Қадрингни билганни сен ҳам қадр қил...
Устозим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Саодат» журнали Бош муҳаррири, шоира - Мунаввара Усмонова билан.
Мана шу сурат таваллуд топган кунимдан эсдалик. Менга «Саодат» жамоаси совғалар беришиб, туғилган кунимни байрамга айлантирганча, қувонтиришди.
Асосийси, совға эмас, эътибор, эътироф ва эҳтиром кўрсатишларида. Бунда, албатта, бошлиқнинг ҳиссаси катта бўлади. Ҳамма ташкилотда ҳам ходимларнинг туғилган куни совға бериб, байрам дастурхони ёзмайди ё ақалли бир оғиз табриклаб қўйишни лозим топишмайдиган раҳбарлар ҳам бор. Аммо бу йил ҳам «Саодат» журнали, ҳам «Адолат» партиясида табриклашди. Қолаверса, СИЗ азиз дўстларимнинг ижтимоий тармоқлар орқали билдирган, айримларингиз қўнғироқ қилиб, яқин инсонларим хонадонимга қадам ранжида этиб, табриклаганингидан чексиз қувондим! Бунинг учун барчангизга бошим ерга теккунча таъзимдаман! Инсон кимларгадир керак эканлигини ҳис қилиб яшаши ҳам улкан БАХТ!!!
Мунаввара опа йиллар давомида ўз туғишган опамдек бўлиб қолган. Жуда бамаъни, меҳрибон, оқила ва саховатли аёл!
Дастлаб, «Саодат» журналига ишга таклиф қилишганда, бироз иккиланганман. Чунки, мен эркин муҳитни, раҳбар ходимига яхши муомалада бўлишини истайман. Айтганим айтган, деганим деган, қабилида ўз ҳукмини ўтказишга уринадиган бошлиқлар билан келишиб ишлашим қийин. Аммо Мунаввара опани кўп йиллардан буён билсам-да, Андижон вилоят Марҳамат туманида ҳоким ўринбосари ва бошқа ташкилотларда раҳбар лавозимларда ишлагани туфайли, қўл остидаги ходимларга нисбатан қаттиққўл бўлса-чи, яхши муносабатимизга путур етиб қолмасмикан, деган саволлар ўйлантиргани рост.
Аммо йиллар давомида ходимларни таваллуд кунлари борми, байрам борми, табриклаб, керак бўлса ўз ёнидан ҳам моддий ёрдам берганларига гувоҳ бўлдим.
Шахсан ўзим ҳам коронавирус авж олиб, вақтинча ишсиз қолган кезларимиз ҳам ходимларга, шу жумладан менга ҳам кўп кўмак берган. Яна у кишининг бир жиҳати борки, қилган саховатини кўз-кўз қилишни, ошкор этишни истамайди, миннат қилмайди. Шу жиҳатига беш кетаман!
«Саодат» журналида Қўчқор Норқобил, Чори Латиповдек устоз журналистлар ҳам ишлаб, ижод қилишган. Демоқчи бўлганим, «Саодат» аёллар журнали бўлгани би-лан, журналда фақат аёллар эмас, эркаклар ҳам ишлашади.
«Адолат» СДП Марказий аппаратига ишга таклиф қилиб қолишди. Уйимга яқин ишхона. Қолаверса, у ерда Устозларим - Абдуқаюм Йўлдошев ва Ислом Ҳамро ҳам ишлашгани учун ишга кириш истаги кучайди, аммо «Саодат»нинг саодатли манзилини тарк этгим ҳам йўқ эди. Ўшанда Мунаввара опанинг яна бир мардлигига беш кетганман!
- Сиз партиянинг марказий аппаратига ишга ўтишингиз мен учун қувонарли, лекин бўшашингиз шарт эмас! Ўриндош сифатида шартнома асосида ишлайверинг, - дея мени аризамни қабул қилмаганида, тўғриси, қаттиқ таъсирланганман.
Шайх Саъдий ёзганидек:
Қадрингни билганни сен ҳам қадр қил,
Қадрингни билганга арзир бўлсанг қул!
Қадрингни билмаган билан юргандан кўра -
Ит ё эшак билан юрганинг маъқул!
Биринчи фарзандим дунёга келганида, раҳматли Падари Бузрукворимга исм қўйиб беришларини сўраганман. Маъруф деб исм қўйдик. Иккинчи фарзандимга раҳматли Волидаи муҳтарамимнинг отасининг исмини қўйганмиз. Мирзомуҳаммад.
Кенжа, учинчи ўғлим туғилганда, Ота-Онам бу оламни тарк этишганди...
Шунда, туғишганимдек бўлиб қолган Мунаввара опамдан исм қўйиб беришини сўраганман. Мунаввара опам кенжамга Муҳаммадумар деб, чиройли исмни ҳам топиб берган.
Бу гапларни ошкора айтсам, Мунавва ра опам камтарлиги сабаб ёритишимга изн бермасди, аммо айтмасам бўлмасди.
Рамазон кунларида Мунаввара опамнинг денгиздан бир томчи хислатларини баён қилдим, холос.
Устоз, умрингиз зиёда, мартабангиз янада юксак бўлсин! СИЗ билан фахрланаман!
Борингизга шукур!
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР