Тараққиётнинг маънавиятга хуружи
Феруза ОРИПОВА
Мулоҳаза учун мавзу
Тараққиётнинг маънавиятга хуружи
Ишхонага ҳамкасбим Шаҳло опа асабий ҳолда кириб келди: “Шу телефонни ўйлаб топганни уйи куйсин”...
- Вой, нега ундай дейсиз, шу телефон сабаб узоғимиз яқин, оғиримиз енгил бўляпти-ю, сизнинг гапингизни қаранг, – дея унга сўз қотди Замира опа. Шаҳло опа ҳижолатомуз ҳолда сўзини давом эттирди, - тўғрику-я, аммо бу зормонданинг зарари ҳам аччиқ бўляпти-да. Жияним Раънони фотиҳасини қилгандик, келаси ойнинг ўн бешига тўй белгиланган. Кўричак бўлиб, шифохонага тушиб қолган Раънони кўришга борган куёв уни телефонда биров билан SMS ёзишиб ўтирганини кўради. “Ким у, телефонингни бергин, бир кўрай”, – деса, “синфдошим эди” дея, кўрсатишга рози бўлмайди. Бўлажак куёв телефон қилсам доим банд, буниси энди ошиб тушди, мен фотиха қилинган қизнинг бировлар билан телефонда лақиллашини ҳазм қилолмайман, яхшиси умуман телефон ишлатмайдиган қизга уйланаман, – деб фотиҳасини бузибди. Шифокорлар оиласи бўлган бу хонадонни маҳаллада ҳамма ҳурмат қилади. Йигит ҳам ўқимишли, келишган, баъмани, бўлажак шифокор эди. Энди ҳаммамиз афсусдамиз.
- Ҳамма айб қизнинг телефон ишлатиш маданиятининг йўқлигида, - дея гапга қўшилди Лазиза. - Тўғри-да, ахир телефон зарур эхтиёжлар учун-ку. Агар телефонни ўзимизнинг фойдамизга бўйсундира олмасак, унинг ўзи бизларни ўзига тобе қилиб қўяди.
- Талабалик йилларимиз бир йилда бир марта, таътилгина уйга борардик. Фақат хат орқали гаплашардик. Телефон деган нарса бўлмаган, аммо ота-онамиз бизни ишониб уйдан олисда ўқишимизга шароит яратиб берган. Бугун бўлса ота-оналар ҳатто мактабда ўқийдиган фарзандига ҳам телефон тутқазиб, қаерда юргани-ю, нима билан машғуллиги ҳақида суриштириб туради, – суҳбатга қўшилди Дилфуза опа.
Дарҳақиқат, бугун мобил телефонлар ҳаётимизга шу қадар яқин бўлдики, у кундузлари юрагимизга яқин, тунлари ёстиғимиз остида, доимо хаёлу хотирамизда биз билан бирга. Борди-ю, уни бирор жойда унутиб қолдирсак, энг азиз нарсамизни йўқотгандек саросимага тушиб қоламиз. 80-90-ёшли кексалар ҳам телефонда сўзлашади кемтик тишларини кўрсатиб, ярим илжайиб. Эр хотинига телефонда ўшқиради, ёшлар телефонда муҳаббат изҳор қилади, қўшнилар суҳбати телефонга кўчган, фарзандларга вазифалар телефон орқали берилади, ота-она, жигар-бағирдан телефон орқали ҳол сўралади. Янги туғилган чақалоққа телефон алла айтади, болани овутишнинг энг яхши йўли қўлига телефон тутқазиш.
Автобусда, бозорда, йўлда, дарсда, кекса-ю ёш, катта-ю кичик, эркагу-аёл ҳамма-ҳамманинг қўлида телефон: ким биландир гап сотяпти ёки телефонини ковлаш билан банд. Чиндан ҳам телефон ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб қолди-ки, усиз ҳаётимизни бир зум ҳам тасаввур қилолмаймиз.
Баъзан ўйланиб қоласан, тараққиётнинг бу буюк мўъжизаси ҳали вақтлар келиб бизга қимматга тушмасмикан? Бугун унинг кўз илғамас зарарлари эрта бир кун ўзимизни домига ютмасмикан.
Шу биргина телефон бизнинг азалий қадриятларимиз - меҳр-оқибат, жигарчилик, яхшилик, инсонийлик, муҳаббат каби гўзал туйғуларимизни яксон этиб бораётгандек.
Маълумотларга кўра, Франция, Италия, Кипр, Исроил давлатларида боғча, мактаб, коллежларда уяли телефондан фойдаланиш тақиқланган экан. Японияда поезд купесида мобил телефондан фойдаланиш маданиятсизлик белгиси ҳисобланаркан. Буюк Британияда бир гуруҳ олимлар асаб тизими эндигина ривожланаётган болалар учун мобил телефон зарарли деган хулосага келишган. Испаниялик олимларнинг таъкидлашича, мобил алоқа воситасидан атиги икки дақиқа давомида фойдаланишдан кейинги икки соат давомида бола миясининг биоэлектрик фаоллиги сусайиши мумкин.
...Шаҳарда миш-миш тарқалди. Эмишки қайсидир ўқув юртида ўқувчилар оддий ва содда телефон ишлатаётган ўртоғининг устидан мазах қилишади. Улар ўзларининг сўнгги русумдаги планшет, Ipod, MI, Samsung каби сўнгги русумдаги мобил телефонлари билан мақтаниб, ўртоғининг замондан орқада қолганига куладилар. Бунга чидолмаган ўсмир ўзини осиб қўяди.
***
...Азизнинг туғилган кунига отаси янги сенсорли телефон совға қилди. – Уре, энди бемалол интернетга киришим мумкин.
- Дўстлари олдида уялмасин, ҳамма қатори бўлсин дедим. Телефонингни доим текшириб тураман, хўпми ўғлим?
- Хўп бўлади, дадажон.
- Шундоқ бўлсин,
Ота насиҳатини фарзанди қабул қилди. Аслида эса, ўша суҳбат ўша куни, ўша ернинг ўзида-ёқ қолиб кетди.
Азиз энди телефон орқали гўзал қизларни излайди, улар билан суҳбатлашади, дўстлари билан вақтичоғлик қилади, турли сайтларга кириб, кунини гўёки мазмунли ўтказади. Шундай кунларнинг бирида унинг телефон рақамига SMS келди. Унда – тасвирдаги йигит чиндан ҳам ўзингизми? – дейилганди. Азиз “одноклассник” деган манзилга бошқа исм ва хориж актёрининг суратини қўйган эди. У дарҳол жавоб ёзди, - Албатта ўзим, сиз-чи, нега сиз расмингизни қўймадингиз?
- Расмимни қўйганимда нима ўзгарарди, барибир ҳаётимни ўзгартириб бўлмайди-ку?
- Нима учун ҳаётингизни ўзгартирмоқчисиз?
- Яшашдан чарчадим, шу сабабдан.
Ўша куни улар узоқ суҳбатлашишди. Азиз телефоннинг орқа тарафидаги ўзини Сабрина деб таништирган аёлнинг изтиробларига шерик бўлди. У билан дилдан суҳбатлашди. Шу тариқа улар яқин суҳбатдошга айланди. Улар интернет орқали суҳбатлашиб юриб, бир-бирларига боғланиб қолди. Энди улар ораларида етти ёш фарқи бор оилали аёл ва ёш йигит эмас, балки эркак ва аёл сифатида суҳбатни давом эттира бошлади. Бунга сабаб аёлнинг гўёки ўз эрида кўнгли йўқлиги, уни севмаслиги, ўспирин йигит учун эса бу айни муддао бўлди. Орадан бир ой ўтиб улар учрашишга келишдилар. Меҳмонини сабрсизлик билан бекатда кутаётган Азиз аёлни таниб олиш учун телефон қилгач, даҳшатдан қотиб қолди. Не кўз билан кўрсинки, у ўз тоғасининг хотини Мастура янга эди...
***
Бир куни эрталаб автобус кутиб тургандим, 16-17 ёшлардаги қиз бекат томон катта йўлни кесиб ўта бошлади. Узоқдан “Дамас” автомашинаси сигнал бериб келар, қиз бўлса унга парво қилмасди. Биз бекатдагилар ҳайрон эдик. Ёнимда турган киши – нима карми бу қиз, машина сигналини эшитмаяпти? – деган эди, унинг ёнидаги ёшгина йигит, - Эшитмайди-да, қулоғида “наушник” бўлгандан кейин, – деди.
Бир пайт машинанинг қаттиқ тормозидан бекатдагилар сергак тортдик, афсус машина ўзини олиб қочишга улгурмади ва қизни уриб юборди. Машинанинг ичи тўла сабзавот ортилган эди, қиз уч-тўрт метр узоққа отилиб кетди. Ҳайдовчи ҳам, биз бекатдагилар ҳам даҳшатдан қотиб қолгандик. Шу пайт бекатдаги дўкон сотувчиси, “томоша қилиб турмай ёрдам берсангизлар-чи?”, - деб машина томон югуриб кетди. Шундагина бекатдаги бир неча кишилар ҳам унга эргашди. Машина орқасидан келган “Жигули” автомашинаси четга тўхтаб, қонга беланган қизни олиб, машинага солди ва тезлик билан машинани ҳайдаб кетди. Биз гувоҳ бўлган нарса “Дамас” автомашинасининг ҳайдовчиси ёшгина йигит қизнинг қулоғига тутилган наушникни ушлаганча “энди нима қиламан”, - деб дод соларди. Қиз телефон орқали қўшиқ тинглаб келаётгани сабаб ташқи оламдан узилган эди. Унинг кейинги тақдири бизга номаълум қолди.
***
Хизмат сафари билан пойтахтга келган Муродил иши битмай, яна бир кунга қолишига тўғри келди. Меҳмонхона ойнасидан сершовқин шаҳарни кузатаркан, хотинига қўнғироқ қилди. Гўшакни кўтарган эркак овози “эшитаман” деди.
- Бу менинг хотинимнинг телефон рақами-ку, сен кимсан?
- Сен ўзинг кимсан, бу менинг рақамим!
- Хотиним қани деяпман?
- У ҳаммомда, – деди-да телефонни ўчириб қўйди. Муродил асабийлашганча қайта-қайта телефон қилди, аммо телефон вақтинча ўчирилганлигини айтди. Ўғли Мақсадбекка қўнғироқ қилган эди, у “Ойим уйда йўқлар, билмадим қаерда”, – деди. Қизи Ойдин: “Мен ҳали ўқишдан қайтмадим, ойимни қаердалигини билмайман”, – деб жавоб берди. Папирос тутатиб, минг ўй, минг хаёл билан алламаҳалгача ўзи билан ўзи олишиб чиққан Муродил куни билан навбат кутиб, у эшикдан бу эшикка югургани сабаб ўринга чўзилганча донг қотиб ухлади. Эрталаб уни телефон қўнғироғи уйғотди, Қараса хотини Мунис.
– Қаерларда юрибсан? – беихтиёр ўшқира кетди.
- Вой, дадаси ассалому-алайкум. Ёмон туш кўрдингизми, нега эрталабдан бақирасиз?
- Ўчир овозингни, кеча қаерда эдинг, нега телефон қилсам кўтармадинг?
- Менга қўнғироқ қилмадингиз-ку?
- Кўзингни каттароқ очиб, номерларни кўр, ҳа айтганча уйда йўқ эдинг-ку. Болалар ҳам қаердалигингни билмайди сени. Шошмай тур, ҳали мен уйга борай...
- Дадаси шошманг, ўзингизни босинг, кеча ойим чақирганди: – Тез келиб, менга бирор иссиқ овқат тайёрлаб беринг, Ибодатхон бешик тўйи қиляпти, кўздай қўшним шундоқ чиқсам бўлмайди, – дедилар. Овсиним ойисиникига кетган экан, мен уларга мошкичири қилиб бериб келдим. Шошганимдан телефонимни уйда қолдириб кетган эканман.
- Ўзингни оқлама, барибир мени алдаёлмайсан, уқдингми?
- Жон дадаси, сафардасиз, асабийлашманг, бирор марта қўнғироғингизга жавоб бермаган пайтим бўлганми? Балки нотўғри тергандирсиз, ҳозир бир рақамимга қайта қўнғироқ қилиб кўринг-чи?
Муродил жаҳл билан телефонни ўчирди ва хотинининг исми ёзилган рақамни босаркан, у томондан узоқ гудокдан сўнг яна кечаги овоз келди. Шунда тезлик билан телефонни ўчирган Муродил хатосини англаб етди, чунки у шаҳардан ташқарида кодсиз ҳолда хотинини рақамини терганди, табиийки у бегона одамга тушганлиги сабабли шу воқеалар содир бўлганди.
Баъзан ўйланиб қоласан – бу телефонлар тараққиётнинг маънавиятга хуружимикан ёхуд маънавиятга етказилаётган зарбамикан? Унинг ижобий томонларини инкор этмаймиз. Тўғри-да, у сабаб олисдаги ота-онамиз ҳолидан хабар оляпмиз. Қувончу-ташвишларимизни у сабаб яқинларимиз билан баҳам кўряпмиз. Йиллаб кўришолмаётган собиқ курсдошимиз ёки дўстимиз билан телефон орқали дийдорлашяпмиз. Турмушимизда содир бўладиган маиший муаммоларни баъзан биргина телефон қўнғироғи орқали ҳал қиляпмиз. Аммо бир аччиқ ҳақиқат борки, айнан шу телефон сабаб оилалар бузиляпти. Фарзандлар тирик етим, дўстлар душманга айланяпти ёҳуд меҳр-оқибат, инсонийлик, муҳаббат топталмоқда.
Дўппини бошдан олиб ўйлайдиган вақт келди. Эртага кеч қолмаслик учун, маънавий бўшлиққа, руҳий изтиробга, моддий таназзулга юз тутмаслик учун ҳам бугун сергак бўлайлик. Яқинларимизни, фарзандларимизни огоҳ этайлик. Биргина лоқайдлик бутун бир бахтсизлик ўпқонини яратишини унутмайлик.