ОПАМ БОР ЭДИ...


ОПАМ БОР ЭДИ...

  Фазилат опам катта амакимизнинг қизи бўлгани билан бир ҳовлида ўсиб-улғайдик. Оиламиз янги ҳовлига кўчиб ўтганда ота-онам билан  бирга кетдим, аммо ҳар куни опамнинг ёнида эдим. Тўғриси, ундан айро яшашга кўника олмасдим.Ўшанда иккинчи синфда ўқирдим. Мактаб сумкасини елкамга илиб, аввал уйга бориб онамга бироз қарашиб укаларим билан ўйнардим, кейин опамнинг ёнига ошиқардим. Каттададам (катта амакимни шундай атардик)тўполончи қизим, деб мени  койигани билан ҳар куни  йўлимга кўз тикиб турарди. Абдурауф акам (амакимнинг катта ўғли) Тошкентда талаба, Абдушоҳид акам Андижон тиббиёт институтида ўқирди. Опам эса, бизни ширин таомлар билан сийлайдиган катта ошпазимиз эди. Менга “эскича” китоб ўқишдан сабоқ бераётган амаким Қуръон оятларини бир-бир ёд олдирар, кейин дарс тайёрлашимга ҳам ёрдам берарди. Гоҳида: “Бошинг чарчаб қолмасин, қизим”, деб шахмат-шашкани ҳам ўргатардилар. Энди ўйласам, атайлаб мени севинтириш учун ўйинда ютқазиб берар эканлар.  Чиндан ҳам бола кўнглим ҳаволаниб, қувониб юрган кунларим кўп бўлган.
  Опам менга онамдек  меҳрибон эди. Мактабдан  гап топиб келиб, ҳали у ҳали бу, деб атрофида минғирлаб юришимдан қувониб, ёйилиб куларди. Ора-сира: “Миттиқуш, сен яхши қиз бўлишинг керак, даданг сени олим бўласан, шоир бўласан дейди-ку! Катта олимлар камгап, мулойим ва ақлли бўлишади. Сенга ўхшаб чакаги тинмай гапирадиган бўлса, ҳамма уни ёнидан қочиб кетади-ку!” деб эркалаб бағрига босарди.
   Опам ўрта мактабни битириб ўқишга кирди. Вилоят маркази қишлоғимиздан анча олис бўлгани учун ҳафта охирида уйга келарди. Шанба кун келишини зориқиб кутардим. Менинг ҳам туман газетасида кичик хабарларим,бир-икки  шеърим чоп этилиб, ақлим тиниқлашиб қолган, оқ-қорани ажрата бошлаган эдим. Опа-сингил гоҳида тонггача гурунглашардик. Дугоналари билан тушган суратларни кўриб ҳаммасидан чиройли эканлигини унга айтсам: “Йўғ-ей, мендан чиройли қизлар кўп, мен бироз тўлишиб қолдим, бир амаллаб озишим керак, шунда чиройли бўламан”, деб жилмайиб қўярди.
   Улуғ тоғ биз яшаган қишлоққа  яқин бўлгани учун ҳар баҳор тоғ сайлига чиқардиқ. Энг қизиғи ҳамма бизнинг кўчадан ўтарди. Қўшни қишлоқлардан ҳам тоққа қараб йўл олган йигит-қизларни кўриб ҳамманинг ҳаваси  келарди. Егуликлар тўлдирилган сафар халталарини елкасига ортиб мотоциклда, пиёда, уловда йўлга чиққан одамларнинг шодланиб кулганлари, жўр овоз бўлиб қўшиқ, лапарлар айтиб юксакка интилишлари – ҳаммаси бошқача эди... Ҳориб-чарчаб тоғ сайлидан қайтаётганларнинг қучоғида олтиндек товланган лолалар, сиёқи бинафшаларни кўриб биз болалар уларнинг ортидан чопардик. Кимдир лола узатар, кимдир бир боғлам хулкар бериб йўлида давом этарди.
  Эсимда, апрель ойида бўладиган лола сайлига бориш учун опамнинг  курсдошлари бизникига йиғилишди.  Меҳмонларга нон ёпдик, ош дамладик, улар хурсанд бўлиши учун ўша куни ҳаммамиз тенг уриндик.  Тонг саҳарда тоққа отланганлар орасидан мени бир четга чақирган онам, боришга рухсат бермади.  Сабаби бор эди. Ўша кунларда қўшнимиз Сурайё тоғдан йиқилиб оғир жароҳат олган, касалхонада ётган эди. Шундан чўчиганми, опам ялинди-ёлворди, барибир  онамни кўндира олмади. Юк машинасига кўрпачалар тўшаб ўтириб олиб, доира чалиб, қўшиқ куйлаб кетаётганлар орасида йўқлигим менга жуда алам қиларди. Айниқса, тоғ лоласи жону дилим эди. Бир сафар Абдуҳалим акамнинг курсдошлари келганида мен ҳам бирга боргандим. Тишим оғриб, жонимни азоблаётган бўлса ҳам тошлар орасида олтиндек товланиб, тебраниб турган лолаларни  кўзларимга суртиб, яйраб тоғ ҳавосидан нафас олгандим.
   Куни билан аразим ёзилмади. Оқшомда тоғдан қайтган опам ёнимга келди. Қўлида бир даста лола бор эди. Опам негадир мени бағрига босиб кўзига ёш олди. “Боргандек бўлмадим, юргандек бўлмадим, ҳеч нарса, ҳеч ким ёқмади. Кун бўйи тош ўчоққа қозон осиб овқат пишириш, дастурхон безаш билан овундим. Йўлга тушганимизда йиғлаган бўлсанг керак-да, қулоғимга йиғи овози эшитилаверди. Тоғлардан жаранглаб сени овозинг келаверди. Энди ортимдан йиғлама, хўпми, опаааааа, деб йиғлашдан Худо асрасин, сенга кулиб юришинг ярашади...
  Фазилат опам ўқишни битириб, болалар боғчасига тарбиячи бўлиб ишга кирди. Ноябрь ойининг боши эди. Катта дадам шамоллади баҳонаси билан қўққисдан оламдан ўтди. Онасиз улғайиб, отасига ҳам ота, ҳам онадек суяниб қолган опам адойи тамом бўлди.Туни билан кўз юммас, йиғлайвериб ҳоли қуриб қоларди. Суяб сув берганимиз, овутиб оғзига овқат тутганимиз билан ҳеч ким унга ота-она меҳрини бераолмасди.Ҳаммамиз опамни юпатишга  уринардик, кўнглига қарардик,  аммо кундан-кун ранги сарғайиб, ҳоли абгор бўлиб борарди.  Қорбўронли кунларда ҳам қабристонда тонгни қарши оладиган опам охири бемор бўлиб ётиб қолди. “Сариқ касали”га дучор бўлиб, жигарида жиддий муаммо пайдо бўлган опам касалхонага ётқизилди. Ўқишдан рухсат олиб унинг ёнида бўлдим. Кундан-кун аҳволи оғирлашиб, кўз очишга мажоли йўқ опам кома ҳолатига тушиб қолган пайтлар мен учун ҳам ҳаёт тугагандек эди. Аллоҳнинг мўъжизаси юз берди. Заъфарондек сарғайиб кетган опам кўз очиб секин-аста оёққа тура бошлади. Уйга қайтиб қувонганимиз узоққа чўзилмади. Кўзларим тубигача сарғайиб кетганидан менга ҳам касаллик юққанини ҳис этдик. Ўша хона, опам ётган ўринга бориб мен ҳам даволана бошладим. Дўхтирлар парҳезли таом ейишга буюргани опамга малол келиб менга: “Жооон синглим, биттагина тандир сомса, ё бир сих кабоб олиб кел, ҳеч кимга кўрсатмай еб оламан”, деб ёлворарди. Ўша кунлар менинг ҳам бошимдан ўта бошлади. Хуллас, опа-сингил иккимиз бир-биримизга табиблик қилдик, бир-биримиздан қувват олдик. Жони ҳалак онажоним азон овози келмасдан касалхона эшиги олдида бўлар, дадам кун-тун дарвоза олдида мунғайиб ўтирарди.
  Вақт кўнгил ярасини даволаши чин экан. Қора либосга бурканиб, ёзда ҳам маҳси-калиш кийиб ишга бораётган опамга совчилар келди. Амаким ҳаётлик пайтида бир таниши ўғлига опамнинг қўлини сўраб оғиз очгани, ўқишни битириб олишини кутиб тургани ҳақида хабаримиз бор эди. Совчиларга  йил маросими ўтгач тўйни белгилаймиз, деб жавоб беришди. Унинг учун ҳаётнинг қизиғи йўқ эди. Касалдан туриб ҳоли абгор бўлиб турган опам қувватга кириши учун ҳаммамиз  атрофида гирён эди. Соғайиб, юзига табассум қайтган кунларда тўй бўлди. Куёвнинг исми Зокиржон эди. Келинлик уйи ишхонасига яқин бўлганидан опамни ҳар куни кўриш қийин эди. Ҳар ҳафта ўқишдан қайтаётиб аввал опамнинг  ёнига кириб дийдорлашиб кейин уйга борардим.
  Бир куни бироз бетобланиб касалхонага тушиб қолдим. Опам қайнонасига тишим қаттиқ оғрияпти, дўхтирга бораман, деб мени кўргани келибди. Шу баҳонаси ўхшаши учун икки кун тишига дори босиб “вой-вой”лаб юрганмиш бояқиш. Аввалига кулдик, опам кетганидан кейин йиғлаб ҳам олдим. Опа-сингил бўлсангу, жигаринг бемор бўлганида кўргани бориш ҳам шунчалик мушкул бўлса...
