Соғинч боғидаги ўрик гуллари...


Соғинч боғидаги ўрик гуллари...

Айни куз авжида сени соғиндим,
Устимдан хазонлар кулган чоғида.
Нима қолди экан,
Нимадир қолди,
Ўриклар гуллаган соғинч боғида?

Тонгнинг тиззасига қўйиб бошимни,
Умрим ўтказибман мен ожиз банда.
Жон берган майсадай сескандим ногоҳ,
Кўзингни ёмғирлар айтиб берганда.

Мендан аразлаган қуёш ҳам, ой ҳам,
Кунларим сочилиб ётар бетартиб.
Ҳаёт гирдобига тушаман ҳар кун,
Гарчи мен ёдингга тушмайман қайтиб.

Чорлаб турганида илоҳий сафар,
Негадир, мен сенга жуда ичикдим.
Чиқолмай кун ва тун қўрғонларидан,
Балки хато қилдим, 
Балки кечикдим.

Айни куз авжида сени соғиндим,
Юрак кулин титар мезон еллари.
Ёдимга тушади,
Тўкилиб майин,
Соғинч боғидаги ўрик гуллари...
***
Нечун кўзларимни боғлагансан тун,
Нега шивирлайсан, ишқ андуҳидан.
Мен қайта тирилмоқ истайман ахир,
Юлдузлар сузганда осмон руҳида.

Қадим харобалар остида қолган,
Жом янглиғ жимликка тўлгандим бадар.
Мени олиб кетди қушлар чуғури–
Куйлашни ўргатмоқ учун бир саҳар.

Мавж уриб юксаклик изтиробида–
Саҳро кўзгусида бўлдим намоён.
Куйласам қушману, йиғласам одам,
Кимлигим билмайман ўшандан буён.

Менинг қароргоҳим эмасмиди тонг,
Саломга келганда ҳар гиёҳ, ҳар хас.
Шабнам инжуларин териб мен учун,
Шаббода кўксимга урганда нафас.

Сендан озод қилдим, кўзларимни тун,
Паришон чайқалган ойнинг нурида.
Ҳайратзор кўнглимни эркалаб дейман:
Юлдузлар сузмоқда осмон руҳида.
***
Бошингни юракнинг қибласига қўй,
Райҳон нафасига чайиб вужудинг.
Пок бўлсин,  
Пок бўлсин, нурлар каби пок,
Пайғамбар тушидек яшил сужудинг.

Булоқларнинг шаффоф хаёлини ол,
Қайғуни кулдиргин, 
Бахтни йиғлатмай.
Кўзингни кенгликка садақа қилгин,
Дўсту душманингга...
Ҳеч кимга айтмай.

Гўдак ҳиди келган майсага бориб, 
Мовий саболарнинг ишқин кийдиргин.
Ташна дарахтларнинг тасаввурини
Само орзулари ила тўйдиргин...

Ошиқ бўл, мусаффо борлиқ қўйнида
Кўксингга нурларнинг шавқи ботганда.
Айниқса, муаззин-тонгнинг қушлари
Худонинг “кўнглини” ўқиётганда...
***
Нечун бу тонг дилда хазон жилмайди,
Булутни йиғлатиб, осмон жилмайди?
Дилимда чиғаноқ қўйган эди ишқ,
Чиғаноқни очиб, уммон жилмайди.
Вақтнинг кокилини тараган шамол,
Тароғини олиб, армон жилмайди.
Бахтнинг кўйлагида ашк юкин кўриб,
Дор тагидан қочган гумон жилмайди.
Кўксимга доғ қўйган эди нишон деб,
Нишонни тополмай камон жилмайди.
Дардимни дардига сўйлайин десам,
Во ажаб, қонимда ризвон жилмайди.
Бу тонгда ҳажрингни тўйиб ҳидласам,
Вужудда жон деган жонон жилмайди.
Нечун бу тонг дилда хазон жилмайди...
***
Ҳар лаҳза нафасинг сўзимга келди,
Баҳорнинг қарғиши кузимга келди.
Хазонни эркалаб юпатган эдим,
Ёраб, унинг ранги юзимга келди.

Кимга аччиқ айтдим, кимни йиғлатдим,
Бугун ўша аччиқ тузимга келди.
Гоҳ дилни яширдим гуноҳ ичига,
Ювиб бўлмас доғлар изимга келди.

Чорласанг боришга тайёр эдим мен,
Ҳақ, сенинг жимлигинг розимга келди.
Оёғинг остида синдим ва синдим,
Кўнглим синиқлари кўзимга келди,
Ҳар лаҳза нафасинг сўзимга келди.
***
Оппоқ хайригуллар хайр қилдилар,
Ҳар куним савдои дайр қилдилар,
Кўнглимда Мажнунлар сайр қилдилар.
Нажоткорим, соянг кўзимга тушди,
Ўзимдан ажралган ўзимга тушди.

Қонимда суғордим чанқаган ғамни,
Шафақ куйди очсам дилда ярамни,
Нишонласам ҳижрон деган байрамни.
Нажоткорим, соянг кўзимга тушди,
Ўзимдан ажралган ўзимга тушди.

Нигоҳим қаърига гул экди осмон,
Умрим синиқларин сочдим ҳар томон,
Сенинг исмингмиди бўғзимдаги жон?!
Нажоткорим, соянг кўзимга тушди,
Ўзимдан ажралган ўзимга тушди.

Йиғлаган қуёшни йиғлаб овутдим,
Ёлғончи дунёдан қалбни совутдим,
Айт, кимни унутдим, кимни унутдим?!
Нажоткорим, соянг кўзимга тушди,
Ўзимдан ажралган ўзимга тушди.

Гўзаллашди юрак ичиндаги доғ,
Ишқинг сурасидан лола унган чоғ,
Суюнаман, суйгим − минг битта ямоқ.
Эгам, бу тонг соянг кўзимга тушди,
Ўзимдан ажралган ўзимга тушди.
***
Эй, дўст, дидинг яқин ғаним дидига,
Неча бор талатдинг иғво итига.
Жуда ҳам беҳузур бўляпти кўнглим,
Сендан анқиётган ҳасад ҳидига.

Ҳалима АҲМАД










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот