Тошкентда II Халқаро мусиқали театрлар форуми ўтказилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 02.02.2022 йилдаги ПҚ-112-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2019 йил 18 апрельдаги 329-сонли Қарорлари ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Тошкент шаҳрида 2024 йилнинг 26-28 апрель кунлари "Оperetta.uz" II Халқаро мусиқали театрлар форумини ўтказмоқда. "Оperetta.uz" I Халқаро мусиқали театрлар форуми 2022 йилнинг 20-23 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган эди.
Форумда Озарбайжон, Беларусия, Россия ва Қозоғистондан келган вакиллар иштирок этишмоқда.
Форум иштирокчилари орасида режиссёрлар, театр хореографлари, ижодий жамоа ва етакчи саҳна усталари бор. Форум доирасида хориждан келган театр жамоаси ва санъаткор юртдошларимиз иштирокида спектакллар намойиши ва катта гала концерт ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон давлат Мусиқали комедия (Оперетта) театрининг 50 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган форумдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва яқин хориж ҳамда МДҲ давлатлари мусиқали театрлари ўртасида ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, мусиқали театр санъатини янада ривожлантириш, халқаро муносабатлар ҳамда ўзаро тажриба алмашиш, гастроль сафарлари уюштириш кўзда тутилган.
Форумда театр арбоблари, санъатшунослар ва ОАВ вакиллари билан учрашувлар ташкиллаштирилиб, мусиқали театрлар фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш каби масалалар кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмаси
Матбуот хизмати.
Фотосуратлар муаллифи - Баҳодир Эргашев.