Табассум улашгум фақат


* * *
Балки олиб борар  бу йўллар, шаксиз,
Энг гўзал,
Энг ёруғ кунларга ҳали.
Жонимиз ўйнайди бир ширин ҳаво –
Қолгани яшашга арзимайдими?
Юракка ғам тушди,
Фалак тушмади,
Ёндик оғриқ билан ўчолмаймизми?
Одам деса келар фақат бир гуноҳ,
Бари гуноҳлардан кечолмаймизми?
Қуёшга суяниб тонгдан шом қадар,
Гуллардек тирилиб ўлолмаймизми?
Дўзахни билмаган қушлардек учиб,
Жаннат фуқароси бўлолмаймизми?
Ким йўқотган билар, ким топган билар,
Қайда қолди қиймат,
Қаерда қадр?
Виждон бор,
аммо у латта остида
Кўксимиз ғижимлаб ўтар бир умр.
Шунча майдамизми ё пастлик катта,
Тобакай комига тортар чексиз ғам?
Биздан совиб кетди бутун тириклик
Шодлик оз, қайғу кўп, севги жуда кам!
Мутемиз, тобемиз, қулмиз, маҳкуммиз,
Ишқдан бошқа ҳамма нарсага эга.
Нурдек териб кетар барибир ўлим,
Нимамиз,
... Ва лек, ҳеч киммиз дунёда!
Ўлганга ачинманг, тирикка қийин,
Ҳисобсиз кўзёши, ташвиш, хаёли.
Ортда эснаб турган шу бир осийлик,
Иккинчи ҳаёт бор олдинда ҳали!
* * *
Вақтим йўқ ҳеч дунё ташлашмоқ учун,
Нафрат учун,
Ҳатто шуҳрат учун ҳам!
Ҳаётнинг энг сўнгги лаҳзаси каби
Яшайман, севаман, ўламан тамом!
Ҳар кун ўтиб борар ёнимдан шошиб,
Вақт ҳам, мангулик ҳам, ғам ҳам, ташвиш ҳам.
Ҳар нафас қуёшга қарайман тўйиб,
Бу қачон тугашин биламан, қайдам!
Ўтмиш ҳам кетади мен билан бирга,
Бу нурлардан қанча олишим мумкин?
Қандай тушунтирай,
Имконсиз асло,
Қўлга ушлаб  бўлмас қувончни бутун!
Мен – ҳисман,
Тош отманг – синаман чил-чил,
Бу бойликка тушмас ҳеч битта ўғри.
Умрим узоқ эмас, лек, ҳамма йўллар
Менинг юрагимга боради тўғри.
Шу юрак, ҳайратни ва далаларни,
Гулларни бераман босганча титроқ.
Тирикман,
Табассум улашгум фақат,
Менга кулгу сотинг оламан кўпроқ.
Биламан,
бу олам нотенг яралган,
Адолатдан эмас, йўқ, нари борса,
Ҳамманинг ортида абадий тенглик
Худо бор!
... Ва яна бошқа ҳеч нарса!

Адиба УМИРОВА
2024 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот