Омон Мухтор (1941 - 2013)


     Шоир ва ёзувчи Омон Мухтор (Омон Сулаймонович Мухторов ) 1941 йилнинг 16 Июль куни Бухорода туғилган.
     Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1991). 
     1958 йил Бухоро шаҳрида мактабни тамомлаган. 1964 йил ТошДУни тугатган.
     Машҳур актёр, Ўзбекистон халқ артисти - Бахтиёр Ихтиёров билан синфдош бўлган.
    Шоир ва ёзувчи Омон Мухторнинг ижоди 50-йиллар охирида бошланган бўлса-да, биринчи шеърий тўплами “Чорлар қуёшли йўллар” 1966 йил чоп этилган. Омон Мухтор “Эгилган бош” романи учун 1999 йил Ёзувчилар уюшмаси мукофотига сазовор бўлган. Ёзувчининг юбилейи шарафига 1999 йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” фахрий унвонига сазовор бўлган.
    Омон Мухтор нашриётларда, Ўзбекистон давлат радио ва телевидение қўмитасида, “Ўзбекфильм” киностудиясида ва Ғофур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида адабий ходим бўлиб ишлаган, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири бўлган.
     1958 йилдан буён асарлари чоп этилган. 1966 йил “Чорлар қуёшли йўллар” номли биринчи тўплами, 1968 йил Бухоро ҳақидаги ҳикоялар тўплами, 1971 йил мазкур китобнинг давоми “Қушлар ва тушлар” нашрдан чиққан.
    Унинг асарлари: “Оҳанг” (1974), “Ёғду” (1979), “Марварид” (1985), “Шиддат” (1990) каби шеърий тўпламлар, “Бувим эртак айтади” (1971), “Кунлардан бир кун” (1985), “Минг йилдан сўнг” (1991) каби болалар учун шеър, эртак ва ҳикоя тўпламлари.
    Омон Мухторнинг “Тепаликдаги хароба”, “Минг бир қиёфа”, “Кўзгу олдидаги одам” романлари яхлит ҳолда “Тўрт томон қибла” трилогиясини ташкил этган.
    Сўнгги йилларда “Афу”, “Аёллар мамлакати ва салтанати”, “Афлотун” романлари чоп этилган. Мазкур асарлар янгича услубда ёзилган бўлиб, китобхон ва адабий жамоатчилик эътиборини тортади.
    Ёзувчининг бошқа асарлари: “Нигоҳ” (1968), “Қушлар ва тушлар” (1971), “Шаҳарлик келинчак” (1973), “Ҳаёт дарвозаси” (1978), “Бухоролик донишманд” (1973), “Болаликка саёҳат” (1984) каби ҳикоялар тўпламлари, шунингдек, “Учқур поездлар” (1981), “Вазифа” (1988) каби қиссалари, “Йиллар шамоли” (1976), “Эгилган бош” (1989), “Минг йилдан сўнг” (1991), “Кўзгу олдидаги одам” (1996), “Минг бир қиёфа” (1994) каби романларни яратган.
     Унинг қаҳрамонлари оддий касб-ҳунар кишилари. Шеърларида ҳам, ҳикоя ва қиссаларида ҳам ёзувчи бировга эргашмайди, ўзи топган аниқ фикр билан жонли манзара чизишга уринади. Айний, Фитрат, Ғафур Ғулом каби устозлардан сабоқ олгани сезилиб туради.
    Дастлабки икки романи маълум даражада анъанавий услубда бўлса, кейинги романлар ўз шакли ва йўналиши билан бутунлай янгичадир. Улар асосан, ўзбек халқ эртаклари, қиссалари, достонлари ва афсоналарига суянган ҳолда, бу кунги инсон ҳаётини акс эттириш билан бирга, унинг хаёл оламига, руҳиятига саёҳатни эслатади. Адиб ижодига хос бўлиб келган фалсафага мойиллик бу романларда бўртиб кўринади. Инсон қисмати ҳам, унинг руҳ олами ҳам нақадар мураккаб эканлигини акс эттиради.
     Омон Мухтор 2013 йилнинг 10 Май куни вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот