Янграйвергин, сўнгги қўнғироқ!
«Сўнгги қўнғироқ...» Бу жумла ҳар кўнгилда ўзгача жаранглайди, айниқса, битирувчилар қалбида. Май ойи келиши билан битирувчиларнинг ҳаяжони ортиб бораверади. Ҳар бир қалбда биргина нидо: "Мактабдан ҳеч қачон кетмасайдик!” Мактаб даври ... Биз неча ёшда бўлмайлик, унинг хотиралари билан яшаймиз. Ўқиб юрган пайтларимиз ёмон кўрган синфдошимиз ҳам йиллар ўтиб энг яқин сирдошимиз эканлигини англаймиз. Мактаб остонасидан ташқарига ҳатладикми, ҳаёт деган уммонга шўнғирканмиз, унда бизни уришиб туриб овутадиган устозлар, хато қилсак бўялган бетини яшириш учун йиртилишига ҳам рози бўладиган қоғозлар, бир қўнғироғи билан минглаб болани бағрига оладиган масканни энди тополмаслигимиздан афсусланамиз.
Мамлакатимиз мактабларида Сўнгги қўнғироқнинг жаранг сочишига ҳам саноқли вақт қолди. Болаларни бир йилга улғайтирадиган бу тадбир шунчаки эмаслигини унинг битта жаранги билан кўплаб хотиралар уйғонишига гувоҳ бўлдик.
Сўнгги қўнғироқ – мактабни битираётган ўқувчилар анъанаси, катта шодиёнаси. Ўзбекистонда 25 май куни нишонланадиган байрам ўқув йили тугаганида, лекин битириш имтиҳонларидан аввал ўтказилади. Бу 9 йил жонажон мактабда ўзидан кичикларни ука-сингил, устозларни опа-ака, деган ўқувчиларнинг ҳамма билан хайрлашув тадбири аслида. Бу оқшомда рамзий сўнгги қўнғироқ чалинади. Одатда бирор битирувчи елкасида қўлида мактаб қўнғироғини ушлаб олган биринчи синф ўқувчисини ўтказиб, даврани айланиб чиқади. Бу яхши ният, сен ҳам биздек улғайиб, шу кунларга ет, қўнғироқлар садоси биз кетганимиздан сўнг ҳам жаранглаб тураверсин деганидир.
Ушбу саҳифамиз қаҳрамонларидан бирининг мактабни битирганига бу йил 75 йил тўлади.
Бриллиант битирувчи
Гулсум ая АКБАРОВА, 91 ёшда: - Мактабни уруш бошланган 1941 йилда битирганман. Очарчилик, қийинчилик йиллари. Мактабларимиз ҳам каталакдай хонадан иборат иморатларда жойлашган бўларди. У пайтларда ҳамманинг ҳам ўқишга келишга қурби етмасди. Синфдошларимдан бири акам тенги бўлса, яна бири уйланиш ёшида бўлган. Ҳаттоки битта синфдошим ўқиб юрган пайтларимиз урушга кетган. Ўша пайтларда нон карточка билан ҳар бир оилага одам бошига маълум миқдорда бурда нон берилар эди. Оч қолганимиздан, қулоғимизга дарс кирмасди, кўпчилик болалар ҳолсизликдан ҳушидан кетиб қолишарди. Бизнинг болалигимизни уруш ана шундай оғир ўтмишга айлантирган эди. Бироқ устозларим жуда меҳрибон эди. Ҳаттоки Паттоҳ ака деган ўқитувчимиз кийиб келишга оёқ кийими йўқ синфдош дугонамга урушга кетган ўғилларининг этигини олиб келиб берганларни эслайман. Ҳозир битирув имтиҳонлари топширганимиз эсимда йўқ. Бироқ май ойининг охирларида "Бухорога киночилар келибди” деган гап тарқалди. Бола эмасмизми, дарсни ҳам ташлаб мактабимиздан унча узоқ бўлмаган Лаби Ҳовуз томонга чопдик. Уларнинг ишини қизиқиш билан томоша қилиб турсам киночи аёллардан бири менга кинода кичик рол ўйнашга, эвазига пул ва нон беришни таклиф этди.
Югуриб бориб бу гапни онамга айтдим. Очарчилик туфайли ўғлидан, акаларидан айрилган онам бечора тағин алдаб боламни олиб қочиб кетмасин деган қўрқув ва хавотирда, уларнинг гапига бир ишониб, бир ишонмай, очарчилик сабаб ноилож рози бўладилар. Мен ижро этадиган қаҳрамон вокзалда кетаётган аскар синглиси образи эди. Аскар бош кийимини ечиб хайрлашиш учун силкитаётган пайтда бош кийими қўлидан тушиб кетади ва сингил уни акасига бериш учун, «Акажон, шапкангиз тушиб қолди, шамоллаб қоласиз», деб поезд ортидан югуриши керак эди.
Менинг акам ҳам бундан 15 кун олдин урушга кетган эди. Ундан биронта хат-хабар ололмаган эдик. Акам ёдимга тушиб, акажон, деб шунақа йиғлаб югурибманки... Ролим жонли чиққани учун киночилар айтилганидан икки баравар кўп пул ва нон ташлаб кетишганди. Шу ролни ўйнашим учун мактаб имтиҳонларидан ҳам озод қилишган. Бундан роса хурсанд бўлганман. Чунки киносъёмкалар деб кўп дарс қолдиргандим-да. Бизнинг мактабда оғир даврлар бўлса-да, имтиҳонни яхши топширолмаганлар синфдан-синфга кўчирилмасди.
Ҳозир невараларим, эвараларим оппоқ, ораста кийимлар кийиб мактабга отланса ҳавасим келади. Энг асосийси, замонамиз тинч. Улардан хавотир олмайман.
Лайло КАРИМОВА.
Манба: "Сабо" газетаси. 2017 йил.