиради ва ишонтиради. Худди шу фикрни узукка кўз-у қош қўйгандек сўз ва куй мослигида яратилган давлатимиз мадҳияси ҳақида ҳам айтиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 11 сессиясида 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган Давлатимиз мадҳияси халқ шоири Абдулла Орипов сўзи ҳамда Мутал Бурҳонов мусиқаси уйғунлигида яралган мадҳиямиз халқимиз бойлиги, табиати ва тийнатига хос улуғворлик, виқор рамзи десак, муболаға бўлмайди. Унда Ватанимиз қудрати ва халқимизга хос матонат, бағрикенглик, меҳридарёлик, иймон-эътиқод ва садоқат ўзининг чинакам ифодасини топган.
Мадҳия бошиданоқ қўлингизни кўксингизга қўйиб куйлашга тутинаркансиз, серқуёш, ҳур ўлканинг, халқимизнинг бахт-саодати ва нажоткори бўлган она Ватан билан ғурурланасиз. Маслакдош, тинчликсевар халқлар билар ҳамкор, меҳрибон бўлган халқнинг шуҳрати ва қудрати илм, фан, ижод билан боғлиқ эканини англаб этасиз.
Улуғ ва қутлуғ мақсадларнинг рўёбини таъминлашда, фан, маданият ва санъат бешигини тебратган мутафаккир алломаларимиз - аждодларимизнинг мардона руҳи ёр бўлаётгани куч-қувват ва шон-шавкатимиз манбаидир деган хулосага келасиз. Ўзбек халқининг улуғлиги, ёш авлодга бўлган меҳри, иймони тинчлик посбони бўлган ҳақсевар она ватанимизнинг озод ва ободлигидандир.
Буюк ва ёруғ келажакни кўра олиш азми қатъий, метин иродали, темир интизомли халқимизга, шунингдек, унинг ривожи ва розилиги учун тинимсиз курашаётган, оқилона сиёсат ва истиқболли ислоҳотларни амалга ошираётган йўлбошчимизга дахлдорлигини ҳис этмаслик асло, мумкин эмас.
Жаҳонга юз тутган, дунё тан олган мамлакатимиз аҳолисининг онг-тафаккури кескин ўзгаргани, янги Ўзбекистонга, Учинчи ренессанс даврига дадил қадам қўйилгани, халқимизнинг юрт қисмати ва ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаётгани бунинг исботидир.
Мадҳиядаги ишонч, орзу ва армонларнинг ушалаётгани бунинг кафолатидир.
Раҳимбой Жуманиёзов.