Қўнғироқ ва кўнгли оқ инсон
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР
ҚЎНҒИРОҚ ВА КЎНГЛИ ОҚ ИНСОН
Қийинми кимгадир қилиш қўнғироқ,
Ёлғизларга йўлдош - хотира, фироқ.
Қоронғу кўнгилга ёқмоқ-чун чироқ
Гоҳида кифоя битта қўнғироқ!
Кимдир йиғлаганча меҳрга маҳтал,
Ҳаётдан тўйгандир кимдир шу маҳал.
Унга керак эмас Эйфель, Тожмаҳал,
Ҳаётга қайтаринг то келмай Маҳшар.
Чиройли сўзларга баримиз моҳир,
Ким ўзин Лайли дер, ким эса Тоҳир.
Умримиз поёнга етмоқда ахир,
Тотли қилинг уни бўлса-да тахир.
Гарчи боролмайсиз, ишингиз талай,
Қўнғироқ қилмоққа вақт бор ҳарқалай.
Кибр ила бўлмай шайтонга малай,
Айтинг: "Шукур борсиз, дардингиз олай"!
Биргина шу сўздан кўнгиллар осмон.
Ширин сўз айтмоқлик қийинмас, осон.
Андуҳдаги зотга зармас, шу замон
Меҳрингиз улашинг, кўнгли оқ Инсон!