ТО ЎЛГУНЧА СЕВИШИМИЗ ШАРТ
Адиба УМИРОВА
ТО ЎЛГУНЧА СЕВИШИМИЗ ШАРТ
Яшаш керак, яшаш Азизим,
То ўлгунча севишимиз шарт.
Тугаб борар умримиз, ахир,
Очилмаган гулдек бемаврид.
Ҳаёт тугар қайғулар билан
Қўрқоқликнинг нолишларида.
Афсуслардан севги ҳам тугар
Бахтсизликнинг кўз ёшларида.
Айт, йиғидан ширин нима бор,
Тўйиб йиғла енгил тортарсан.
Энди гуллаётган ёшингда
Қуриб қолсанг кейин нетарсан?
Осмон олис, юлдузлар олис,
Юлдузни қўй, мен сенга безак.
Гар биз бирга бўлолмасак ҳам
Меникисан, меники бешак!
Тегирмонлар айланар тинмай,
Бу йўллардан ўтар кўп йўллар.
Биздан сўнг ҳам бутунлик истаб
Яна қайтиб бошқалар келар.
Кўксим узра безовта қилар
Яшалмаган кўнглимиз бунча.
Кетмоқ учун ҳали йўл узоқ
Дунёдан то қиёматгача!..