  Опамнинг жигаридаги касаллик ҳали батамом тузалиб кетмагани учун шифокорлар унга ҳомиладорлик хавф туғдиришини айтган эди. Аммо оиласидаги катталар, айниқса, қайнонаси буни тушунишни истамади. Ҳомиладорлик пайтида опамнинг дори-дармонидан хабар олиб, акаларим огоҳ бўлгани билан касали хуруж қила бошлади.Ой-куни яқинлашгач эса ётиб қолди. Ўғил фарзанд кўрса исмини Фаррух, қиз бола бўлса мен севган исм –  Шодия деб исм қўймоқчи бўлардик. Жони оғриб турса ҳам опам чиройли куларди. Вақти-соати етиб, кўзи ёриб ўғиллик бўлганида эса соғлиги ёмонлашди. Туғуруқхонадан юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилган опам кундан-кунга оғирлашиб борарди. Ёнида “инга”лаб ётган боласини қўлига олишга ҳам ҳоли қолмаганди. Қуруқшаб ёрилиб кетган лабларини пичирлатиб: “Фаррухим чиройли-а?Тўғрисини айт, кимга ўхшайди?”, деб сўради. Мен эса: “Опа, дунёдаги энг ширин бола сизники. Энг эсли  бола бўлиб улғаяди, мана кўрасиз. Машинага миндириб сизни шаҳар айлантиради...Опа,сиз ҳам дунёдаги энг яхши опасиз.Ўзингизга айтмаганим билан сиздаги меҳр ҳеч кимда йўқлигини биламан. Опа, менинг тўйим бўлса, бирга ўйинга тушамизми? Табриклаш учун даврага чорлашса, нима деб сўзлайсиз? Яна ҳамманинг ёнида Мунаввархон дейиш ўрнига, миттиқуш ёки жанжалда биринчи деб айтманг, мени. Майли, мен розиман. Нима десангиз ҳам ўша куни ёнимда бўлсангиз бўлди. Қандай гапирсангиз ҳам, сўзласангиз бўлди...
Ахир, сиздан бошқа опам йўқ мени...Сиздек сирдошим, сиздек меҳрибоним бормиди?”
  Қисматнинг иши қийин экан. Опам оламдан ўтди. Гўдагининг қўлчаларини тутганча, жилмайиб туриб жон берди. Ўйласам ҳалиям юрагим қонайди. Ҳалиям бағрим ўртайди, ҳалиям кўнгим келмайди... Қалами бор одамнинг алами ўтли бўларкан. Ёзмасам бўлмайди, бу хотиралар ёзмаганимга қўймайди. Ёзганим қайси бир бағри хуннинг ярасини тирнайди, кимнингдир кўнглига озор беради. Ўтмишини титиб, вужудига титроқ солади...
   Зумрадхон келинойим  Ёдгорбекни ўз боласидек бағрига босди. Ҳаммамиз учун умид, ҳаммамиз учун юпанч эди шу гўдак. Тақдир насиб қилмаган экан, ёшига етмай гўдаги ҳам нобуд бўлди. Воҳ, десак ҳам, оҳ, десак ҳам битмишга  бош эгмай иложимиз йўқ.
  Опамсиз тўйим бўлди. Юрагимда мадор йўқ, ҳатто, ер супурган сочим ҳам тўкилиб, бир тутам бўлиб қолганди. Опам севган ифор, авайлаб бир марта ҳам сепмаган “Бит может” атрини гулдаста тутган қўлимга маҳкам тутганча келинлик остонасига қадам қўйдим. Чунки, ҳаётининг сўнгги кунларида ёстиғи тагидан олиб берганди. “Буни олиб қўй, келин бўлган кунинг сенга бераман, деб сақлаб юргандим. Билмадим, тўйингга етиб боришга ақлим ҳам етмай қолди. Кўролмасам керак, яшамасам керак, у кунларга етмасам керак. Бир сирни сенга айтайми? Кеча қон қусдим, синглим. Демак ич-бағрим тугабди. Дадамдан кейин ҳаётни севмай қўйгандим, қизиқмай қўйгандим. Болалик бўлиб энди яшагим келяпти. Эгамдан умр тилаяпману энди кеч... Мен ўлсам, поччанг уйланса роса куйсанг керак, бошингни деворга уриб йиғласанг керак. Нима деб йиғлайсан ўшанда? Умри армон билан ўтганим, дейсанми... Онасиз  қолиб, отасига суянганим, дейсанми? Ўзига-ўзи сарпо йиғиб, биттасини ҳам киёлмаганим дейсанми? Бола туғиб бир марта бағрига босолмаганим, дейсанми. Ҳаётга тўймай кетганим, дейсанми...Ўрнимга тушган келинни йўқлаб келмасанг керак...”
  Янги келинчак эдим, бир куни ишдан қайтиб бекатга кетаётсам, ёнимдан ўтган икки аёлнинг суҳбати қулоғимга чалинди. “Дўхтир бор-ку, Тошпўлатов, ўшанинг синглисининг эри уйланяпти...” Олисдан эшитилаётган карнай-сурнай овозидан юрагимга титроқ тушди. Масофа анча бўлса ҳам пиёда йўлга тушдим.Одамлар орасига кира олмасдим. Менга ҳаво етишмасди. Опамнинг уйига яқинлашганим сари дўмбира садоси баландроқ эшитилар, бу ҳол ёнаётган юрагимга баттар олов пуркарди.Уйлари яқинидаги катта дарахт панасида уларни кузата бошладим. Дарвоза олдида жўралари билан кулишиб турган поччамни кўриб, дарахтга суяниб қолдим. Қанча турдим, ким мени уйимга олиб кетди, эслолмайман. Кўзимни очсам  Оминахон онам бошимда ўтирарди.
–  Болам, ҳушиздан кетгунча ўша ерда турдингизми?Яхшиям боғча қоровули кўриб, таниб бизга хабар берди. Одам ҳам шунчалик бўладими? Ўлмаган менинг жоним. Бир йилда икки опам оламдан ўтган. Айниқса, Хосият опамнинг ортидан олти боласи қолди. Эгизаклари она сутига ҳам тўймади. Бириси пешонаси шўр экан,турмуш ҳам қилмай ўтди. Ўлганнинг ортидан ўлиб бўладими? Мен беақл эмасман, аммо опамнинг ўрнига тушган кундошини опа, дейман. Яхши гапирмасам, муроса қилмасам жиянларимни қандай кўраман, деб шу ишни тутаман. Жигаридан жудо бўлган битта сизми, қизим?
– Онажон, ҳаммага ошкор қилиб карнай чалдирмаса бўларди-ку, опамнинг хотирасига ҳурмати йўқ экан уларнинг...
–Ахир, чимилдиқ кўрмаган қизни келин қилган одам унинг орзу-ҳаваси учун ҳам дунгу дарос қилади-да. Дадасига куйиб-куйиб опангизнинг ич-бағри тугаган экан. Сиз ҳам бир дард оширманг энди. Эрта тонгда опангизнинг қабрига бориб зиёрат қилинг, дуо қилинг. Совуқ тупроқни кўриб яна совуб қайтасиз,- деди. 
  Ўша куни опам тушимга кирди. Қўлида бир даста райҳон, атлас кўйлак кийиб ясаниб олибди. Ёдгорбекни етаклаб олганмиш: “Ачинма синглим, мен чиройли жойларда яшаяпман. Болам, дадам билан биргамиз. Фақат бир гап айтгани келдим. Сандиғимда мен яхши кўрган гулдон, альбомим бор, шуни ол. Бегоналарга қолмасин”, деди.
  Саҳар уйқудан уйғониб анча ўйланиб ўтирдим. Қайнонамдан рухсат олиб, опамнинг уйига бориб келишга аҳд қилдим. Кўча супураётсам велосипед минган бир нуроний одам келиб ёнимга тўхтади. Кўриб ҳайрон бўлдим, опамнинг қайнотаси эди. Қўлида бир тугунча бор экан. Саломлашгач, секин гап бошлади: “Қизим, кеча Зокиржонни уйладик, тақдир экан, бошқа чорамиз ҳам йўқ эди. Хабарингиз бор, уйдаги сеп-сидирғаларни онангиз, акаларингиз олиб кетмади. Ўзига насиб қилмади кимга керак энди бу матоҳлар, бева-бечораларга беринглар, дейишганди. Кийилмаган янги либосларидан янги келинчакка ҳам бергандик. Фазилатхон қизимнинг руҳи бироз безовта бўлганми, кеча Зокиржоннинг тушига кириб, шу буюмларимга тегманг, деганмиш. Тавба, дедик, эрталаб онаси билан сандиғини очсак, айтганлари бор экан. Уйингиз яқинроқ  деб сизга олиб келдим, қизим.”
  Тугунчани бағримга босганча титраб-қақшаб уйга кирдим. Не кўз билан кўрайки, тугун ичида ўша қизил атир гулли чинни гулдон, альбом, сариқ атлас кўйлак ва опам ўзи тиккан бешик тумори бор экан.
   Ўтган яқинларимизнинг охиратлари обод бўлсин!

  Мунаввара УСМОНОВА - "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.

Манба: "Китоб дунёси" газетаси.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот