Болангизга алла айтинг, оналар!


Болангизга алла айтинг, оналар!

     Куюниб сўзлаётган воқеаларимни ҳаводан олмадим, тўқимадим. Бундай дилоғриқлар ҳар қадамимиз, ҳар дамимизда.
     Аслида ҳар киши, ҳар нарсанинг таржимаи ҳоли бўлганидек, китобхонлигимнинг ҳам хасби ҳоли бор. Бу йўлнинг бошида исмлари Бувихон бўлган, аммо кўпчилик “Чевар хола”, деб атайдиган энам раҳматлининг нурли сиймоси туради.
     Эртак, достон, матал ай­тишга жудаям моҳир, сўзамол, билимдон аёл эди. Онам кунора нон ёпарди. Ҳар гал нон ёпганида биздан бир-икки ҳовли нарида турадиган Махсум домланинг уйига иссиқ нон олиб чиқардик. Юзларидан нур ёғиладиган, кўксига туш­ган оппоқ соқоли ўзига ярашган, меҳрибон нуроний­ни кунда бир марта кўришга орзуманд эдик. У эса ну­қул акамни ёнига ўтқизиб, мулойимлик билан саволга тутар­ди. Бир куни ўша ҳовлига кираётганида акамдан сўрадим:
– Ака, “капалак тахта”нинг устидаги китобни сиз ҳам ўқий­сизми? Роса катта экан-а? Битта варақлаб кўрсам майлими?
– У жуда катта-ку, биз бошқасини ўқиймиз!
– Ака, мен сўрасам кички-и-и-на китоб берадими?
– Нима қиласиз кичкина китобни? Ҳали мактабга бор­ма­ган бўлсангиз? Мактабга боринг-да, кейин ўзим сизга ундан ҳам каттасини олиб бера­ман!
– Ҳозир олиб беринг, “хола-хола”да ҳамма қизларга устоз бўламан!
– Хўп, эртага ўзим китоб, сиёҳ, ручкаям олиб келиб бераман. Ба­ҳо қўйишни ўрганиб олсангиз бўлди, маҳалладаги ҳамма болаларга муаллима бўласиз!
     Остона ёнида тугунча кўтариб турганимизга кўзи тушган устоз очиқ чеҳра билан ёнига чорларди.
— Қани, ўтиринглар-чи! Абдуҳакимнинг тилаб олган қизи бир қўрғон ака-укаларнинг орасида эркаланиб юриб нималарни ўр­ган­япти экан-а? Қизимга мен бир нималар олиб қўйганман, қани яқинроқ келинг-чи, Абдулҳамид, “муаллим ая”нгизни ча­қи­­ринг, ҳовлига чиққанди!
     Акам чиқиб кетгач, шошиб “капалак тахта” (лавҳ)устида очиқ турган катта китобга ишора қилиб:
— Бобо, китобингизни бир ушласам майлими, – дедим.
— Майли, болам, майли, – деди (Бу дуогўй, фозил инсон таниқли шарқшунос олим Маҳмуд Ҳасанийнинг отаси, умрининг сўнггигача одамларни комиллик ва эзгуликка етаклаган, араб, форс ва туркий тилларда асарлар ёзган Махдум Восилий эди).
– Бу табаррук китобни ҳар кимга ҳам ушлатмаймиз. Аммо ёш бола фариштадай бўлади. Мана, яқин келиб кўринг!
    Му­ал­лима ая уйга кирганида, тўрида ўтириб, бемалол китоб варақ­лардим. Кафтларини оғзига қўйиб: “Вой ўлай!” де­ди эшитилар-эшитилмас.
– Майли, онаси, майли. Ҳали ҳарф танимай туриб, китобни бир кўрай, деб мўлтираб турса, йўқ деёлма­дим-да! Гўдаккинанинг кўнгли оғриб қолади, дедим. Яна ўзим исм қўйиб берган чевар опамнинг эрка невараси бўлса. Доим кузатиб турсам, берган ҳолваю туршагингизга қарамай, кўзи токчадаги китобларда бўлади. Келинг, дуо қилайлик, Қуръони каримнинг ёнида уриб турган юракчаси поклик нури билан тўлсин! Икки дунё илмини излайдиганлардан бўлиб, икки дунё саодатини кўрсин!
    Ўша он, ўша лаҳзалардан қалбимга бош­­­­қа олам, бошқа дунё ошиён қурди. У китоб дунёси эди. Ака­­ларимнинг изидан эргашиб, мактабга борганимда ҳали олти ёшга ҳам тўлмагандим. Ўқитувчимиз анча пайтгача мени ўқув­­­­чилар рўйхатига қўшмай юрди. Кейин эса... Кейин синф­даги ҳаммадан ўзиб кетдим. Акаларим бири ўқишни, бири ёзиш­ни, яна бири “ким ошиқча гапирса, қараб ўтирмай, жағи­га мушт тушир”, деб уришни ўргатарди. Орада вақт топиб, қўшни қизалоқларнинг қўғирчоқларига кўйлакча тикишгаям улгурардим. Иккинчи синфда ўқиёт­га­нимда, қўш­ни маҳалладаги янги ҳовлимизга кўчиб ўтдик. Ам­мо ту­ғилиб ўсган уйимиздан насибам узилмаган экан. Фази­лат опам (кат­та амакимнинг қизи) ёлғиз қолгани учун ҳар куни опамга ҳам­роҳ­лик қиладиган бўлдим.
     Эски ҳовлимиздаги бир хонанинг токчалари тўла китоб эди. Ҳаётимга қувонч, ёғду бериб турган эртак китоблар кўплиги учун опамни кўндириб, ўша уйга кўчиб ўтдик. “Чироқни ўчир, мен ухлашим керак”, деганига қарамай, ярим тунгача китоб ўқиш одатимга айланди. Аввалига эртак, кейинроқ “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Шаҳриёр” каби достонларни қайта-қайта мутолаа қилдим. “Калила ва Димна” асарини ўқиган кезларим, масаллар моҳия­тини тушунмай, акам, опамни саволга тутардим. Опамнинг айтишича, “кундан кунга дангаса, ишёқмас, ки­тоб жинниси”га айланиб борардим. Баъзан опам ё онамнинг койишидан безиб, ўқиётган китобим тугамай, ўрнимга киришга мажбур бўлардим. “Бу ёғи нима бўларкин?” деган қизиқиш, иштиёқ исканжасида туни билан кўзимга уйқу келмай, бошимга оғриқ кирарди.
     Катта дадам (катта амакимни шундай атардик) зиёли, кам­­­суқум, меҳридарё инсон эди. Мактабдан бўш пайт­ла­рим­да араб алифбосидан сабоқ олардим. У баъзан “толи­қиб қоласан қизим, кел, танаффус қиламиз”, деб шашка, шах­мат ўйинларини ҳам ўргатарди. Бориб-бориб, ўзига рақиб бўлиб тош сурган пайтларимда: “Айёрлик билан йўл тўсишни кимдан ўргандинг?” дея мени ёлғондан уришиб қўярди. “Уч кунда ёдлаб келасан”, деб берган вазифаларини бир кунда, гоҳида бир зумда ёд олардим-да, китобнинг панасига бадиий ки­тоб қўйиб ўқиб ўтирардим. Шундай кун­ларнинг бирида кутилмаганда дарсхонамизга патнисда овқат кўтарганча опам кириб қолди:
– Дада, манави қизингиз вазифасини ёдлаб ўтирибди, деб ўйлайсизми? Сиз берган китобнинг тагига бошқасини қў­йиб, ўқиб ўтирибди. Айтдим-а, чакаги ўчиб сандалга ёпи­шиб қолди, деб. Қозон-товоққа қарашгин, катта қиз бўлиб қолдинг, десам вазифа қиляпман, деб чап беради. Мана, яхши кўрган қизингизнинг қилган ишини кўриб қўйинг, – деб қўлимдаги ки­тобни олиб кўрсатди. Худди китобни ҳозир ўтга ташлаб юбо­радигандай, опамнинг қўлига тирмашдим.
– Сени ақлли, фаросатли қиз десам, шундай табаррук ка­лом ичига бошқа китоб қўйиб, алланималарни ўқиб ўтир­санг-а, – деди катта дадам кўзойнагини қўлига олиб.
– Вазифамни ёдлаб бўлдим, катта дада. Бировдан олдим бу китобни, тезроқ қайтиб бериш керак, шунга... – дедим йиғидан аранг ўзимни тийиб. Опам яна гапга аралашди:
– Ҳали ўн бешга кирмай туриб, уйдаги ҳар хил китобларнинг борини битта қолдирмай туширди. Эрталабгача муккайиб, чироқни ўчирмай ўқиб чиқади.
    Опамнинг гапларидан юзлари янада тундлашиб кетган амаким менга қараб юзланди:
— Қани, бировдан қандай китоб олдинг, қизим?
     Амаким қўлимдан китобни олиб, варақлаб чиқди-да, оҳистагина, лекин уқдириб гапирди:
— Ёшингга мос келмайдиган катта достонларни ўқиб бўлиб, эн­ди бу китобга ўтганинг яхши эмас. Ўқиётганларинг мазмуни ёшинг­­­га унчалик тўғри келмайди. Кундалигингни кунора тек­шириб турибман. Математикадан “тўрт” баҳо олишингнинг сабабини энди билдим. Каррани ёд биласанми ўзи?
– Ҳм...
– Ҳаётда ниманидир айириб, нимагадир қўшишинг учун ҳисоб-китобинг пухта бўлиши керак. Адабиёт ақл-фароса­тинг­­ни бойитса, математика умр чизиқларини етти ўлчаб бир ке­сиш учун керак. Кейинги чоракда у ҳам “беш” бўлсин, ке­лиш­­дикми?
     Орадан кўп ўтмай менга амаким Нодира, Увайсийнинг куллиётларини олиб келиб тутқазди. Мактабимиз кутубхонасида бадиий китоблар кам эди. Кутубхоначи Фатилахон ая (Худо раҳмат қилсин) бағрикенг, зиё­ли, очиқ чеҳрали аёл эди. Танаффус пайтида ёки эртароқ дарс­­дан бўшаб қолсам, дарров кутубхонага чопардим. Нимқоронғу, қадам ташлаганда эскирган поллари ғичирлаб тура­диган бу пастқам хонанинг мен учун файзи бўлакча эди.
     Қишин-ёзин китоб жавонлари устида барқ уриб ётадиган гулларими ёки кирган ўқувчини кулиб қарши оладиган офтоб юзли инсон борлиги учунми, кўпчилик яхши кўрадиган маскан эди. Менга ўхшаган уч-тўртта кўнгилли дастёр аяга кўмакчи эдик. Косачада ун ва сувни аралаштириб қўлбола елим тайёрлаб, китобларни тез-тез таъмирлаб турардик. Очиғи, вара­ғи­нинг четини буклаб, белги қилиб қўядиган одамларнинг қў­ли­га тушган китобларга раҳмим келарди. Онамнинг чорси тикадиган турли рангдаги тўпча ипларидан сочдай ўриб, китоблар четига тикиб чиқардим.
     Кутубхоначи ая мени жуда яхши кўрарди. “Оқ олтин” туман газетасида шеър ёки кичкина ма­қо­лам чоп этилса ҳам кутубхона ойнасию “Бизнинг фахри­миз” доскасига эринмай ёпиштириб қўярди. Гоҳида “Мана бу китобни ўқиб чиқинг, янги келди”, деб қоларди. “Қўлдан қўлга ўтиб кетса, ҳали буни тополмайсиз”, дея қўлимга бериб, ёнимга егулик қўярди. Бошқа мактаб кутуб­хона­ларидан мен учун ўқимаганларимни сўраб оларди. Ая ўз исмини ёзиб, имзо қўйиб берган варақчани кафтимда тутиб, қим­матбаҳо гавҳар бордек, еру кўкка ишонмай учиб борардим.
     Китоб жавонлари ёнига борганимда, янги асарларни кўриб юрагим қинидан чиққудек қувонардим. Бирини олсам, бири қолади­ган­дай, ялиниб-ёлвориб бир тўп китобни бағримга босиб қай­тардим. Уйда онамга қарашадиган дастёрлар бариси ўғил бо­ла бўлгани учун менинг чекимга талайгина юмушлар тушарди. Билардим, лекин китоб оҳанрабосидан ўзимни тортиб ололмасдим. Ҳар куни нон ёпиб, кир ювиб куймаланадиган заҳматкаш онамга кўмагим зарур эди.
     Қишда қозон-товоқ, тандир-ўчоқ дегандек, баҳор бўйини кўр­сатиши билан мактабдан оммавий далага олиб чиқи­шар­ди. Ипак қурти боқиб, биринчилар қаторида пилла топши­рар­дик. Шундай пайтларда хумори тутганда, фақат ўғринча ки­тоб ўқишга тўғри келарди. Кўпинча кийимлар тахланадиган жа­вон ичига қўйиб китоб ўқиганим учун вақт ўтганини билмай қолар­дим. Онам: “Вой худойим-ей, шунча ўғилнинг орасида бир қиз ўстирсам-у, уям шунчалик дангаса, тепса-тебранмас бў­ла­дими-а? Битта ўзим ярим соатда ювиб қуритган кир­ла­римни ярим кун тахлаганига куяман-да”, деб ёзғириб ҳам қолар­ди.
     Битирувчи синфда ўқиб юрган пайтимиз эди. Мухтасар исмли яқин дугонам китоб олиб келди. Талаба опасиники экан. “Опам мазаси бўлмай, ўқишдан бир ҳафтага рухсат олиб келган. Агар уч кунда ўқиб берсанг, таш­лаб кетаман”, деди китобни кўз-кўзлаб. Дугонамнинг дадаси она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлгани учун улар­нинг уйида китоб кўп эди. “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Граф Монте Кристо”, “Олтин зангламас”, “Муқаддас” сингари китобларни ҳам дугонамдан олиб ўқиганман. Таърифини эшитиб, тополмай юрган кезларим, унинг қўлидаги китобга кўзим тушиб, суюниб кетдим. Албатта, айтган куни ўқиб қайтаришга ваъда бердим. Кундузи ўқишга вақт қайда, дейсиз. Тунда ҳамма ухлаб қолгандан кейин айвон эшиги тирқишидан тушиб турган ёруғликка китобни қўйиб, тик туриб ўқишга тушдим. Билмадим, қанча вақт шу ҳолатда ўқиганман, ёнимга келган онамни кўрмай қолибман...
     Эрталаб бир кунни бой берганимдан кўнглим ғашланиб мактабга бордим. Охирги партада ўтирадиган бир синфдошим билан ўрнимни алишиб, китоб ўқишга тушдим. Физика дарси эди. Ўқитувчимиз Мирзамаҳмуд Холматов адабиётга кўнгли ошуфта инсон эди. Ҳар бир гапини қофияли қилиб гапирар, ҳар дарсда Навоий, Бобурдан ғазал ўқиб ҳаммамизни лол қолдирарди. Хуллас, ўша куни ўқитувчим рўпарамга келиб қолганини, томоқ қириб, хабар берган дугоналаримни ҳам сезмай қолибман.
– Ие, қаранглар, ўқувчилар! Мунаввархон Тошпўлатованинг китоби ғаройиб экан. Икки қаватли китоб ёки иккиқат китоб!
     Синфда кулги кўтарилди. Уялиб, алам қилганидан йиғлаб юбордим. Лекин на муаллимимнинг ҳазил аралаш қилган иззаси, на синфдошларимнинг кулгиси мутолаага бўлган иштиёқимга соя сола олмади.
     Ўша куни тунда китобни ўқиб тугатишга ўзимга ваъда бердим. Ҳайҳотдек ҳовли этагидаги анорзорнинг ўртасига эски кўрпача тўшаб жой ҳозирладим. (Аслида қоронғуликдан жуда қўрқардим). Ҳамма ухлаб бўлганига ишонч ҳосил қилиб, анорзордаги “дарсхонам”да шам ёқиб, китоб ўқий бошладим. Китобнинг ишқида қўрқувни ҳам унутибман. Фақат онам кўриб қолиб: “Бунақа ўқишингда кўзингдан айрилиб, шабкўр бўб қоласан”, деб койишидан қўрқардим, холос. Бир пайт шит-шит қадам товушидан чўчиб, атрофга қарадим. Мол-қўйга ўт солиб юрган онамга кўзим тушди. Аллақачон шам ёниб тугаб бўлган, тонг отган, онаизорим киртайиб қолган кўзим, жунжикибгина ўтирган ўзимга раҳми келдими, индамади. Атиги етти варақ қолган китобни шошиб ёпиб, ўрнимдан туриб, эрталабки юмушларда онамга қарашгани шошдим.
     Тақдир, қисмат келинлик насиб қилганда яхши кўрган китобларимни сарполарим орасига яшириб жойладим. Дарс пайтида “иккиқават” китоб билан тутиб олган ўқитувчимнинг рўпара қўшнисига келин бўлдим. Қайнотам раҳматли китобхонликнинг қадрини биладиган оқил инсон эди. Касалланиб, тўшакда ётиб қолган устозимдан ҳол сўраб кирганида, дадамнинг қўлига китоб тутибди:
– Назиржон, келинингиз китобни жонидан ортиқ яхши кўрадиган ўқувчи бўлган. Бу яхши амали орқасидан кўп дакки еган, бояқиш. Кимгадир бир сатр ўқитолмай ўтдик, кимдир ўқиса, эрмак қилиб, кўзининг ёшини тўкдик. Менга мана шу китобни жуда улуғ инсон совға қилган эди. Буни мен Мунаввархонга туҳфа қилмоқчиман. Уйимдаги китоб жавонимда китобларим жуда кўп. Аянгизга, болаларга тайинлаб қўяман. Мендан кейин ҳам ҳамиша эшигим очиқ, хоҳлаганини танлаб олсин, ўқисин, ўқитсин, илми орқасидан қадр топади, иншааллоҳ.
     Мен устозим туҳфа қилган чарм жилдли “Ўзбек шоиралари” китобини, Умар Хайём, Яссавий ҳикматларини қўлимга олгач, кўзларимга ёш келди.
     Бу — болалигимнинг ширин ёди. Ўша даврнинг кўп болалари китобга дўст бўлган. Заҳмат ичида ўсиб-улғайсак ҳам мутолаадан узилмаганмиз. Газета, журналлар келган кун уйимиз адабиёт куни бўларди. Сигир боққани кетаётган акаларимнинг чит матодан тикилган жилдхалтасида бир бурда нон, албатта, битта бадиий китоб бўларди. Энди ўйласам, бу китоблар бизни маънавий қашшоқликдан, жаҳолатдан асраб қолган, пўлатдан ҳам мустаҳкамроқ қалқон бўлган экан.
     Юрагимизга китобнинг яхши қаҳрамонларига ўхшашдек буюк орзулар, мақсадларни солган ва бу йўлда куч берган йўлбошловчи бўлган экан. Қалбимизда соғинч, севинч туйғуларини уйғотган олам ичидаги яна бир сеҳрли олам бўлган эканки, бизнинг авлод ўз фикрига эга, фикрини ҳимоя қила оладиган, керак бўлса, курашга киришга юраксинадиган инсонлар бўлиб улғайдик, ҳаммамиз бўлмаса-да, аксарият тенгдошларимиз ҳақида шу фикрни айта оламан.
     Бувиларимиз, оналаримизни кузатганимиз кўзларимиз, кўнгилларимизда қолгани ҳам биз учун яна бир тарбия воситаси эди.
     Онам укаларимга алла айтганида кўпинча кўзида ёш кўрардим. Бу қўшиқ бошқа қишлоқдан келин бўлиб тушган онамнинг дарду соғинчи, нолалари экан, билсам.

Осмондаги уч ўрдак,
Учаласи ҳам бирдак,
Худойимга минг шукур
Бола берди бир этак.
Онамни соғиндим, қўзим-ов, алла,
Отамга ўхшаган, қора кўзим-ов, алла.

     Ўша аллаларда сеҳр бор эди. Қалбларда мудраб бораётган туйғуларни уйғотарди бу оҳанглар. Бешикдаги бек бола эса онасининг нафасини ҳис этиб хотиржам ухлар эди. Ҳозир-чи... Бир куни биғиллаб йиғлаётган уч ёшли набирамнинг қўлига онаси телефон тутди. Бола тинчиб қолди. Савол назари билан қараганимни кўриб:
– Маша-Медведни кўриб ухлаб қолади-да, деди. Баъзи ёш оналар: “Болам ўзи интернетдан мультик топиб кўради”, деб қувонади. “Доооод” дегинг келади ўша пайтда. Ахир “ютуб” деган бало ўз домига ютаётганини наҳот билмасак? Гўдак ўзи яхши кўриб томоша қиладиган “мультик” топилгунча, қанча томошалар тасмаси кўз олдидан ўтади. Яримяланғоч раққосалар, тиғидан қон томчилаётган қотиллар, онасини ураётган ўғил, юзига парда тортиб жазавага тушиб ўйнаётган қизлар... Ҳозирча, гўдак ёшида уларга ақли етмас, қидирганига қараб кетар, аммо эртага нима бўлади? Ўсмир ёшга кирганда пана жой ахтариб ҳам беғубор дунёсини ағдар-тўнтар қилиб юборадиган томошаларга дили кетмайди, тақлид қилмайди, деб ким айтади.
     Бир танишим келин туширди. Ҳавасга арзирли хонадон эди. Келинчак ҳам сарвдек гўзал. Орадан уч ой ўтиб ёшлар ажрашди. Нима эмиш, тўйдан аввал суйган йигити бўлган экан. Қизнинг ота-онаси қайнона бўлмишга: “Қўлига телефон берманглар, керак бўлса сизга боғланиб топиб оламиз”, деб тайинлагани учун шундай йўл тутишган. Аммо тунда эрининг телефонини олиб гаплашиб ўтирган келинчак “қўлга тушди”... Хуллас, бир ёш оила барбод бўлди.
     “Саодат”га келган бир дардли мактубда бундай сўзлар бор:
     “Уч боламни бир кўз билан боқдим. Болалигимда шўхлик қилиб йиқилиб бир кўзимга чўп кирган. Шикастланган кўзим ожиз бўлиб қолган. Ёшим ўтиб қолганда қўшни маҳалламизда маҳкумликда узоқ йил ўтирган йигитга узатишди. Бир амаллаб ҳаёт қилдик. Бирин-сирин ўғил-қизларим туғилди. Тўнғичим мучал ёшига етмай касалманд отаси оламдан ўтди. Қўлида касби, илми йўқ мендек онага жуда қийин бўлди. Ўғлим ўсмир ёшидан мардикорлик қилиб, лой тепиб, ғишт қуйиб ёнимга кирди. Улғайди, усталиги орқасидан нони бутун бўлиб оила қурди. Ўтган куни бир маъракадан келсам, келиним онаси билан телефонда сўзлашаётган экан. Халал бермай, деб оёқ учида юриб ортга қайтай деганда қулоғимга гапи илинди: “Ойи, сиз қайнонамни билмайсиз. Укасини уйлаб, синглисини узатиш керак, деб эрим ишлаб топган пулни қириб олади. Вой, кўр деганиз билан унинг кўзи биттамас, тўртта. Орқасидаям кўзи бор савилнинг. Ану куни ошган овқатни беркитиб челакка ташлаётсам, кўриб қолиб бобиллаб кетди, денг. Қаттадир одамлар очмиш, нон йўқ, ош йўқ, ўлаётганмиш. Ўғлининг топганини исроф қилмай, овқатни одам бошига расамадлаб қилармишман”. Ёзай десам, гап кўп, китоб бўлади. Келинни ҳайдасам, икки бола етим, оила тўзғийди. Эшитмаганга солиб юраверай десам, эшитганларим юрагимдан суягимга ҳам ўтиб, оғриқ беряпти, нима қилай?!”.
     Нима қилсин, нима қилинг, деб йўл кўрсатайлик. Қудани кўр, деб ҳақорат қилган аёлнинг тарбиясини олган қизнинг болалари ким бўлиб улғаяди? Улар отаси, бувисини иззатлайдими? Яна шу телефон деганларига тош отгим келади-да. Шу матоҳнинг яхши томонлари ҳам бор, албатта. Бемордан ҳол сўрагани, олисни яқин қилгани, ишдаги ота-она боласидан хабардор бўлиб тургани, дунё хабарларини бир зум келгани, излаган китобинг топилиши... Аммо ҳар куни узатилган қизидан нима овқат пиширдинг, нонуштада нима единг, деб сўраб турадиган оналарни ҳам кўрдик. Биз ёш маҳалимиз ўн беш, йигирма кунда ота уйига борардик. Онам ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин оғзимизни гапга чоғласак, “Бўлди, тушган жойингдан бошқа гап айтма”, деб гапимизни бўларди. Авваллари маҳалла-кўй, яқин қариндошда маросим бўлса, хонадон эгаси остона ҳатлаб келиб тўйга айтарди. Одамнинг юзи иссиқ-да, мункиллаб қолган нуроний ҳам уялганидан тўйга борарди. Кейинроқ бу вазифани адо этиш таклифнома деган бир парча қоғознинг зиммасига тушди. Ҳозир эса, даврингдан айланай, сим қоқиб “тўйгааа”, дейдиган бўлишган. Ёки бунга ҳам эринадиганлар битта SMS ёзиб, телеграмдан тарқатиб юборади.
     Бир онахон суҳбат пайти ёзғириб қолди. “Тавба, тўрт ўғлимни тўрт томонга уй-жойли қилиб чиқарганмиз. Ақли тиниб, ҳар жума куни мени йўқлаб келишадиган бўлган, шукур. Аммо шу телпон ўлгур кундошим-да. Келиб дуо қилингандан кейин ёнбошига ёстиқ тирашиб, қўлидаги матоҳни титишга тушиб кетишади, оғзиларига қараб мунғайиб ўтиравераман. Ану куни катта ўғлим кўзи тилпонда. пиёлага қуйилган чойни ичиш ўрнига бир пиёла мураббони симирди. Кейин “Қанд касалим бор-ку, шу қиёмни ёнимга ким қўйди”, деб ўдағайлаб хафа бўлиб кетди. Ўт тушсин шу савилга, онани болага, болани онага зор қилди”, дейди онаизор.
     Рости ҳам шу. Авваллари икки ёшга кирган боланинг тили бийрон бўларди. Ҳозир тўрт-беш ёшда ҳам айрим болалар чала-ярим гапиришади. Нима деяётганини тушунмайсиз. Онаси хурсанд ҳам бўлади: “Болам телефонда русча мультикларни кўради-да, шунга тили аралаш бўлди”.
     Йўқ, аралаш бўлмасин. Ўзимизнинг боламиз бўлсин. Миллат чироғини ёқадиган, соф ўзбаки сўзи, кўзи бўлсин. Тил билсин, юрт кезсин, аммо юраги ўзбекча урсин. Тилаги ўзбекча бўлсин. Ўша дунёларнинг ҳар бурчидан келаётган ноқис хабарларни кўргунча, Имом Бухорийнинг онаси ҳақидаги битикларни ўқисин. Ибн Сино табобатию Авлонийнинг сабоқларини изласин.
     Куюниб сўзлаётган воқеаларимни ҳаводан олмадим, тўқимадим. Бундай дилоғриқлар ҳар қадамимиз, ҳар дамимизда. Телефон титкилаб ўтириб, бир номаъқул ўйинга ишқибоз бўлган йигит ота ҳовлисини сотибди. Уч боласи билан ижарама-ижара юрган она кўча супуриб ҳалол ризқ топаётган экан: “Отасидан мерос бўлган, қулоғимдаги зирагимга харидор топиб келган ўғлимнинг кўзида надомат кўрмадим. Юмшоқ гапирдим, инсофга чақирдим, мен бу азобларга бошқа бардош бермайман, дедим. У... у эса “ўғилболачиликда бўлади-да”, деди бир туки қилт этмади. Кўзлари сополга ўхшаб қотиб қолгандек кўринди менга...”.
     Замонга айб қўйдик, ўзимиз ҳам оппоқ эмасмиз. Боламнинг бешигини тебратиб ўтириб қўшиқ айтаётганимни эшитган қайнонамнинг айтган гапи ҳали қулоғим остида жаранглайди. “Қизим, карвон кўрдим, туялари бўзлаб борар, деб бола ухлатасизми? Ёрим йиғлаб борар, деб боланинг бетини қотирасизми? Бу нима қилиқ. Алла денг, алла десангиз, болангизнинг юраги қудратли сўзларингиздан бақувват тортади. Алла айтсангиз, бешик бошида йиғлаб, бешик бошида юпанасиз. Кўчада кўрганга дард айтиб кўнгил бўшатмайсиз. Онасининг кўз ёшини артишга шошадиган бола улғайтиринг. Кейин афсус қилмайсиз”, деганди.
     Эски телефон аппаратини “вай-фай”га улаб, гўдакнинг қўлига беряпмиз. Тинчиса бўлди, тин олса бўлди, деяпмиз. Болаликда “офтобпишди” ўйинини ўйнардик. Қумдан уй қурардик. Бир шамол турса, ёмғир ёғса, вайрон бўлишини билсак ҳам унга қараб қувонардик. Бир жиззаки бола пайдо бўлиб, уйимизни тепиб, янчиб кетса, катта фожиадек дугоналар билан биргалашиб йиғлардик. Достон тинглаб, эртак эшитиб улғаймаётган болаларнинг қалбига яратиш, бунёдкорлик ишқини қандай соламиз? Ўз ота уйини қиморга бой бераётганлар, онасига қўл кўтариб, гўдагини чиқинди қутисига ташлаётганлар қаердан пайдо бўляпти? Ботир бўлишни, дев, ялмоғизлар тимсолидаги жаҳолатга қарши туриш кераклигини қачон, қандай ўргатамиз? Дилбандларимиз меҳрсиз, жиззаки, жоҳил бўлмаслиги учун бағрингизга маҳкам босиб алла айтинг, оналар! БОЛАНГИЗГА АЛЛА АЙТИНГ!..

Мунаввара УСМОНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот