АМАЛДОРГА


АМАЛДОРГА 

Чалғима сарғайган рангу-рўйига,
Иддао-ла боққан кўзларига ҳам.
Илтимосчи эмас қошингда турган,
Қошингда турибди ўзингдай Одам. 

Хўш, нима бўлибди унниқса кийим,
Ёки сал қийшайган пошнадами гап.
Булут босган бўлса унинг нигоҳин,
Бунга фақат сен-у, сендайлар сабаб. 

Минг қўйли бойнинг ҳам дерлар бир замон
Бир эшаги борга иши тушибди.
Кўзинг оч, ғурури Ҳимолай Инсон
Қошингда ер чизиб, мажҳул турибди. 

Зимдан чамалама, у на тилла қоп,
На унвон соҳиби ва на амалдор.
Буларнинг баридан милён бор юксак,
Унинг Инсон деган улуғ номи бор. 

Сенинг имконингда шу зотга кўмак,
Шу зотнинг дардига зарра дорисан,
Жонинг ҳам аяма. Сен ахир, бешак,
Аввало халқингнинг хизматкорисан. 

Сен уни, у мени, мен эса сени
Бугун Инсон дея этсак эҳтиром,
Бутун башарият бири бирини
Эртага бошига кўтарса не тонг... 

 (1987)

ТЕЛЕВИЗОР ҚАРШИСИДА 

Билакдай ўзанга сиғмагай дарё,
Алжабр қонуни туйғуга бўтан...
Дунё ишларига разм солиб гоҳо,
Ҳали шукр айцам ярашар экан. 

Гарчанд кўз бойлашнинг йўллари бисёр,
Гарчанд унинг нуқси бугун ҳаммада,
Қаранг, то оламда битта Шоир бор,
Шеърни ўқиб бўлмас фонограммада... 

(1988)










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот