ИНСОН ҚИСМАТИ – БИР КИТОБ


ЯНГИ ЙИЛ АРАФАСИДАГИ ЎЙЛАР
ИНСОН ҚИСМАТИ – БИР КИТОБ

   Инсон ҳаётини ҳали ёзиб тугатилмаган китобга ўхшатаман. Ҳар бир инсон қисмати яхлит бир китоб. Бу китобда орзу-армонларимиз, бахту бахтсизликларимиз, кайфияту изтиробларимиз, шодлигу қайғуларимиз бир-бирига қоришиқ ҳолда ифодаланиши, гоҳ у, гоҳ бу ҳис-туйғулар, фикру муожадалалар акс этиши мумкин. Ким билсин, эҳтимол эзгу амалларимиз посангиси оғир келиб, бош ижобий қаҳрамон бўлармиз, эҳтимол адолатсизликлару ёвузликларга қўл уриб тубан ҳам кетармиз. Аммо бундан Ўзи асрасин. Нима бўлганда ҳам инсонийлик рутбасини асрашга, ҳазрати Одам деган номга муносиб қолишга интилишимиз шарт. Ахир бу ёруғ дунёга инсон бўлиб келганмиз ва шу мақомда тарк этмоғимиз лозим-да!
   Инсон тирик мавжудот. Аммо унинг барча жонли хилқатлардан устунлиги онглилигида. Онг эса ёғду таратиши ё хира тортиб, нурсизланиши яна заҳарланиши ҳам мумкин. Инсон қалби гўзал ва онги шуълавор бўлса, дунё гўзалликка бурканиши, бутун бир оламда тинчлик ва хотиржамлик, фаровонлик ҳукм суриши, сероблик, мўл-кўлчилик, файзу барака неъматлари билан тўлиб-тошиши, осмон мангу мусаффо ва қуёш абадий чароғон бўлиши, она заминга беҳад нур таратиши мумкин. Агар акси бўлса-чи? Онгу шуурни зулмат пардаси қопласа, қалбда гўзалликдан асар бўлмасачи... Қабиҳликлар урчийди, разолатликлар, хунрезликлар, жоҳилликлар урчигандан-урчийди, хуллас ёвузлик тантана қилади. Бундан Ўзи асрасин. 
   Жонли-жонсиз махлуқот борки ёруғликка интилади. Тирикликнинг фитрати ёруғликда. Ёрқинлик, ойдинликда ҳаёт бор.  Дейлик, ерга сочилган уруғ ниш ура бошлагач, қуёш нурини эмиш учун “ташқарига” – ёруғ дунёга талпинади. Чирқиллаб кўз очган полапону жўжадан бошлаб жониворларнинг жиш болларигача ва алалхусус, инсон боласи ҳам дунёни бошига кўтариб бу ёруғ дунёга келгач, нурдан ризқ, рўшнолик топиб улғая боради. Тириклик, тирик мавжудотнинг илдизи нур ила суғорилар экан, унинг униб-ўсиши, камол топишида ҳам бу чашмаи ҳаёт ас қотади. Бу билан нима демоқчиман? Биз битаётган “китоб” – ҳаётимизнинг саҳифалари нурла йўғрилсин, нурга тўйинсин, ҳар бир лаҳза, кун ой-у йилларга ана шу ёруғлик – нури жаҳон  сингсин. 
   Биз ҳамон китоб битмоқдамиз. Кимдир шиддатла, журъат ва ҳафсала билан “ёзяпти”, кимдир ҳафсала қилмаяпти, ўз ҳаётини меҳр нурлари билан тўйинтирмаяпти, яна кимдир ўз китобини наридан-бери шунчаки кўз кўрарга – ёлғон-ёшиқларга тўлдириб, бировларнинг кўмагини суиистеъмол қилиб битаяпти, яна биров масъулиятни ҳис этаяпти, келажакда барибир ҳисоб бериш лозимлигини дилдан туйгани ва бу ҳақиқатни унутмагани учун ҳам виждони олдида ҳар лаҳза, ҳар соат, кун жавоб берётгандир. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам онгу шуури ёғдули, ёғдусиз – яхши-ёмон – ҳамма-ҳамма ўз муаллифлигидаги китобни ёзаяпти, ёзишдан тўхтамаяпти.
   Мен ҳамон бир жумбоқнинг ечимини топганимча йўқ. Мен болалик хотираларимга шўнғиганим сари ёшариб, бахтга тўйиниб, қувониб, гуноҳлардан фориғлашиб бораверсам, айни дамдаги таассуротлару тасаввурлардан, ўй-у хаёллардан изтиробга тушиб, андуҳу алам чекиб, оғриб, оғриниб боравераман. Дард улканлашаверади. Улғаяверади. Нега? Нега шундай? Эҳтимол болалик беғуборлик ва хоҳлаганингча хатою айб иш қилсанг кечирилишинг, изтироб нима, дард нима буларни англай олмаслигинг, аммо оқу қорани таниб, нима хато, нима тўғри ҳис қилиб, кўриб тушуна бошлаганинг ва илкис тафаккур қилганинг боисдир дейман ўзимча. Тафаккур қилдингми, инсоний чекловлар кенгайиб, дунёнг торайиб бораверади. Масалан, нима яхши, нима ёмон – беш қўлдай аён бўлгач, фақат яхшиликлар сари талпинишинг, ёмонликлардан тийилишинг лозим бўлади. Аммо ҳамма вақт ҳам бунинг уддасидан чиқиш қийин. Нафс бор, шайтон қутқуси бор.  Шунданми, хом сут эмган банда ўзи ёзажак китобига бисотида борини, англаб-англамаганларини ҳам ҳаёт китобига тушириб бораверади.    
   Ҳеч эътибор берганмисиз, болажонларнинг кўзларида самимий табассум порлаб турган бўлади. Шу боисми уларнинг тану жони, қалбу шуури нурга лиммо-лим бўлади. Бу митти вужудларнинг тийнати, сийратидан нур таралиб туради. Шунинг учун болажонларнинг кулгиси беғубор, ҳар бир айтган сўзу калимаси тотли, қилиқлари болажон – ўзибопдир. Шу боисми болаликни, ана шу беғубор даврни қўмсаб яшаймиз. Оила ташвишлари, турмуш машмашаларидан тўйиб, жонинг ҳалқумингга келган пайт ана шу беғубор оламга қайтишни, қайғу-ю ҳасратдан холи, ғурбату надоматлардан йироқ болалик оламида яшашни ва абадул-абад бола бўлиб қолишни истаб қоламиз. Яна бир ҳақиқат шуки, болалик дунёсида зулмат йўқ, Болалик ўз номи билан қуёши ботмас бир дунёдир. Яхшиликка бўлган рағбат, хоҳишнинг ўзи ҳам бир яхшилик эмасмикан.  
   Инчунин, ана шу ёруғликка  талпиниш, эзгу ва ёруғ истак-орзуларни кўпайтириш, онг-шуурни ёлқинлатишга, қалб ва юракни мудроқ тортмаслигига ҳаракат қилишимиз керак.    
   Чақалоқ дунёга келар экан, кўз очибоқ ўз ҳаёти битикларини ёза бошлайди. Унинг кечирган ҳар бир лаҳзаси битта сўз, ҳис қилган, кўрган, эшитган, туйган туйимлари, туйғу ва ҳислари битта жумла. У жамлаган йигирма тўрт соатдан иборат кеча ва кундуз китобнинг икки бетдан иборат варақларидир. Инсон ўзига берилган умрни яшаб ўтгунга қадар юз минглаб-миллионлаб варақларни қоралайди. Демак, мантиқан олсак, киши ҳеч бир он, сония ёзишдан тўхтамайди. Танаффуссиз “ёзилажак” бу китоб охир-оқибат ё улкан, қалин ёки ихчам, юпқа инсон қисмати битилган драматик, лирик, комедик оҳанглар қоришиқ мукаммал асарга айланади. Ҳар бир китобга китобхон баҳо бергани, уни сарак ва пучакка ажратгани каби ушбу миллиард-миллиард “китоблар”га ҳам замондош ёки келажак авлод китобхонлари баҳо беришади: яхши ёки ёмон. Шундай экан, яхши “китоб”лар муаллифи бўлайлик. Ҳар биримизнинг ҳаётимиз – китобимиз мангу порлаб турсин.

Умид АЛИ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот